» » Арнасой  далаларида хам пахта йиғим-терими қизғин бошланиб кетди

Арнасой  далаларида хам пахта йиғим-терими қизғин бошланиб кетди

04 октябрь 2019 г 1 496 Комментарии: 0

Куз ҳавоси. Илгариги иссиқлар тафти пасайган. Сўнгги кунларда осмонга тез-тез булут чиқаяпти. Энди ҳаммамиз ҳушёр туришимиз йиғим-терим суръатини яна ҳам оширишимиз керак. Негаки, мавсум эндигина бошланиб, катта машаққатлар билан етиштирилган ҳосилимиз далада ётибди.

Бугун пахтазорлар оппоқ тус олган. Лўппи-лўппи очилган пахталар кўзни қувонтиради. Ахир қувонмай бўладими? Бу ҳосилни етиштириш, учун озмунча заҳмат чекилдими?   

Лекин қийинчиликлар ортда қолди. Тадбиркор фермерлар фидокорона меҳнат қилиб, баракали хирмон тиклашга замин яратишди. Эндиги асосий вазифа миллий бойлигимиз бўлган пахтани нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олишдан иборан. 

Арнасойликлар сўнгги йилларда пахта ва дон етиштиришда катта ютуқлар эришияптилар. Жорий йилда туман деҳқонлари 8 минг 600  гектар пахта майдонида дехқончилик  қилишиб, 19 минг 600 тонналик хирмон яратишига бел боғлашган. Қувонарлиси, арнасойлик фермерлар ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатишмоқда. Бугун фидойи фермерларни нафақат вилоятмизда, балки республикамизда хам кўпчилик танийди. Улар сидқидилдан меҳнат қилишиб, эл ҳурматига сазовор бўлишаяпти. Эзгу ниятлар билан бошланган ишлар хайрли кечади. Туман пахтакорлари ҳам кўнгилларига яхши ниятларни тугиб, йиғим-теримга биринчилардан бўлиб киришдилар.      

-Деҳқонларимизнинг кайфиятлари баланд, - дейди туман ҳокими Жамолиддин Бердибоев. – Терим суръати кун сайин кўтарилмоқда. Туман маҳалаларидан ёрдамга чиққан кўнгилли теримчилар ҳар йилгидек бу йил ҳам ҳосилни йиғиштириб олишда яқиндан кўмак беришаяпти. Шубҳасиз, Арнасойнинг зарволни хирмонининг тиклашида уларнинг ҳиссаси катта бўлади. “Мустақиллик” сув истеъмолчилар уюшмаси фермерлари, яхши натижаларга эришаяптилар. Шулар ҳақида мақола таёрласангиз, яхши буларди...

Дарҳақиқат, бугун пахтазорларда ҳаёт қайнайди. Пахта ҳосилини очиқ кунларда барвақт йиғиштириб олиш мақсадида вилоят ташкилотлари ҳамда республикамиз идораларидан ҳам кўнгилли теримчилар туман деҳқонларига ёрдамга келишган. “Мустақилик” сув истеъмолчилар уюшмасига қараб йўл олдик. Ҳозир ҳамманинг фикри-зикри мавсумни барвақт якунлашга қаратилган. Ҳамроҳимиз пахта тозалаш корхонасининг ҳайдовчиси Отабек анча сўзгамол, очиқ  йигит экан.

-Чанг йўлларда машина ҳайдамасдим, - дейди ҳазиллашиб. – Ниятларингиз холис экан. Теримчиларнинг ишини  ёзсаларингиз, уларнинг ҳам кўнгиллари кўтарилади. Ҳа, деган туяга мадад деганларидек, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак, пахтамиз ерда қолмайди. Насиб қилса, бу йил ҳам деҳқонларимизнинг юзи ёриғ булади.

Ҳаял ўтмай терим қизғин кетаётган “Турсунқул ота” фермер хўжалиги даласига етиб келдик. Бу ерда туман маркази аҳолисидан таркиб топган 1503- ва 1510-терим гуруҳлари пахта тераётган экан.

Уларга Фахриддин Адуллаев ҳамда Шерниёз Ҳамзаевлар бошчилик қилаётганди.

-Теримчиларга 50 килограмм терган ҳосилига 1 килогираммдан қўшимча пахта ёғи берилгани терим суръатини кўтариб юборди, - дейди Фахриддин ака. – Баъзи илғор теримчиларимиз кунига 2-2,5 килодан уйларига ёғ олиб кетишаяпти. Моддий манфаатдорлик ошгач, ўз хоҳиши билан пахта теришга чиқаётган кўнгиллилар сони кўпайди.
Ҳозир гуруҳимизда 150 нафар киши пахта тераяпти.Қаердаки моддий манфаатдорлик бўлса, ўша жойда иш олдинга силжийди. Бу ҳақиқатни теримчилар алоҳида эътироф этишди. Айниқса, Гулчехра Қураматова, Нигора Ҳамзаева, Холдон Милибаева сингари теримчилар ҳашарда қатнашаётганликларидан қувониб гапиришди. Улар кунига этаклардан 100-130 килогираммдан пахта тўкиб, пешқадамликни қўлдан беришмаяпти. Терим пулининг вақтида тўланганидан ташқари қушимча ёғ берилаётгани рўзғорларини обод қилаётганини яшириб ўтиришмади. Фермер Жаҳонгир Туронов ҳам қул қовуштириб ўтиргани йўқ. У қўй сўйиб, ҳашарчиларга тушлик учун чой, исиқ овқат тайёрлаб бераётибди.                                                                                                                    Уюшмада 22 та пахтачилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатаяпти. Улар бу йил туман биринчи бўлиб, давлатга пахта топшириш режасини бажаришга бел боғлашганлар, Айни кундаги шижоат бу ниятнинг амалга ошишидан дарак бериб турибди.

“Олтин водий“ сув истеъмолчилар уюшмасининг раиси Нурпўлат Исмоиловни яхши таниймиз. Деҳқончиликнинг сир-асрорларини пухта билади. Ўзи бош бўлган уюшма фермерлари билан доимо маслаҳатлашади.  Ҳамжиҳатликда қилинаётган ишлар самара бериб, давлат режалари бажарилмоқда.

Масъулиятли мавсум – пахта йиғим-терим авж олиб кетди. Уюшма пахтакорлари бу кунларни интизорлик билан кутишди. Раис Ҳусниддин Худойбердиев бошлиқ “Каттасой қўрғони“ фермер ҳўжалиги даласида учратдик. Бу ерда ҳам терим қизғин бўлиб, маҳалладан чиққан ҳашарчиларнинг қўли-қулига тегмаяпти.

-Эрта кўкламда барвақт чигит эккан фермеримиз шу йигит бўлади, - дия фермерни бизга таништираркан, Нурўлат ака сўзида давом этди: -У “Эрта эккан барвақт хирмон қилур“ нақлига амал қилиб, теримга биринчилардан бўлиб киришди. Бултурги даромади чакки эмасди. Жорий йилда ҳам фермернинг манфаатдорлиги янаям ошади.

Ҳусниддин олий маълумотли. Тошкент политехника инсититуни тамомлабди. Уни суҳбатга тортик. -75 гектар ер майдонимиз бор, -дейди фермер.  – Жорий йилда 30 гектар ғалла, 30 гектар пахта майдонида деҳқончилик қилдик. Қолгани тутзор. Хўжалигимизда 12 нафар ишчи ишлайди. Уларнинг меҳнатидан хурсандман. Аҳил жамоамиз билан бу йил  давлатга 61 тонна ўрнига салкам 100 тоннага яқин буғдой топширдик. Ишлаб, кам бўлмаяпмиз. Бултур ҳукуматимизнинг ёрдами билан оширилган ғалла учун “KOBALT“ автомашинасини имтиёзли нархда олдик. Бу йил “GENTRA” русумли енгил машинага тўлов қилинди. Яқин кунларда олиб қоламиз. Йилни 200 миллион сўм соф фойда билан якунлашни кўзда тутаяпмиз...

Оппоқ пахтазорга боқамиз. Қийғос очилган пахталар, шиғил-шиғил кўсакларни кўриб, хўжалик аъзолари сидқидилдан меҳнат қилишганининг гувоҳи бўлдик.

Теримчилар бўш келишмаяпти. Умида Сафарова, Насиба Очилдиева сингари теримчилар кўпчиликка ўрнак бўлишаяпти. Улар моддий манфаатдорлик кўришаётганидан терим суръатини кун сайин оширишаяпти.

Деҳқон ва теримчилар билан сўхбатимиз бироз чўзилди. Хайрлашар эканмиз, эзгу тилакларимизни билдирдик.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!