Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси нечта акциядорлик жамиятини рўйхатга олган?

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси нечта акциядорлик жамиятини рўйхатга олган?

19 март 2020 йил
332
0

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда акциядорлик жамиятларининг ташкил этилиши ва корхонани бошқаришнинг янги кўриниши — корпоратив бошқарувнинг йўлга қўйилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган давр мобайнида Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур соҳани янада такомиллаштиришга йўналтирилган устувор вазифа ва мақсадларни бажариш борасида бирмунча ишлар қилинди. Бугунги кунда бошқарма томонидан рўйхатга олинган 17 та акциядорлик жамияти мавжуд. Улар томонидан чиқарилган акцияларнинг умумий миқдори 348 151 108 580 сўмдан иборат бўлиб, акциядорларга ҳисобланган дивиденд маблағларининг тўланиши мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Корпоратив ахборот ягона портали (www.openinfo.uz) сайтига киритилган 2019 йил 4-чорак ҳисоботлари (710-сатри) таҳлил қилинганда, акциядорлик жамиятлари томонидан 01.01.2020 йил ҳолатига жами дивиденддан қарздорлик 814 589 220 сўмни ташкил қилган.

Ўтган йил давомида акциядорлардан 6 та мурожаат келиб тушди. Бошқарма томонидан кўрилган чоралар натижасида 94 155 255 сўмлик дивидендлар акциядорларга тўлаб берилди.

Дивидендларни ўз вақтида тўлаб бермаслик сабабларидан бири жамиятнинг ҳисоб варағида эркин пулнинг мавжуд эмаслигидир. Мисол учун, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда дивидендга тўлаш учун маблағ ажратилмаган. Шунингдек, жамиятларнинг акциядорлар реестрида тегишли маълумотлар янгиланмаганлиги, электрон почталари кўрсатилмаганлиги тўлов реквизитларини аниқлашда муаммо туғдираётганлигини ҳам таъкидлаш лозим. Шу сабабли акциядорлар маълумотларни янгилашларини сўраб, акциялари сақланаётган инвестиция воситачиларига мурожаат қилишлари сўралади.

Кўпчилик акциядорлар дивидендлар, жамиятнинг молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотга эга эмас. Шунинг учун акциядорлардан қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиб, жамият бошқарувида фаол иштирок этиш, акциядорларнинг умумий йиғилишларида қатнашиш, жамиятга тегишли очиқ маълумотлар билан қизиқиб боришлари талаб этилади.

Акциядорлар акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги маълумотлар билан корпоратив ахборот ягона портали — www.openinfo.uz  ва акциядорлик жамиятларининг ўз расмий веб-сайтлари орқали ҳам танишишлари мумкин.

Акциядорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармамизнинг асосий вазифасидир. Акциядорлар дивидендларини олишда юзага келаётган муаммолар ва бошқа ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан мурожаат қилишларини сўраймиз.

Муҳиддин ШУНҚОРОВ,

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги

вилоят ҳудудий бошқармасининг бошлиғи

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар