» »  “МЕНИ АФВ ЭТИНГ”

 “МЕНИ АФВ ЭТИНГ”

09 март 2020 г 1 496 Комментарии: 0

Ислом дини инсонларни доим адолатга, меҳр ва шафқатга, бағрикенгликка даъват этган. Улуғ Пайғамбаримиз мўминларга айтадиларки: “Барчага бирдай меҳрибон бўлмагунингизча комил ва имонли бўлолмайсиз”. Зотан динимиз қўполликни, ноҳақликни, кишиларга таҳдид этишни, турли диний оқимларнинг ноқис ҳаракатларини кескин қоралаб, уларга қарши туришга чорлайди. Ўз даврининг машҳур уламоси Имом Абу Ҳанифа “Кимнинг илми уни Аллоҳ Таоло ман этган нарсалардан қайтармаса, у катта таҳлика ичидадир” деб таъқидлаган эди. У диннинг поклиги учун курашишга ундайди.

Дарҳақиқат Ислом дини Аллоҳ Таоло буюрган нарсаларни бажаришга, инсон ҳаётий даврини энг эзгу ишларга, одамларга фойда келтирувчи амалларни бажаришга сарфлаши лозим деб ўқтиради. Бироқ, афсуски, гурунч кўрмаксиз бўлмаганидек, ҳали кишилар орасида муқаддас динимизнинг юксак инсонпарварлик моҳиятини чуқур англаб етмаганлар ҳам учраб туради. Улар динни ислоҳ қилиш ниқобида ғаразли ниятларини амалга ошириш учун айрим кишиларни алдаб, улар қалбига экстремистик ғояларни сингдиришга, ўз ортида эргаштиришга интилаётганларнинг найрангларига учаяптилар.

Баъзи содда кишилар уларнинг сохта, халқимиз хотиржамлиги, осойишталигига раҳна соладиган, жамиятимиз ривожига тўсиқ бўладиган замини пуч, зарарли ғояларига ишониб, ўз ҳаётларини саробга айлантиришаяпти. “Ҳизбут-таҳрир”чиларнинг ана шундай нопок нияти таъсирига тушиб қолганлардан бири Нахимидин Жувашевдир.

У 1959 йилда Бахмал туманининг Сўфи қишлоғида туғилган. Миллати қирғиз, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, ўрта маълумотли, оилали, беш нафар фарзанднинг отаси. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукмига кўра жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисмининг “д” банди, 216-моддаси, 242-моддаси 1-қисмининг, 244-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 244-моддаси 1-қисмининг, 248-моддасининг 1-қисми ва 59-моддаси билан 17 йилга, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Унга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Аслида обрўнинг боши тил бўлса, муомала, тарбия унинг либосидир. Инсоннинг камолга етиши қанчалик қийин бўлса, уни обрўйининг пастлашуви шунчалик осондир. Нахимидин беш вақт намозни канда қилмай ўқиди. Жума намозига ҳам чиқиб турди. Дастлабки ноқонуний диний таълимни Қўқон ва Андижондаги раҳнамоларидан олди. Сўнг 1994 йилда Жиззах шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласига кўчиб келди. Шаҳардаги “Кўкбозор”да олиб сотарлик билан шуғулланди. “Қалия” масжидида тошкентлик Ҳафизулло Носиров билан яқиндан танишиб қолади. Меҳмоннинг даъвати ва ҳар сафар ўзи билан турли диний адабиётларни олиб келиши Нахимидинни унга оҳанрабодек боғлаб қўйди. Халифалик давлати қуришни ўзларича мақсад қилган “Ҳизбут-таҳрир”чилар диний экстремистик гуруҳининг республикадаги масъул раҳбарларидан саналган Ҳафизулло Носиров кейинчалик Жиззахга тез-тез қадам ранжида қила бошлади.

Нахимидин дастлаб Ҳафизулло Носировдан “Низомул Ислом” номли ҳизбутчиларнинг ғоялари ифодаланган диний ақидаларни ўрганди. Сўнгра уларнинг ишончини қозонгач, экстремистик гуруҳнинг Жиззахдаги раҳбари вазифасига тайинланди. У ўтган йиллар давомида ўзининг зарарли тарғибот-ташвиқот ишлари билан Жиззах шаҳри ва унинг атрофидаги маҳаллаларнинг кўпчилик ёшларини ўзининг “ўргимчак тўри”га илинтирди. Ниҳоят 2000 йилда кузатиш, ўрганиш натижалари туфайли Нахимидин Жувашев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинади.

Сўнгги пушаймон ўзингга душман дейди халқимиз. Буни Н.Жувашев ҳаёти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

—Йигирма йиллик умрим панжара ортида бесамар ўтди, —дейди маҳкум Нахимидин Жувашев. — На оилам, на Ватанимга заррача нафим тегди. Оқибатда яқинларимнинг на азаси, на тўйида иштирок этолдим. Булар менга бир умрлик армон бўлди. Чексиз афсусдаман. Ўз қилмишларим учун халқим олдида минг бор тавба қиламан. Мени таниган, билган барча яқинларимга, эндигина ўсиб келаётган ёшларимизга бирдан-бир қатъий маслаҳатим: ҳаётда асло адашманг. Менга ўхшаб ғафлатда қолманг. Турли диний оқимлар таъсирига асло тушманг. Одамлар орасида турли ихтилофларга, зиддият ва бузғунчиликларга сабаб бўлаётган зарарли ёт ғояларга сира-сира берилманг.

Мен тавба қилган, ҳаётда ўз йўлини йўқотган, эндиликда хатоларини англаган бир маҳкум сифатида муҳтарам Президентимиздан, бағри кенг халқимиздан қилган ножўя ҳатти-ҳаракатларим, қилмишим учун кечирим сўрайман. Менга имконият ва ишонч билдирсаларингиз, кейинги ҳаётимда адашмасликка, шу юртга, шу элга хизмат қилишга, қолган умримни ҳалол ва тартибли ҳаёт кечиришга ваъда бераман. Мени афв этинг!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!