» » Дан ПАТТЕРСОН: Ўзбекистон ёшлари миллий рамзларга ҳурмат руҳида камол топмоқда

Дан ПАТТЕРСОН: Ўзбекистон ёшлари миллий рамзларга ҳурмат руҳида камол топмоқда

10 декабрь 2019 г 1 564 Комментарии: 0

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ҳаётдаги янгилик ва муҳим воқеалар нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки хорижий давлатлар экспертлари, халқаро ҳамжамият вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, мамнуният билан қарши олинмоқда.

Бундан бир йил муқаддам Жиззах вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга киришган АҚШнинг “Silverleafe International” компанияси президенти Дан ПАТТЕРСОН ҳам мамлакатимиздаги ана шундай ижобий ўзгаришларга хайрихоҳ инсонлардан биридир.

Инвестор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Давлат рамзлари инсонларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Конституция замонавий жамият ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Зеро, ушбу Қомус нафақат бизнинг ҳуқуқларимизни, балки бир-биримизга бўлган муносабатларимизни ҳам тартибга солади. Уни ҳурмат қилиш, унга риоя қилиш адолатни таъминлаш, жамиятни ривожлантиришнинг бирламчи кафолатидир. Ҳар бир давлат, халқнинг олға силжиши, тараққиётининг муҳим шартидир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бундай ижобий янгиланишлар, тараққиёт ҳам айнан Конституцияга тўлиқ риоя қилинган ҳолда, қонунларга ҳурмат руҳида кечмоқда.

Ватан туйғуси ҳақида сўз юритганда яна бир миллат фахри – мадҳия ҳақида сўз юритишни истардим.

Америка мадҳиясида мамлакат тарихи, унинг озодлиги йўлида қурбон бўлганлар ёдга олинади. Шу орқали ҳар бир америкалик ўз мамлакати тарихи, келажаки, давлатчилиги ҳақида тасаввурга эга бўлади. Шу боис ҳар гал демократия ва озодлик тимсоли бўлган мамлакатим мадҳиясини тинглаганимда ўзимда ўзгача ҳисларни туяман, қонимда фахр ва ифтихор туйғулари жўш уради.

Қайд этиш керак, бундай ажиб ҳислар ватанини жондан азиз севганларга хос. Келажакка умид ва ишонч билан боқувчи чин инсонларга хос. Мен ана шундай ҳисларни бугун Ўзбекистон ёшлари шижоатида кўряпман.

Умидларга тўла кўзлар, эзгуликдан яшнаган диллар... Ривож топаётган Ўзбекистон бугун ўз келажагини шу каби ёшлар билан қурмоқда. Айни улар миллий рамзларга ҳурмат руҳида камол топмоқда. Бу фикрларим ҳавойи гаплар эмас.

Ўтган йили мамлакатингизнинг Жиззах вилоятида ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларини ишга туширдик. Шу вақт мобайнида Ўзбекистонда нафақат бизнес соҳаси учун яратилган қулайликлар, балки таълим тизимига қаратилаётган эътибор билан ҳам қизиқдим. Мактабларда бўлиб, Ўзбекистонда ёшларни она Ватанга садоқат руҳида камол топтириш, давлат рамзларини бутун борлиқ сифатида қабул қилишларини кўриб ҳайратга тушдим.

Мамлакатингиз демографик жиҳатдан ёш. Шу боис давлат келажагига дахлдорлик туйғуларини бу каби усулда сингдириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституция ва Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 27 йиллигини катта тантана қилинмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқини ушбу байрам билан чин қалбдан қутлайман.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!