Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК

КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК

20 март 2020 йил
904
0

Коронавирус туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиқувчи зотилжам (пневмония) касаллиги билан биринчи марта 2019 йил декабрь ойида Хитой Халқ

Республикасининг Хубэй вилоятининг Ухан шаҳрида жойлашган Хуанан номли ҳайвон ва денгиз маҳсулотлари бозорига алоқадор бўлган маҳаллий аҳоли вакилларида намоён бўлган. Мазкур бозорда истеъмол учун денгиз маҳсулотлари, ит гўшти, илонлар ва ҳатто кўршапалаклар ҳам сотилган.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Шуни ҳам алохида такидлаш керакки бу касаллик бемордан соғлом инсонга хаво томчи ва маиший мулоқат орқали юқади. Вирусни юқтириб олган одамда  умумий ҳолсизлик,  тумов,  йўтал,  бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилади. Касалликни бошланиши тумов ва тумовсимон касалликлар белгиларига ўхшаш холатида бошланади. Лекин бу касалликни ўзига хос белгилари ҳам мавжуд. Юқори иситма, қуруқ йутал, нафас олишнинг қийинлашиши, юқори нафас йўлларидан ажралмалар ажралишига (балғам, бурун оқиши). Бу холатлар коронавирус инфекциясига хос аломатлар хисобланади.

Янги коронавирусни барча ёшдаги одамлар юқтириши мумкин. Ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамлар касалликни бошдан кечириши қийинроқ кечиши мумкин.

Касаллик симптомлари оддий шамоллаш кўринишида бошланиб, тезлик билан ривожланади ва ўткир респиратор касаллиги вужудга келади. Ўпка шикастланади ва инсоннинг ҳаётига хавф солувчи ўткир нафас етишмовчилиги юзага келади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вируснинг инкубацион даври 2 кундан 14 кунгача чўзилиши мумкин. Лекин, ўртача 7 кунни ташкил этади. Яъни, коронавирус инсонга юққандан кейин 2 кундан 14 кунгача ўз симптомларини зоҳир қилмаслиги мумкин. Энг ёмони, бу вақтда ушбу вирусни ташувчи киши ўзининг хасталанганини билмаган ҳолда мулоқотга киришган ўзга кишига юқтириши мумкин.

Хитой янги турдаги коронавируснинг штамми ҳақида маълумот бергач, олимлар инфекцияга қарши кураша оладиган вакцина устида бош қотиришни бошлаб юборди. ХХР, Жанубий Корея, АҚШ, Исроил, Германия, Канада, Нидерландия, Франция ва COVID-19 тарқалган бошқа мамлакатларда вакцина ишлаб чиқиш юзасидан тажрибалар ўтказилмоқда. Ушбу тадқиқотларда турли институтлар ва тижорат компаниялари иштирок этмоқда.

Энг катта прогресс АҚШ саломатлик миллий институтида (NIH) ва Moderna биотехнологик компаниясида кузатилган. 16 мартдан Сиэтлдаги Kaiser Permanente тадқиқотлар клиникасида улар ишлаб чиққан вакцинанинг синовлари бошланди. Тест учун 45 нафар соғлом одамлар (кўнгиллилар) танлаб олинди.

Ушбу касалликдан сақланиш учун қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш, овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки ҳайвон билан алоқадан кейин қўлларни ювиш.

Юзингизни қўлингиз билан кўп ушламанг.  Имкон қадар театр, кинотеатр, аэропорт, вокзал бозор ва катта дўконлар каби кўп одам йиғиладиган жойларга боришни камайтиринг. Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз билан бурунга букилган тирсак, енг ёки салфеткани тутинг. Ундан кейин салфеткани дарҳол ахлатга ташланг ва қўлингизни ювишни унутманг.

 Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқа қилишдан чекланинг. Яқин алоқа деганда бемор билан икки метр доирасида, у билан бир хонада ёки узоқ вақт мобайнида касал юқтирган беморга қараш зонасида индивидуал ҳимоя воситаларисиз (халат, қўлқоп, ниқоб) бўлиш тушунилади. Шунингдек, яқин алоқа бемор бўлган хонага қатнаш, касал юқтирган одамдан ажралиб чиққан суюқлик, масалан, балғам, билан алоқани ўз ичига олади.

Бундан ташқари саранжом-саришталик, поклик, айниқса намли тозаловларни ўтказиш, хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиш касалликнинг олдини олишда муҳим. Дизенфекцияловчи моддалардан мунтазам фойдаланиш, зиналар тутқичлари, эшиклар ушлагичларини ҳам мунтазам дизенфекциялаб бориш мақсадга мувофиқ. Стол-стулларни тоза тутиш, уяли телефон, телевизор пультларини ҳам дизенфекцияловчи эритмалар билан артиб туриш зарур. Чунки, улар инфекция манбаларидир. Шуни алохида такидлаш керакки бу касаллик айрим ахборот воситалари такидлаётгандек жуда хам хавфли касаллик эмас. Юқорида такидлаб ўтилганидек аввалам бор шахсий  гигиена қоидаларига риоя қилинса касаллик олди олинади. Агарда касаллик қайд қилинган холатда ҳам тузалади. Кексаларда (80 ёшдан ошганларда) 2-3 тадан хамрох касаллиги бўлган инсонларда, иммун тизими суст беморларда касаллик оғир кечиши мумкин.

Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Вилоятимизда вазият барқарор. Жорий 19 мартгача бўлган даврда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар қайд этилмади. 

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида алоҳида бўлим ташкил этилиб, хизмат кўрсатувчи шифокор ва ҳамширалар тайинланди. Зарур восита ва дори-дармонлар билан таъминланди. Дизенфекцияловчи воситалар зарур даражада жамғарилган. Махсус кийим-кечаклар мавжуд.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида махсус штаб тузилган. Улар туну кун фаолият олиб бормоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ эканлигини унутмаслик лозим. Агар ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсак, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган йўриқномаларга амал қилсак, биз албатта ушбу касалликни енгиб ўтамиз. Шундай экан ортиқча хавотир ва саросималарга асос йўқ.

Шавкатжон Умурзаков,

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори,

тиббиёт фанлари номзоди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар