» » Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига янги йил табриги

Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига янги йил табриги

31 декабрь 2019 г 2 817 Комментарии: 0

 Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Бетакрор диёримизга янги – 2020 йил кириб келмоқда.

Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз, бутун вилоятимиз аҳлини янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва қувонч тилайман. Поёнига етаётган 2019 йилда вилоятимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди. 

 Айни шу лаҳзаларда бошдан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган қувончли ва ташвишли воқеалар, амалга оширган ишларимиз беихтиёр ҳар биримизнинг кўз ўнгимиздан  бир-бир ўтади. Мана шундай кунларга етказгани учун Яратганга шукроналар келтирамиз.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда 2019 йил "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб эълон қилиниб, алоҳида Давлат дастури ишлаб чиқилди.

Вилоятимизда ушбу Давлат дастурида белгиланган тадбирларни ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса ижтимоий соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жорий йилнинг бошида вилоятдаги барча соҳаларга инвестицияларни, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этилишини таъминлаш, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, хусусан ҳар бир оилани тадбиркор қилиш вазифаси аниқ белгилаб берилган эди.

Бунда, энг асосий устувор йўналиш этиб – аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига имтиёзли кредитлар бериш, ҳар бир оилани тадбиркор сифатида шакллантириш ҳамда кам таъминланганлик тоифасидан чиқариш белгиланди.

Олдимизга қўйилган мазкур вазифалар ижроси бўйича биргина вилоятимизнинг ўзида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 445,9 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, шундан 11 556 та ижтимоий кўмакка мухтож оилаларга 105,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан умумий қиймати  2,0 триллион сўмлик 443 та лойиҳалар ишга туширилди. Фақат ушбу лойиҳалар эвазига 6800 га  яқин янги иш ўринлари яратилди.

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2019 йилнинг ўтган даврида 4000 тадан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ҳисобига, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ошириш имконини берди.

Барчамизга маълумки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда.

Жумладан, жорий йилда вилоятимизда 45 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, бугунги кунда фаолият юритаётган ушбу корхоналар сони 150 тадан ошди.

Шунингдек,  “Жиззах” эркин иқтисодий зонасини Шароф Рашидов, Зомин, Пахтакор ва Арнасой туманларининг саноат учун қулай, зарур инфраструктурага эга бўлган ерлар ҳисобидан
182 гектарга кенгайтирилиши тадбиркорлик ривожлантиришда янги имкониятлар яратди.

Айни пайтда вилоятда 10 та кичик саноат зоналари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳудудида бугунги кунга қадар 170,4 миллиард сўмликдан ортиқ қийматдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган 35 та кичик корхона фаолият юритади.

Жиззах вилоятига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали янги технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан жорий йилнинг 29 август куни Жиззах шаҳрида “II Халқаро инвестицион форуми” ўтказилди.

Бу йилги “II Халқаро инвестицион форуми”да 25 та давлатдан (жумладан, АҚШ, Россия, Германия, Хитой, Франция, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Украина, Ҳиндистон, Латвия ва бошқалар) 100 дан ортиқ хорижий компаниялар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

“II Халқаро инвестицион форуми” доирасида умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартномалар имзоланди.

Азиз дўстлар!

Аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида ўтган 3 йил мобайнида бир қанча диққатга сазовор тадбирлар амалга оширилганлиги меҳрибон халқимиз қувончига сабаб бўлди.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида, хусусан жорий йилнинг 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида 2019 йилнинг ўзида вилоятимизнинг 11 та туман марказларини 2018 йилда Мирзачўл тумани “Гагарин” шаҳарчаси намунасида ободонлаштириш яъни, “Обод марказ”га айлантириш, мазкур ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича топшириқ берилган эди.

Мазкур топшириқ доирасида барча 11 та туман марказларида “Гагарин” шаҳри намунасида инсонни ҳайратлантирадиган, дилда фахр, ифтихор уйғотадиган кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари бажарилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Бугунги кунга қадар ҳудудлардаги 49,5 км ичимлик сув тармоқлари, 115,8 км электр тармоқлари ва 75 та трансформатор реконструкция қилинди, 32,4 км газ тармоқлари ва 60 та газ тақсимлаш пунктлари, 34,9 км йўллар таъмирланди.

Ҳудудлардаги 61 та ижтимоий соҳа объектларида, шу жумладан, 21 та мактаб, 13 та мактабгача таълим муассасалари, 7 та соғлиқни сақлаш, 3 та спорт, 7 та касб-ҳунар, 4 та маданият объектларида қурилиш таъмирлаш ишлари тугатилди. 503 та икки қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишларини якунланди.

“Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан вилоят ҳудудида жами 12 та енгил конструкцияли тикувчилик цехларини қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Бугунги кунга қадар 7 та тикув цехларини бошқариш бўйича хусусий инвесторлар билан келишилди.

Амалга оширалаётган барча ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари бугун меҳрибон ва олижаноб халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётганлиги барчамизни қувонтиради.

Ҳурматли юртдошлар!

Муҳтарам Юртбошимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Шу юксак эътибор туфайли 2019 йил 3 январь кунги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси доирасида 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида биринчи навбатда ижтимоий соҳага, хусусан мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, олий таълим, маданият ва спорт йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 июльдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги
563-сонли Қарори қабул қилинди ва шунга асосан Жиззах шаҳрида мазкур филиал иш бошлади.

Мазкур даргоҳга 2019/2020 ўқув йили учун 4 та, жумладан,  психология (оила психологияси), психология (ёшлар психологияси), амалий математика ва информатика, информатика ва ахборот технологиялари йўналишлари ташкил этилди.

Психология (оила психологияси) йўналишига 73 нафар, психология (ёшлар психологияси) йўналишида 39 нафар, амалий математика ва информатика йўналишида 69 нафар ва информатика ва ахборот технологиялари йўналишига 26 нафар, шунингдек Россия Федерациясининг Қозон федерал университети ўртасида ҳамкорликда (3+1) қўшма таълими дастури асосида 18 нафар абутуриентлар талабаликка қабул қилинди. Талабаларнинг ўқиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилди.

Жумладан, филиалда 200 ўринга мўлжалланган ошхона,
200 ўринли ётоқхона, ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ҳудуд аҳолисининг, хусусан келажагимиз пойдевори бўлган ёшларнинг дам олиш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Жиззах шаҳрининг қоқ марказида бир неча 10 йиллардан буён таъмирланмаган, қаровсиз ҳолга келиб қолган “Ўрда” экологик истироҳат боғи тўлиқ қайтадан қурилди.

Боғда иккита кутубхона, жумладан, битта мутолаа маркази, шунингдек болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга эътибор қаратилиб, 2 та сунъий қопламали спорт майдони, 2 та сув ҳавзаси, умумий узунлиги 30 километрдан зиёд бўлган айланма велоспорт йўлаги, картинг йўли, машқ қуролида мерганликни ўрганиш маскани қурилди.

Боғни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида реконструкция қилиш билан бирга ҳудуднинг тарихий иншоотларини, экологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга эътибор қаратилди.

Қурилиш таъмирлаш ишларини бошлаш олдидан тарихий аҳамиятга эга иншоотлар ва табиий хилма-хилликка зарар етказмаслик мақсадида ҳудуддаги 24 турдаги 1 минг 800 та дарахтлар ҳамда “Бобо якка” тарихий обидасининг муҳофазаси таъминланди.

Ёшларнинг билим олиш, олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб туриши ва тенгдошлари билан ҳамфикр бўлиш каби хоҳиш истакларини рўёбга чиқариш мақсадида Жиззах шаҳрида “Ёшлар инновацион маркази” ташкил этилганлиги яна бир улкан марраларимиздан бирини забт этганлигимиздан далолат десам муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда янги ташкил этилган “Ёшлар инновацион маркази”да фаоллар зали, форумлар зали, семинар ва конференция зали, ахборот-ресурс маркази, замонавий кутубхона ҳамда 50 га яқин тил ўқитиш курслари ва касб-ҳунар тўгараклари фаолият бошлаган.

Барча замонавий шароитларни ўзида мужассам этган марказ ёшларни тадбиркорлик, китобхонлик, ахборот технологиялари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, уларга психологик хизмат кўрсатиш ҳамда лидерлик қобилиятини шакллантириш бўйича амалий ишлар олиб боришларига хизмат қилмоқда.

Бугун вилоятимиз ёшлари яратиб берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланмоқда. Хусусан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида эришилган натижалар ҳам салмоқли бўлмоқда десам асло хато бўлмайди.

Жумладан, вилоят бўйича 788 та спортчилар халқаро ва 2972 та спортчилар Республика мусобақаларида қатнашиб, 10 нафари спорт устаси, 294 нафари спорт усталигига номзод ва 442 нафар спортчилар
1 даражали спортчи талабларини бажардилар.

Вилоят спортчилари жорий йилда йирик халқаро мусобақаларда 62 та олтин, 37 та кумуш ва 56 та бронза, Республика мусобақаларида 207 та олтин, 196 та кумуш ва 302 та бронза медалларини қўлга киритишди. 

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Мана шу қувончли дамларда барчангизни Янги йил байрами билан самимий муборакбод этаман.

Юртимиздаги ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, бахт ва омад ҳамда фаровонлик тилайман.

Янги – 2020 йилнинг қадами жонажон Ватанимизга қутлуғ ва баракали келсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

          Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 

Вилоят ҳокими                                       Э.Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!