Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти Низом капиталининг 25 фоизигача бўлган миқдорда IPO усулида қўшимча акциялар чиқарди

“Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти Низом капиталининг 25 фоизигача бўлган миқдорда IPO усулида қўшимча акциялар чиқарди

18 март 2020 йил
443
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарорига асосан “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти Низом капиталининг 25 фоизигача бўлган миқдорда IPO усулида қўшимча акциялар чиқарган эди. Жиззах политехника институтининг мажлислар залида корхона акцияларини маҳаллий ва хорижий инвесторларга очиқ таклиф қилишга доир тадбир бўлиб ўтди.

—Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан корхонамиз Низом капиталининг 25 фоизи ёки номинал қийматда 3 494 853 990 сўмлик жами 1 140 246 дона акция чиқариш ва дастлабки босқичда бирламчи оммавий таклифни (IPO) ўтказиш режасини  белгилагандик,—дейди тадбирда сўз олган “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Эхтибор  Талибаев.—Қимматли қоғозлар белгиланган тартибда тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтказилиб, “Тошкент”даги республика фонд биржаси котировкасининг листингига жойлаштирилди. Эндиликда  ҳар бир шахс  11 402 донагача акция харид қилиш имкониятига эга. Бу эса таклиф ҳажмининг 1 фоизини ташкил қилади. Лойиҳада хорижий инвесторлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахс бўлган ҳамюртларимиз иштирок этишлари мумкин. Нархлар мезони 1 акция учун 3 400 сўмдан 30 541 сўмгача қилиб белгиланган.

Ўтган йилнинг 12 декабрида Тошкентдаги “Citi Palace” меҳмонхонасида жамият ва “Portfolio Investment” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятининг IPO обуна мавсумининг  очилиш маросими (Road show)га бағишланган тадбир ўтказилиб, унинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилган эди. Бундан ташқари,  жамиятнинг масъул ходимлари ва “Portfolio Investments” МЧЖ андеррайтер компанияси билан ҳамкорликда   маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида Тошкентдаги Вестминстер университетида, Фарғонадаги “Фарғонаазот” АЖда, Навоийдаги “Навоийазот” акциядорлик жамиятида ҳам тарғибот ва ташвиқот (Road Show) ишларини амалга оширишди.

 Акцияларни сотишдан тушган маблағлар жамиятда режалаштирилган инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. Шуниси эътиборлики, 2019 йил мобайнида “Жиззах пластмасса” АЖ  томонидан  лойиҳа қиймати 505 минг АҚШ доллари бўлган катта ҳажмдаги полиэтилен қувурлар учун фитинглар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Бундан ташқари, лойиҳа қиймати 66 минг АҚШ доллари бўлган ташқи ўлчами 16-90 мм бўлган полипропилен қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, маҳсулот бера бошлади.

Корхонада янги-янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2018 йилда 37 млрд.сўмликка, 2019 йилда эса 40 млрд.сўмликка етказилишини таъминлади. Бу ўз навбатида ўсиш суръатини 108 фоизга оширди. Белгиланган режалар 100 фоизга уддаланди.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар