» » Янгиободлик  “Хамса”ни ёд билган онахон

Янгиободлик  “Хамса”ни ёд билган онахон

20 сентябрь 2019 г 1 428 Комментарии: 0

Сўраб-сўраб Маккани топибди деганларидек, Янгиобод тумани Сармич қишлоғидаги Мамлакат аянинг файзли ҳовлисига деярли адашмай кириб бордик.

Бу ерликларнинг қайсисини олманг, сўз устаси, булбул бўлиб сайрайди, пайравни узмай гапиради. Актамқул Эшонқулов, Равшан Шодиев, Тоҳир Латипов, Аҳмаджон Мансуров сингари устоз педагоглар Мамлакатхонни онасига тортган маталчи шоир, тили бурро нотиқ ва сўзга чечан, ўқимаган китоби, билмаган ғазали ёки шеъри қолмаган адабиёт шинавандаси деб таъриф беришарди.

Мамлакатхоннинг қўшни қишлоқлик ўқитувчи Наимқул Олимжоновга тушганию етти нафар фарзандининг барини ўқитиб, эл қаторга қўшганини эшитиб ҳавас қилгандим. Ўтар дунё ташвишлари билан бўлиб, адабиёт ихлосманди, чинакам китоб шайдоси бу зукко онахон билан учрашишимиз ярим асрга чўзилиб кетди...

Бизни сарвқомат, хушрўй, ораста келинлар муздек чалоб, иссиқ кўк чой билан сийлашди. Шу орада кўча тарафдан кириб келган ҳассалик қотма онахон: “Ҳар қадамидан чечак унадиган меҳмонларим, хуш келибсизлар!” — деди. Супада чордона қурдик, онахон сўзбошлади:

— Ўқитувчилик қилган отам ўғилларини касбига тортди. Бироқ, негадир биз қизларини ўқишга юбормади. Хўжайиним, эрта сўнган юлдузим Наимқул Олимжонов зиёли, илғор педагог эди! Ҳали сариқ тумшуқ полапонларимни этагимга ташлади-да, ўзининг йироқ осмонларига учди кетди. Шароитим баттар оғирлашди, мисли кўрилмаган азоблар, ҳасратлар, синовлар, йўқчилик гирдобида қолдим. Ана шунда ўқимаганим алам қилди. “Киссамда кишмишим бор, мен билан кимнинг иши бор”, дея ўз ёғимга қовурилиб юравердим. Ҳаётимнинг мазмунига айланган орзуларим болаларимни оёққа қўйишим, ўқитишдан иборат бўлди. Айтишга осон. Бўш қолган ёстиғим устини китоб эгаллади. Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан” шеърини гўё мен учун ёзгандек, болаларимнинг қулоғига кириб қолсин, дея кунига юзлаб марта ёдаки ўқирдим. Шеър ортидан ҳикоялар, романлар. Билганимча мазмунини изоҳлаб берардим. Улар аламларим, дарду ҳасратларимни тушунадиган суянчиғимга айланди. Абдулла Мавлоновдек доно ўқитувчимдан юққан бу удум. Навоий, Машраб, Махтумқули, Ойбек, Миртемир, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов... нима ёзган бўлса қалбим дафтарига муҳрлаб боравердим. Алишер Навоий, Пушкин, Гоголь, Тургенев, Достоевский, Лев Толстой каби башариятнинг ёруғ юлдузларининг асарларини битта қолдирмай ўқиб чиққанман. Қаеридан сўрасангиз, шарақлатиб айтавераман. “Хамса”ни деярли ёд олганман, Ширин ва Лайли яқин дугонам, сирдошимга айланган.

Онахоннинг бу сўзларини тинглаб, тўфонли хаёллар оғушига ғарқ бўлдим. “Шеър айтишини шоир Ҳалимага чиқарган” деб юрарканман, Йўқ, ҳозир тинглаётганларимнинг мусиқаси, ижро усули, таровати кўнгил қулфларини очиб, қалбим пучмоқларида ёйилиб борар эди. Онахон гўё Миллий театрда роль ўйнаётган актриса каби баланд, ширали овозда шеър ўқирди. “Ўзингиз ҳам шеър ёзганмисиз?”, дея савол бермоқчи эдим, ўқиётган шеърларига берилиб, ёдимдан кўтарилибди.  Бунга ҳовлининг этагидан келган булбул ноласи ҳам сабаб бўлди. Ё, тавба кундуз куни-я?!

Мулоҳазакорлиги, мушоҳадакорлиги, эҳтирослари юзага тепчиб чиқаётган ўйчан Мамлакатхоннинг олмосдек жаранглайдиган гаплари ҳам қалб пардаларини ёриб, дарё тўлқинидек тошиб чиқар, суҳбатдошини оқизиб кетарди гўё.

– Сиз бир ўзингиз ўқиган шеъру ғазалларни юзлаб, одамлар ҳам эплаб ёд ололмайди. Нафосат дунёси кенг, кўнгил кечинмалари, дарду ҳасратлари, руҳият олами чексиз кишиларга берилган неъмат бу. Барака топинг!

– Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиевалардан кейин адабиётда уларнинг ўрни бўш, ижодда сўниш кўзга ташланаяпти. Ҳалима Худойбердиевани жуда яхши кўраман. Халқимизнинг буюк шоир-ёзувчилари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар қатағон оловига ташланганидан, юракларим эзилиб, аламимни йиғидан олгандим:

Ўзимча кимнингдир

Ғамини едим.

Кимнингдир кунига

Юрибман яраб.

Батамом уйғониб

Ололсам эди.

Учиб кетармидим

Кўкларга қараб.

Онахон ҳузуридан қайтар эканмиз, шафқатсиз ҳаётнинг не-не машаққатларини кўрган бўлса-да, иродаси букилмасдан, бир шоирдек шукроналикда умр ўтказаётган донишманд аёлнинг мудом қалб чўғи ўчмаслигини, умидлари асло сўнмаслигини чин кўнгилдан истадим.

 Муҳиддин ПОЛВОН

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!