Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззахда китобни энг кўп ўқийдиганлар "Neхia", "Spark" машинасига эга бўлиши мумкин

Жиззахда китобни энг кўп ўқийдиганлар "Neхia", "Spark" машинасига эга бўлиши мумкин

10 февраль 2020 йил
408
0

Одатда китобни ҳеч ким мукофот олиш учун ўқимайди.

Китоб ўқишнинг ўзи мукофот. Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик учун мукофот ҳам берилаётгани бу хайрли ишга катта рағбат бўлмоқда. Жиззах вилоятида китобни энг кўп ўқийдиганлар учун "Neхia", "Spark" машинасига эга бўлиш имконияти туғилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чоратадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган ишлар кўлами кенгаймоқда. Бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси — ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказиб келинаётган анъанавий кўриктанловларнинг аҳамияти катта.

Айни кунларда Жиззах вилоятида ёш китобхонлар бир мавзуда бирданига иккита йирик танловда қатнашиш имкониятига эга бўлди. Жорий йил февраль ойининг бошида вилоят ҳокими Эргаш Салиев ташаббуси билан ўтказилаётган "Ёш китобхон" кўриктанловининг 511синф ўқувчилари ўртасидамактаб босқичи бошланди. У 20 февралгача давом этади. Танловнинг иккинчи — шаҳар, туман босқичини март ойининг биринчи ўн кунлигида, якуний — вилоят босқичини май ойининг сўнгги кунларида ўтказиш мўлжалланган.

Айни пайтда вилоятдаги барча мактабларга кўриктанловнинг шартлари, иштирокчиларга синовлар бўйича адабиётлар рўйхати етказилиб, биринчи босқичга қизғин тайёргарлик бораётир. Кўриктанлов шартларига кўра барча босқичларда ғолиблар мукофотлар билан тақдирланади. Жумладан, танловнинг мактаб, туман босқичлари ғолибларига бадиий адабиётлар тўпламлари, компьютер жамламаси тақдим этилади. Вилоят босқичи ғолиби вилоят ҳокими томонидан "Spark" билан тақдирланади.

Республикамиз бўйлаб китоб тарғиботини кенгайтиришда "Китоб дунёси" ва "Китоб маркази" савдо тармоқ марказлари томонидан амалга оширилаётган "Энг китобхон мактаб" лойиҳаси ҳам хайрли ишлардан бири сифатида эътироф этишга арзирлидир.

— Китобхонлик тарғиботига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган ушбу лойиҳанинг ҳудудий босқичини ҳозиргача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида муваффақиятли ўтказдик, — дейди "Китоб дунёси" ва "Китоб маркази" савдо тармоқ марказлари муассиси, лойиҳа раҳбари Шуҳратжон Охунжонов. — Шу йилнинг февраль ойида лойиҳанинг Жиззах вилояти ҳудудий босқичига старт берилди. Айни кунларда мактабларда лойиҳа доирасида ўтказилган китоб ярмаркаларида ёшларимиз, отаоналар катта қизиқиш билан қатнашмоқда.

Лойиҳа доирасида жойлардаги мактабларда китоб ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ярмарка давомида ўқувчиларни китоб билан таъминлаш бўйича энг яхши натижага эришган мактабга лойиҳа ташкилотчилари томонидан 1 миллион сўмлик китоб жамланмаси совға қилинади. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига кўрсаткичларига қараб, 800 минг, 500 минг, 400 минг ёки 250 минг сўмлик китоблар топширилади.

Энг яхши натижаларни қайд этган ҳудуд туман ёки шаҳар халқ таълими бўлимига 10 миллион сўмлик китоб жамланмасидан ташқари "Nexia3" автомобили топширилиши белгилангани лойиҳага бўлган қизиқишни оширмоқда.

Шу кунгача лойиҳа доирасидаги тадбирлар вилоятнинг Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларида бўлиб ўтди. Ўтказилган ярмаркалар давомида 60 минг нафар ўқувчи турли хилдаги китоблар билан таъминланди. Айни пайтда лойиҳа доирасидаги китоб ярмаркаси Бахмал туманидаги умумтаълим мактабларида бўлиб ўтаётир. "Энг китобхон мактаб" лойиҳасининг Жиззах вилояти босқичи 25 февралга қадар давом этиши мўлжалланган.

Лойиҳанинг ҳудудий босқичи якунида ғолиб туман ҳудудидаги уйда таълим олаётган имконияти чекланган ўқувчиларга ҳам китоблар совға қилинади.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар