Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Ижодкорлар ғаллаороллик ёшлар ҳузурида...

Ижодкорлар ғаллаороллик ёшлар ҳузурида...

03 март 2020 йил
264
0

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Баркамол авлод” мактаби қошидаги “Қақнус” адабиёт тўгараги аъзолари бир гуруҳ таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашуви мароқли ўтди.
Туман ёш ҳаваскор қаламкашларнинг “Қақнус” тўгараги 2011 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётир. Шу даврда тўгарак иштирокчилари орасидан бир қанча талантли ёш ижодкорлар етишиб чиқди. Ўтган йили тўгарак қатнашчиларидан 8 нафари олий ўқув юртининг филология, 2 нафари журналистика йўналишларига ўқишга кирди. 8 нафарининг биринчи китоблари босилиб чиқди.
Тўгарак аъзолари турли ижодий танловларда муваффақиятли иштирок этиб келаётир. Ўтган йили икки нафар ўқувчи “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этди.
Ушбу тўгаракнинг ижод сирларидан сабоқ олган ёш шоир Салоҳиддин Оканов давлатимизнинг юксак мукофоти “Мард ўғлон” унвони билан тақдирланди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фонди ҳисобидан “Чўлпон” нашриётида “Энг чиройли уй” номли шеърий тўплами чоп этилди.
Туман “Ғаллаорол овози” газетаси таҳририяти билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган тўгаракда ижодкор ёшлар сони йил сайин кўпайиб бораётир. Айни пайтда тўгаракка қатнашаётган 150 нафар ўғил-қизнинг бадиий ижод ва публицистика йўналишидаги машқлари туман, вилоят, республика босма нашрларида, интернет саҳифаларида мунтазам чоп этиб борилмоқда.
– Туман раҳбарларининг эътибори билан тўгарагимизда республикамизнинг таниқли ижодкорлари билан учрашувлар, адабий-бадиий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаётир, – дейди тўгарак раҳбари, ёш шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бекназар Қоражонов. – Ушбу навбатдаги учрашув ҳам туман газетаси муҳаррири Абурасул Отамуродов ташаббуси ва туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилди. Бизнинг таклифимизга розилик билдириб Тошкентдан ташриф буюрган устоз ижодкорлардан беҳад миннатдормиз.
Баҳорнинг биринчи куни, халқимизнинг севимли шоираси Зулфия туғилган кунида ўтказилган ижодий учрашувда психология фанлари номзоди, шоир Маҳмуд Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўмин, юридик фанлари доктори, профессор Аюбхон Муҳаммадиев, таниқли ёзувчи ва шоирлар – Эргаш Муҳаммад, Рустам Ғаниев, Туроб Ниёз, Баҳриддин Қўшмонов, Шоди Отамурод, Меҳрибон Абдураҳмонова ҳамда вилоятдаги ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Устозлар, ёшлар 1 март – севги-муҳаббат ва садоқат тимсоли бўлган Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд куни муносабати билан шоира ижодидан намуналар, унга бағишланган шеърлар ўқишди. Кўтаринки кайфиятда ўтган самимий мулоқот билан бошланган учрашув чинакам шеърият байрамига айланди.
– Баҳорнинг биринчи куни, 1 март – замонамизнинг атоқли шоираси Зулфияхоним таваллудининг 105 йиллиги муносабати вилоятимизда ҳақиқий шеърият байрами сифатида нишонланди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Тўхтамишев, – Сана муносабати билан Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғида, барча таълим муассасаларида, кутубхоналарда адабий-бадиий тадбирлар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтди. Бу тадбирларда халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг, миллий маданиятимизга, адабиётга, шеъриятга, китобхонликка бўлган муҳаббатини кўриш жуда қувончлидир.
Тадбирда пойтахтдан келган ижодкорлар ёшларга ўзларининг китобларидан совға қилди.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар