» » Шароф Рашидов бағрига босган ўзбек паҳлавон боксчисини биласизми?

Шароф Рашидов бағрига босган ўзбек паҳлавон боксчисини биласизми?

25 октябрь 2019 г 1 756 Комментарии: 0

“Қўллар ишлайди, кўзлар кўради.

Капалакдек қанот қоқиб, аридек чақ”. Бу — дунё бокс олами афсоналаридан бири томондан айтилган сўзлар — олтин қоидалар. Аммо камдан-кам “чарм қўлқоп” усталаригина мазкур мураккаб вазифанинг уддасидан чиқа олганлар. Айниқса, оғир вазнли боксчилар орасида улар сони бармоқ билан санарли. Ана шундай камёб қобилият соҳибларидан бири, ҳамюртимиз, ўзбек бокси тарихи ифтихори Холматжон Содиқов эди.

Алпқомат ўқувчи

Бундан етмиш етти йил муқаддам, Фарғона вилоятида, Рўзали домла ва Майрамхон опа оиласида таваллуд топган Холматжон Содиқов болалигиданоқ жисмонан бақувватлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Ёшлигидан спортнинг бокс турига ихлос қўйиб, астойдил шуғуллана бошлаган. Ўз навбатида, ота-онасига деҳқончилик юмушларида ҳам яқин кўмакчи бўлган.

Хабарингиз бор, ўша пайтларда пахта йиғим-теримига кексаю ёш ёппасига олиб чиқилган. Ҳашарчиларга тушлик тайёрлайдиган ошпазлар мактаб ўқувчиси, кичик ёшли, аммо алпкелбат Холматжондан доим ичимлик суви олиб келиб беришини сўрашар экан. У 80 литрли сув тўла бочкани 1 километр масофадан ташиб келтирганини синфдошлари ҳамон ҳайрат билан эслашади. 

Шароф Рашидов бағрига босган ўзбек паҳлавони

Тинимсиз машғулотлар ўз самарасини узоқ куттирмади. Қаҳрамонимиз 9-синфдаёқ Марғилон шаҳри биринчилигида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилади. Мактаб давридаги пешқадамликни армияда ҳам қўлдан бой бермади. 19 ёшида ҳарбий хизматга чақирилган Холматжон Туркистон ҳарбий округи бўйича ўтказилган мусобақада биринчи ўринни эгаллаб, ҳарбий хизматдан қайтгунига қадар ғолиблик мақомини муносиб ҳимоя қилди. Шу-шу, бокс ҳаёти мазмунига айланди. Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультетини намунали тамомлагач, бу соҳада профессионал фаолиятга киришди. Қарангки, тоғни урса талқон қиладиган ўзбек йигити 1963 йилдан 1980 йилгача Ўзбекистон чемпионлигини ҳеч кимга бермай келган. Яъни 17 йил мобайнида мамлакатда тенгсиз дея эътироф этилган. Бу собиқ иттифоқ даврида унча-бунча спортчининг қўлидан келадиган натижа эмасди. Ўша пайтлари Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидов Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Х. Содиқовни “Ўзбекистон паҳлавони!” дея бағрига босиб, қучоқлаб кўришган экан. Ана шу манзарани ёши катталар ҳали-ҳалигача алоҳида мамнуният билан ёдга олишади.

Шу ўринда яна бир ибратли воқеа. Холматжон ака 1968 йилда Сурияда ўтказилган нуфузли халқаро мусобақада олтин медалга сазовор бўлади. Шу даврда собиқ иттифоқнинг ушбу давлатдаги элчиси, ватандошимиз А. Муҳидинов ёрдами билан боксчимиз Саудия Арабистонининг Макка шаҳрини зиёрат қилиш шарафига эришган. Ўша даврдаги машъум сиёсат ҳисобга олинса, бу ўзбек фарзанди учун камида қаҳрамонлик эди. Аммо юракда чин ихлос бўлса, Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватлайверади. Ана шу қатъият боксчимизга рингда ҳам беқиёс руҳий-маънавий ва жисмоний куч бахш этган бўлса не ажаб...

Ғалабага бўлган ишонч ҳеч қачон сўнмаган 

Бокс бўйича спорт устаси, мураббий С. Бўтаевнинг айтишича, 1979 йили аввалига Германияда, сўнг Эстонияда кетма-кет халқаро турнирлар ташкил этилган. Холматжон Содиқов мазкур йирик мусобақаларнинг ҳар иккисида ҳам оғир вазн тоифасида қатнашиб, финалга чиққан. Якунда эса ғаройиб натижа қайд этган. Гап шундаки, у ҳал қилувчи баҳсларнинг ҳар иккисида дастлабки икки раундни қўлдан бой беради ва учинчи раундда рақибларини нокаутга учратади. Ҳа, нокаутга! Бундай кутилмаган ҳолатдан барча ҳайратда қолади. Холматжон Сафаров инсон иродаси нималарга қодир эканлигини фақат Голливуд фильмларида эмас, балки ўзбек ўғлонининг хатти-ҳаракатларида ҳам кўриш мумкинлигини бутун дунёга исботлаб бера олди.

Ҳаёт ва спортни севган ва бошқаларни ҳам шунга ундаган ота 

Холматжон Содиқов Қундузхон ая билан турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечирди. Икки фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди, уйли-жойли қилди. Саккиз нафар набиранинг бобосию бувиси бўлишди.

Афсуски, шафқатсиз ўлим ана шундай ибрат тимсоли бўлган ҳамюртимизни ҳаётдан олиб кетди. Шогирдларининг айтишича, Холматжон ота Содиқов умрининг охирига қадар ҳаётни севган, вақтнинг қадрига етган, бадантарбия машқларини канда қилмаган ва бошқаларни ҳам шунга даъват этган.

— Менга ўз акамдек яқин инсон бўлган Холматжон Содиқов барвақт орамиздан кетди, — дейди Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В. Фен. — Бокс бўйича 17 карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақалар ғолиби, етакчи мураббий ҳамда хизмат кўрсатган спорт устаси сифатида Ватанимиз шарафини бутун дунёга танитишда Холматжон Содиқовнинг хизматлари буюк. У жуда камтарин, кўнгли очиқ ва хушчақчақ инсон бўлгани учун ҳамиша ўз атрофига барча дўстларини бирлаштиришга қодир эди. Ҳар доим бизни спорт билан мунтазам шуғулланиш ва ҳаётни қадрлашга чорлаганлар. 

Бинобарин, Холматжон Содиқов ўзбек бокси мактаби ва унинг шонли тарихида ўчмас из қолдирган. Унинг номи Сидней Жаксон, Андрей Борзенко, Руфат Рисқиев, Владимир Юдин, Абдулла Қодир-Охунов, Ботир Усмонов, Борис Ниёзов, Феликс Пак, Зоир Абдуқодиров, Владимир Шин, Гамлет Илёсов, Артур Григорян, Наримон Отаев каби афсонавий боксчилар қаторида тилга олинади. 

Аслида ҳаёт ҳам ринг мисоли. Ўзидан яхши ном, эзгу амал, ҳаётга муҳаббат туйғуларини қолдириб кетган инсон эса ҳақиқий ринг қиролидир. Холматжон Содиқов қалбларимизда ана шундай ғолибликка муносиб ватандошимиз бўлиб қолаверади.

Саиджон МАХСУМОВ 
(«Халқ сўзи»).

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!