» » Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан байрам табриги

08 декабрь 2019 г 3 267 Комментарии: 0

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Аввало, Сиз азизларни, Жиззах воҳаси аҳлини мустақил Ватанимизнинг Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович томонидан илгари сурилаётган халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш-фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Айнан шу сабабли Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

 

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда 2019 йил "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб эълон қилиниб, алоҳида Давлат дастури ишлаб чиқилган.

Вилоятимизда ушбу Давлат дастурида белгиланган тадбирларни ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса ижтимоий
соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Мухтарам Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг бошида вилоятдаги барча соҳаларга инвестицияларни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этилишини таъминлаш, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, хусусан ҳар бир оилани тадбиркор қилиш вазифаси аниқ белгилаб берилди.

Бунда, энг асосий устувор йўналиш этиб – аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига имтиёзли кредитлар бериш, хар бир оилани тадбиркор сифатида шакллантириш ҳамда кам таъминланганлик тоифасидан чиқариш белгиланди.

Олдимизга қўйилган мазкур вазифалар ижроси бўйича биргина вилоятимизнинг ўзида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 445,9 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, шундан 11 556 та ижтимоий кўмакка мухтож оилаларга 105,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан умумий қиймати  2,0 триллион сўмлик 443 та лойиҳалар ишга туширилди. Ушбу лойиҳалар эвазига
6800 га  яқин янги иш ўринлари яратилди.

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2019 йилнинг ўтган даврида 4000 тадан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ҳисобига, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ошириш имконини берди.

Барчамизга маълумки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда.

Жумладан, жорий йилда вилоятимизда 45 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган ушбу корхоналар сони
150 тадан ошди.

Жиззах вилоятига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали янги технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан  жорий йил 29 август куни Жиззах шаҳрида “II-Халқаро инвестицион форуми” ўтказилди.

Ушбу Халқаро инвестицион форумда 25 та давлатдан (Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Латвия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Украина ва бошқалар)
100 дан ортиқ хорижий компаниялар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Халқаро инвестицион форум доирасида умумий қиймати  1,1 миллиард АҚШ долларилик 11 та шартнома имзоланди.

Азиз  юртдошлар!

Асосий Қомусимизда белгиланган барча ҳаётий тамойиллар мана шу юртнинг ёрқин истиқболи, фуқароларнинг миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тенг ҳуқуқли яшашига хизмат қилиши билан дунё ҳамжамиятида ўзининг юқори баҳосини олмоқда. Бу борада, Конституциямизда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам кафолатланган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган изчил сиёсат  замирида жамиятимизда инсонпарварликка асосланган тартиб-қоидаларнинг устувор бўлиши, одамларнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар турибди.

Зеро, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида, хусусан давлат раҳбарининг жорий йил 30-31 январь кунлари вилоятмизга ташрифи давомида ва вилоят фаоллари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган, яъни 2018 йилда Мирзачўл тумани “Гагарин” шаҳарчаси намунасида вилоятнинг барча туман марказларини ободонлаштириш, кенг кўламли қурилиш ишларига эътибор беришларингизни сўрайман, 2018 йилда фақат “Гагарин” шаҳарчаси “Обод марказ”га айлантирилган бўлса, биргина 2019 йилнинг ўзида 11 та туман марказини “Обод марказ”га айлантириш, мазкур ҳудудларнинг ижтимоий инфартузилмасини яхшилаш бўйича берилган топшириғи ҳақида тўхталиб ўтишим жоиздир.

Мазкур топшириқ доирасида барча 11 та туман марказларида “Гагарин” шаҳри намунасида инсонни ҳайратлантирадиган, дилда фахр, ифтихор уйғотадиган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Эътиборлиси, 23 026 та ҳовли жойлар, 405 та кўп қаватли уйлар, 139 та ижтимоий соҳа объектлари, реконструкция қилинди ва қайта қурилди.

Шунингдек, 389,5 км ички йўллар, 356,1 км электр тармоқлари, 15,5 км табиий газ тармоқлар, 147,5 км ичимлик суви ва оқава суви тармоқлари ҳолати тубдан яхшиланди.

Натижада, 189,1 мингдан ортиқ вилоятимиз аҳолисининг яшаш шароити, турмуш тарзи тубдан ўзгарди, одамларнинг кўзида ҳаётдан мамнунлик кўрина бошлади.

 

Ҳурматли юртдошлар!

Шу ўринда Муҳтарам Юртбошимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.

 Шу юксак эътибор туфайли 2019 йил 3 январь кунги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Хусусан, мазкур лойиҳа доирасида таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 июльдаги
“Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди ва шунга асосан Жиззах шаҳрида мазкур филиал иш бошлади.

Мазкур даргоҳга 2019/2020 ўқув йили учун 4 та, жумладан,  оила психологияси, ёшлар психологияси, амалий математика ва информатика, информатика ва ахборот технологиялари йўналишлари ташкил этилди.

Ҳудуд аҳолисининг дам олиш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Жиззах шаҳрининг марказида бир неча йиллардан буён таъмирланмаган, қаровсиз ҳолга келиб қолган “Ўрда” экологик истироҳат боғи тўлиқ қайтадан замонавий реконструкция қилиниб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Боғни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида реконструкция қилиш билан бирга ҳудуднинг тарихий иншоотларини, экологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга эътибор қаратилди.

Қурилиш таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан тарихий аҳамиятга эга иншоотлар ва табиий хилма-хилликка зарар етказмаслик мақсадида ҳудуддаги 24 турдаги 3 минг 500 та дарахтлар ҳамда “Бобо якка” тарихий обидасининг муҳофазаси таъминланди.

Мазкур ишлар учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 26 миллиард сўм маблағлар сарфланди.

Боғда иккита кутубхона, жумладан, битта мутолаа маркази шунингдек, болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга эътибор қаратилиб,
2 та сунъий қопламали спорт майдони, 2 та сув ҳавзаси, умумий узунлиги 30 километрдан зиёд бўлган айланма велоспорт йўлаги, картинг йўли, машқ қуролида мерганликни ўрганиш маскани, 9 та фаввора (фонтан) ҳамда “Ватанпарварлик” боғи  барпо этилди. 

Ёшларнинг билим олиши, олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб туриши ва тенгдошлари билан хамфикр бўлиш каби хохиш истакларини рўёбга чиқариш мақсадида Жиззах шаҳрида “Ёшлар инновацион маркази” ташкил этилиб, мазкур марказда бугунги кунда фаоллар зали, форумлар зали, семинар ва конференция зали, ахборот-ресурс маркази, замонавий кутубхона ҳамда 50 га яқин тил ўқитиш курслари ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти ташкил этилди.

Барча замонавий шароитларни ўзида мужассам этган марказ ёшларни тадбиркорлик, китобхонлик, ахборот технологиялари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, уларга психологик хизмат кўрсатиш ҳамда лидерлик қобилиятини шакллантириш бўйича иш олиб боришларига хизмат қилмоқда.

Азиз юртдошлар!

Сизларни яна бир бор, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг
27 йиллиги байрами билан қутлар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик, эзгу ишларингиз ва ташаббусларингиз рўёбида муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

 

Эътиборингиз учун рахмат!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!