» » Фориш туманида фото-электр (қуёш) станцияси ўрнатилди

Фориш туманида фото-электр (қуёш) станцияси ўрнатилди

19 сентябрь 2019 г 1 848 Комментарии: 0

Фориш туманида «LAZZAT KAFOLAT» узумчилик фермер хўжалигига қарашли узумчилик плантациясида сув чиқариб берувчи чуқурлик насосини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Офтоб нур» компанияси мутахассислари томонидан фото-электр (қуёш) станцияси ўрнатилди.

Қуёш нури эвазига ишлаб чиқарилган электр энергияси ёрдамида чуқурлик насоси сув чиқариб бериб, экинларни доимий сув билан таъминланмода.

Шу муносабат билан «LAZZAT KAFOLAT» узумчилик фермер хўжалиги даласида «Қуёш энергияси ёрдамида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш усулларининг афзалликлари» мавзусида кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарга барча туманлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаш раислари, фермер хўжаликлари раислари ҳамда томорқа ер эгалари таклиф этилди.

Семинарни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши таъминот бўлими бошлиғи Нўмонжон Раҳимов кириш сўзи билан очди.

Семинарда «Офтоб нур» корхонаси раҳбари Шохрух Нарзиқулов «Қуёш энергияси ёрдамида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш ускуналарининг афзалликлари» мавзусида маъруза қилди.

- Биз ўрнатган фотоэлектр станцияси 10 квт электр энергияси ишлаб чиқариб, 7,5 квтли чуқурлик насосида 89 мм.ли трубада соатига 40 тонна сув чиқариб беради, - дейди «Офтоб нур» корхонаси раҳбари Шоҳрух Нарзиқулов. Нархи 78 миллион сўм бўлиб, ишлаш муддати 25 йилга мўлжалланган. Шамол ва ёғингарчилик унга таъсир этмайди.

Корхонамиз бугунги кунда аҳоли ҳамда юридик шахслар учун фотоэлектр станцияси ишлаб чиқармоқда.

Семинарда «LAZZAT KAFOLAT» узумчилик фермер хўжалиги раҳбари Раҳмат Нарзиев қуёш энергияси ёрдамида суғориш тизимидан фойдаланиш тажрибаси хусусида сўз юритди.

- 1 километр масофага электр таянчлар ва сим орқали тармоқ тортиб келишга 300 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфладим - , дейди «LAZZAT KAFOLAT» фермер хўжалиги раиси Раҳмат Нарзиев. – Бунга ҳар ойда сарфланадиган электр энергияси нархини қўшганда ишлаб чиқараётган маҳсулотингиз қанчага тушишини ҳисоблаб кўраверинг. «Офтоб нур» корхонаси ишлаб чиқараётган фотоэлектр станциялари ҳақида эшитиб, уларга мурожаат қилгандим. Ўзлари келиб ўрнатиб беришди. Оддийлиги, қулайлиги ва камхаржлиги билан бизни мамнун этди. Кўриб турганингиздек янги экилган токзорларимизни шу усулда суғоряпмиз. Эндиги вазифамиз томчилатиб суғориш усулини жорий этиш.

- Мен семинарга Ғаллаорол туманидан ташриф буюрдим, дейди «Шодмонбек» фермер хўжалиги раиси Ортиқбой Шодмонқулов. Фермер хўжалиги ғаллачилик ва чорвачилик билан шуғулланади. 4,5 гектар ерда боғ яратмоқчимиз. Бу усул лалми майдонларда деҳқончилик қилаётган фермерлар учун қулай ва фойдали экан. Шу боис биз ҳам янги ташкил этиладиган боғимизни шу усулда суғоришга аҳд қилдик.

Семинар ниҳоясида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мурожаат этишиб, тегишли жавоб олдилар.

Фориш тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!