» » БУГУН ЖИЗЗАХДА “ОЛТИН КУЗ -2019” ФЕСТИВАЛИ БОШЛАНДИ

БУГУН ЖИЗЗАХДА “ОЛТИН КУЗ -2019” ФЕСТИВАЛИ БОШЛАНДИ

06 ноябрь 2019 г 1 803 Комментарии: 0

Бугун илк бора ўтказилаётган “Олтин куз” агротуризм фестивали меҳмонларига қучоқ очди.

Анъанавий “Ҳосил байрами” тадбири воҳамизнинг сайёҳлик имкониятларини замонавий дунёга кўз-кўз этувчи улкан байрам тадбири кўринишини олди.

Кеча АҚШ, Буюк Британия, Германия, Корея, Беларусь, Россия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган 35 нафарга яқин саёҳлар – фестиваль меҳмонлари “Жиззах” вокзалида тантанали кутиб олиндилар. Улар вилоятимиз бош меҳмонхонаси “Ўзбекистон – Grand Hotel” да сервис хизматларидан баҳраманд бўлишмоқда.

- Халқаро тажрибада ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини тарғиб қилиш, анъанавий тадбирларни, миллий калоритни кўз-кўз қилиш учун халқаро даражадаги фестиваллардан кенг фойдаланилади, - дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лола Санаева. – “Олтин куз” фестивалини ташкил этишдан мақсад ҳам воҳамизнинг экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм, соғломлаштириш туризми турлари бўйича салоҳиятни намойиш этиш, бу орқали сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришдир. Ўйлайманки, фестиваль анъана тусини олиб, қамрови йилдан йилга кенгаяди.

6-8 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган фестиваль тадбирлари Шароф Рашидов, Бахмал ва Зомин туманларини қамраб олади. Биринчи кун Шароф Рашидов туманидаги “Турдибек” фермер хўжалигида туячилик, йилқичилик чорвачилик юмушлари билан танишув ҳамда қимиз, қимрон каби сут маҳсулотлари тайёрлашда иштирок этишни қамраб олади. Иккинчи кун Бахмал туманининг Ойқор қишлоғидаги “Агронатуралинвест” фермер хўжалигида олма териш ҳашари ҳамда улоқ-кўпкари асосий воқелик бўлса, учинчи куни Зомин миллий табиат боғини томоша қилиш ҳамда миллий таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класс ташкил этилади. Фестиваль меҳмонлари шу кунлар мобайнида миллий урф-одатларимиз, либослар, таомлар ҳақида кўпроқ билиб оладилар, музей ва табиат ёдгорликлари билан танишадилар.

Бугун фестивалнинг илк тадбири сифатида Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейига ташриф буюрилди. “Турдибек” фермер хўжалигидаги агротуристик саёҳатдан сўнг Жиззах шаҳридаги Марказий банк бошқармаси биноси олдидан “Ўрда” боғигача актёрлар иштирокида Буюк Ипак йўли карвони гавдалантирилди.

Манзилга етиб келингач, ҳар бир туманнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда концерт дастури намойиш этилди. Тадбирларда 1000 нафарга яқин вилоятимиз ёшлари иштирок этдилар.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!