Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21

АЁЛ БАХТИ

13 март 2020 йил
330
0

Шароф Рашидов туманидаги "Мусурмон ота" фермер хўжалиги раҳбари Сибинисо Бойматовани бугун нафақат Шароф Рашидов туманида, балки  Жиззах музофотида ҳам яхши билишади.  Ҳалол меҳнат уни элга танитди. Тадбиркорлиги ортидан хайрли ишларга бош қўшди.

Тадбиркорликка қўл урган Сибинисо Бойматова бир кун келиб омборида ғалласи, банкда пули, мол-мулкли фермер бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Айни пайтда у раҳбарлик қилаётган жамоанинг нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ўз ўрни ва нифузи бор. Илк фаолиятини бундан 22 йил илгари 32 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштиришдан бошлаган тадбиркор бугун йирик фермер хўжалигининг раҳбари.

—Ихтиёримизда 93,3 гектар экин майдони бор,—дейди фермер Сибинисо Бойматова. —Бу йил унинг 51,3 гектарида ғалла етиштираяпмиз.  Ғалланинг ҳолатини кўриб турибсиз. Шу пайтгача 2 марта суғорилди. Ҳар гектар ердаги майсаларга ўрта ҳисобда 300 килограммдан минерал ўғит берилди. Озиқлантиришда аммофос ва карбамиддан фойдаландик. Энди шарбат суви бериш тараддудидамиз. Бу тадбирларни амалга оширишда Бўрибой Лапасов, Раҳимберди Ахмедов, Суяр Абдураҳимов сингари ишчиларимизнинг хизмати катта бўлди.

Фермер хўжалиги ўтган 2019 йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил олганди. Тажрибакорлик билан иш юритган ғаллакорлар гектарлар ҳосилдорлигини   63 центнерга етказдилар. 46 гектар ердан  218,2 тонна ҳосил олинди.  Шартнома режаси 109,8 фоизга бажарилди.

—42 гектар ерга  чигит экишни режалаштирганмиз,—дейди фермер С.Бойматова далада ишлаётган трактордан кўзини узмай. —Баҳор илк  илиқ келди. Бу йилнинг деҳқончилик учун қулай келишидан далолат. Шунинг учун ҳар дақиқаданн самарали фойдаланаяпмиз. Кўкламги дала ишларини аллақачон бошлаб юборганмиз. Ҳудудимиздаги ариқлар тартибга келтирилди. Кузда шудгорланган майдонларда яхши нам сақланишини таъминлаш учун ерлар бараналанмоқда. Шу тариқа чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилаяпти.

Халқимизда “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деган ибратли нақл бор. Бу фермер хўжали жамоасининг ўтган 2019 йилда эришган натижаларида яққол кўзга ташланди. Хўжаликда пахта сотиш шартномавий режаси 110 фоизга бажарилди. 91 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси сотилди. Етиштирилган ҳосилнинг  асосий қисми  уруғликка қабул қилинди. Жамоа пахта, ғалла ва пилла сотишдан 301,1 миллион сўм даромад олди. Йил якунига кўра етиштирилган маҳсулот эвазига 170,8 миллион сўм соф фойда кўрилди. 

—Фермер хўжалиги даромадларининг йилдан-йилга ошиб бораётганлиги хайрли тадбирларга кенг йўл очаётир,—дейди Мулканлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Даврон Ҳошимов.—Фермер олинаётган соф фойда ҳисобидан маҳалладош О.Н.нинг никоҳ тўйини ўтказишга 4 миллион сўм ажратди. 13-сонли “Дилноза” мактабгача таълим муассасига 3 миллион сўмлик хомийлик ёрдами кўрсатди. Ўтган йили ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга,  фермер хўжалиги ишчиларга  40 тонна ғалла тарқатилди. Энг муҳими Мулканлик маҳалласида 90 ўринли  “Кумушхонбиби мунчоқ” мактабгача таълим муассасасининг қурилиб, ишга туширилишида ҳам жонбозлик кўрсатди.

Асли касби ўқитувчи бўлган Сибинисо Бойматова кўп йиллар Уч тепадаги 13-умумтаълим мактабида ёшларга сабоқ берди. Юртимизда фермерчилик ҳаракатига кенг йўл очилгач, у бутун куч-ғайратни шу соҳа тараққиётига қаратди. Мақсадига эришиш йўлида астойдил ишлади.

Донолардан бири мақсадсиз бўлсанг ҳеч нарса қила олмайсан, мақсадинг катта бўлмаса буюк иш қила олмайсан,—деган эди. Бу сўзларнинг қанчалик ҳаётий ҳақиқат эканлигини  Сибинисо Бойматова ўз фаолияти давомида бир неча бор синовдан ўтказди. Фидойилиги, ҳалол меҳнати билан ҳурмат-эътибор қозонди. Эл назарига тушди.  

8 март—Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Сибинисо Бойматова ҳаётида унитилмас воқеа содир бўлди. У Президентимиз фармонига кўра Ватанимизнинг юксак мукофоти—“Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

 —Президентимиз камтарона меҳнатимга юксак баҳо берди,—дейди Сибинисо опа.  —Бу эътироф мени янги-янги марралар сари илҳомлантириб юборди. Унга жавобан жамоамиз аъзолари шу кунларда ҳар қути ипак қурти уруғидан 60 килограммдан пилла, гектаридан 70 центнердан ғалла, 45 центнердан пахта олиш нияти билан меҳнат қилаётирлар. Бу марраларни эгалланишига шак-шубҳа йўқ.

Ҳа, жуссасидан ғайрат-шижоат балқиб турган фермер аёлнинг қарори қатъий. Бу унинг табассум балқиб турган юзидан, чақнаб турган кўзидан яққол сезилиб турибди. Эътироф ва эътибордан унинг боши осмонда эканлигини сезиш қийин эмас. Аёл бахти деб шуни айтсалар керак-да.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар