» » Аҳоли билан ўтказилган мулоқотда кўтарилган муаммолар назоратга олиндими?

Аҳоли билан ўтказилган мулоқотда кўтарилган муаммолар назоратга олиндими?

06 декабрь 2019 г 1 526 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик туманидаги Саритепа, Бунёдкор ҳамда Ғафур Ғулом маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказди.

Шунингдек, бошқарма бошлиғи мазкур ҳудудлардаги сайлов участкаларининг сиёсий жараёнларга ҳозирлигини ўрганди.

Дўстлик туманининг 4131 нафар аҳолига эга Саритепа қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашув давомида кўчалар ва кўп қаватли уйлар теварагини қурилиш маҳсулотлари қолдиғидан тозалаш, ҳудудда тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш, чорва моллари боқилиши учун умум фойдаланадиган молхона қуриш таклифлари баён қилинди. Шунингдек, фуқароларни кредит ҳисобига қорамоллар билан таъминлаш, ер ости сувларини қочириш мақсадида дренажларни тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, бетон ариқлар қуриш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан фикрлар билдирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи жорий йилнинг август ойида саритепаликлар билан мулоқот ўтказган ва бу жараёнда 30 дан ортиқ масалалар ижобий ечим топган эди. Чунончи, қишлоқда 3,5 километрлик ичимлик суви  тармоғи тортилди. Бу сафарги учрашувда саритепаликлар 3- сектор раҳбарига Дўстлик тумани маркази ва Саритепа қишлоғи оралиғидаги таъмирталаб бўлиб қолган 500 метр узунликдаги ичимлик суви тармоғини янгилаш бўйича мурожаат қилишди. Ғайрат Қодиров саритепаликларга бу масалани ҳал қилишга ваъда берди.

Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда аҳоли пунктини кўмир билан таъминлаш, хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар кўтарилди. Мулоқот давомида бунёдкорликлар 3- сектор раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Боиси, илгариги учрашувда ушбу маҳалла аҳли 500 метр йўлга шағал ётқизиш ва аҳолини суюлтирилган газ билан мунтазам таъминлаш юзасидан мурожаат этган эди. Ҳар икки масала қисқа муддатларда ҳал қилинган.

Тадбир давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳудуддаги “Бешбулоқ” кўп тармоқли фермер хўжалигининг 100 бош гольдштейн зотли қорамол боқилаётган чорва мажмуаси фаолияти билан танишди. Таъкидлаш керакки, фермер хўжалигига тумандаги 3- сектор раҳбари яқиндан ёрдам бермоқда.

Ғафур Ғулом маҳалласида ўтказилган мулоқотда ҳам ҳудудни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш масаласи кўтарилди. Шунингдек, ноқонуний иншоотларга барҳам бериш, кўчаларга ёритгичлар ўрнатиш, пиёдалар йўлакчаси қуриш, асфальт ётқизиш, табиий газ тармоғига уланиш бўйича мурожаатлар қилинди.

Шу куни ўтказилган учрашувлар давомида тегишли корхоналар масъулларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. 3- сектор раҳбари қурилиш техникалари, молиявий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишни ўз зиммасига олди. Мулоқотларда сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича атрофлича сўз юритилди.

Сайёр қабуллар якунида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ов аҳоли пунктларидаги сайлов округлари ва участкаларида бўлди. Чунончи, 3- сектор раҳбари Саритепа қишлоғидаги 18- Чўлқувар, 12- Зарафшон, 13- Гулистон сайлов округлари, 143- ва 144- сайлов участкалари фаолияти билан танишди. Худди шундай, Бунёдкор маҳалласидаги 14- Чўлпон, 15- Бахмал сайлов округлари ҳамда 145- ва 146- сайлов участкаларини кўздан кечирди. Ғайрат Қодиров бу жараёнда сайлов округ ва участкаларини тегишли тартибда жиҳозланиши, иситилиши, ёнғин ва жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўрганди ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!