Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззах шаҳар марказидаги хиёбонга мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилди

Жиззах шаҳар марказидаги хиёбонга мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилди

02 март 2020 йил
324
0

Кўчат экиш, дарахт ўстириш, табиатни асраб-авайлаш халқимизга хос эзгу қадриятлардан биридир. Шу маънода, қайси соҳада ишламасин ҳар бир юртдошимиз кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссасини қўшади. Бинобарин, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари Жиззах шаҳар марказидаги хиёбонларга мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазишди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ободонлаштириш ишларида ички ишлар органларидан 300 га яқин ходимлар иштирок этишди. Айтиш жоизки, Жиззах шаҳар марказий хиёбонига мевали дарахт кўчатларидан 5 минг дона, манзарали кўчатлардан 6 минг дона ўтқазилди.  Шунингдек, 5 минг терак кўчати шаҳар ҳудудларидаги маҳаллаларга, хусусан, хонадонларга маҳалла оқсақоллари, профилактика инспекторлари жамоатчилик вакиллари иштирокида экилди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, аввалда Жиззах шаҳридаги “Ўрда” ёшлар экологик боғининг 3-секторига бириктирилган қисмида 300 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари, Арнасой тумани марказига 1 минг 300 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтқазилган. 

Айтиш жоизки, бу каби ҳар йили баҳорда ҳашар тарзида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида ўнлаб истироҳат боғлари, шаҳар ва қишлоқлар чирой очиб бормоқда. 

Дарҳақиқат, дарахтлар ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, бир гектар майдондаги боғ бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлаш учун етарли. Бошқача айтганда, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради.

 

 Шу маънода, баҳорги кўкаламзорлаштириш ишларида ҳар бир юртдошимизнинг иштироки муҳимдир. Дарвоқе, ушбу ободонлаштириш ишлари вилоятимизнинг турли гўшаларида олиб борилмоқда. Бу борада эса ички ишлар органлари ходимлари илғорлик қилишаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар