» » Рағбат санъаткорга илҳом беради

Рағбат санъаткорга илҳом беради

08 октябрь 2019 г 2 529 Комментарии: 0

Ғаллаорол тумани 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби “Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби” кўрик-танловида ғолиб бўлиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Бу муваффақият ушбу таълим муассасасининг биринчи ютуғи эмас. Таълим маскани ўқувчилари шу йилининг 16 сентябр куни ўтказилган “Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи ва концермейстери” республика танловининг вилоят босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этган эди. Танловда мактабнинг халқ чолғу созлари бўлими дутор синфи ўқитувчиси Сардор Бойматов I-даражали диплом билан тақдирланиб, мамлакат босқичига йўлланма олганди.
Ундан аввал, жорий йилнинг 2019 йил март ойида, мактабнинг “Анъанавий ашулачилар ансамбли” ва “Халқ чолғу созлари ансамбли”, “Рақс ансамбли” Термиз шаҳрида бўлиб ўтган республика танловида II ва III – даражали дипломни қўлга киритган эди. Шунингдек, муассасанинг “Камалак” дуторчилар ансамбли “Наврўз садолари” кўповозли ансамбл ва оркестрлар V халқаро фестивалида саралаш босқичида II-даражали диплом билан тақдирланди.
Мактаб ўқувчилари тасвирий санъат йўналишидаги вилоят, республика миқёсидаги турли танлов ва фестивалларда ҳам фаол иштирок этиб, яхши натижаларга эришаётир.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар, ўқитувчи ва концертмейстерлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори болаларнинг мусиқа ва санъат йўналишидаги иқтидорларини ўстиришдаги фаолиятимизни янада яхшилайди, – дейди мактаб директори Бахтиёр Қурбонов. – Чунки иқтидорларни санъат ўқитувчилари, устозлар етиштиради. Рағбат эса санъаткорга илҳом беради. Шу пайтгача мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларининг иш ҳақлари кам, тўғриси, кўпчилик ўқитувчилар касбини севгани учун озгина маошга қаноат қилиб ишлаб келаётган эди. Иш ҳақларининг оширилиши уларнинг моддий шароитларини яхшилаш билан бирга меҳнатининг ҳам муносиб қадрланишидир. Бу рағбат бизни иқтидорли ёшларни камолга етказишда зиммамизга юкланган масъулиятни янада оширди.
Юртимизда истеъдодли болаларни тарбиялаб санъатнинг катта йўлига бошлаётган мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини яхшилашга давлатимиз томонидан берилаётган эътибор самарасини ушбу таълим масканида мисолида ҳам кўриш мумкин. “Манзилли дастур” асосида махсус лойиҳа асосида мактабда 210 ўринли концерт зал, 80 ўринли кичик концерт зали, ёзги эстрада саҳнаси, кенг ва ёруғ хореография-рақс зали, эстрада-хор зали, тасвирий ва амалий санъат хоналари, металга ишлов бериш ва ёғоч ўймакорлиги устахонаси, маънавият ва маърифат хонаси, ахборот ресурс, компьютер графикаси хоналари, овоз ёзиш студияси ҳамда ўнлаб чолғу асбобларда ўрганиш ва якка машғулотлар ўтказиш учун синф хоналари зарур жиҳозлар ва асбоблар билан тўлиқ таъминланган.
Мактабнинг ўзбек халқ чолғу созлари, халқ чолғу созлари, фортепиано, анъанавий хонандалик, дамли ва зарбли чолғулар, торли-камонли чолғулар, хореография, тасвирий ва амалий санъат, бахшичилик бўлимларида таълим олаётган 360 нафардан зиёд иқтидорли болаларга 46 нафар мутахассис ўқитувчи дарс бермоқда. Мактабимизни битирган ўқувчилар республикамизнинг етакчи санъат билим юртларига ўқишга кирмоқда.
– Давлатимизга раҳмат, – дейди халқ чолғу асбоблари бўлими ўқитувчиси Сардор Бойматов. – Болаларнинг қизиқишини муҳаббатга, интилишларини истеъдодга айлантириш учун барча шароитларни яратиб бераётгани туфайли санъатимиз ривожланиб бораётир. Бу соҳага кўрсатилган навбатдаги эътибор – ўқитувчилар моддий манфаатдорлигининг ошиши ҳам санъатимиз келажаги учун қилинаётган ғамхўрликдир.
Мактабнинг “Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаби” танловида ғолиб чиқиб, мамлакат босқичида иштирок этиши ҳам ёшларга мусиқа ва санъат сирларини ўргатишда эришилаётган самараларнинг амалдаги ифодасидир.

Т. БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!