» » Жиззахликлар сардобаликларга уйининг тўри, қалбининг қурини беришмоқда

Жиззахликлар сардобаликларга уйининг тўри, қалбининг қурини беришмоқда

05 май 2020 г 1 062 Комментарии: 0

Жиззахликлар Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатнинг дастлабки соатларидан бошлаб ёрдамга ошиқди.
Тошқин юз берган биринчи куни эвакуация қилинган 38 минг нафардан зиёд аҳоли вилоятнинг Мирзачўл,Дўстлик, Пахтакор, Шароф Рашидов туманлари, шунингдек, Жиззах шаҳридаги ўқув муассасалари, корхоналар ётоқхоналари ҳамда аҳоли хонадонларига жойлаштирилиб, энг зарур нарсалар билан таъминланди.
Эвакуация қилинганларнинг биринчи оқимини яқин қўшни бўлган мирзачўлликлар меҳр ва бағрикенглик билан кутиб олишди. 12 мингдан зиёд сардобалик Гагарин шаҳридаги муассасаларда тезкорлик билан тайёрланган ётоқхоналар ва аҳоли хонадонларига жойлаштирилди.
Сардобаликларни кутиб олишга чиққан мирзачўлликларнинг ҳеч қайси бири «уйим тор, шароитим йўқ», деган гапни ҳаёлига келтирмади, аксинча, «бизга қанча бўлса ҳам меҳмон беринг», дейишди.
Нодира Ширинова икки хонали уйда яшайди. Шунга қарамасдан 10 кишилик икки оилани уйига олиб кетмоқчи бўлди. «Сиздан бошқалар ҳам бор», деб беш кишилик бир оилани қўшниларидан бири олиб кетди.
«Мирзачўл овози» газетаси муҳаррири Тозагул Алланазарова 16 кишилик қариндош-уруғдан иборат катта оилани таклиф қилди. Муҳаррир опа«Меҳмон оламиз деганлар кўп, сал енгиллатинг», деганларига қарамаюларни олиб кетди ва уч хонали уйини уларнинг ихтиёрига берди. Рўзадорлар меҳмонларни ифторлик ва саҳарлик, болаларни ширингинакунлик овқат билан меҳмон қилди.
photo_2020-05-04_12-23-00.jpg
– Кўнгилга қил сиғмай қолган бундай пайтда одамнинг дардини одам оларкан,– дейди Оқолтин туманидаги Сардоба шаҳарчасининг Кўркамдиёр маҳалласидан келган Хайриддин Бўстонов.– Коллежга жойлаштирилаётган эдик, мирзачўллик оғайнилар бир-бир чиқиб, ўз уйларига таклиф қила бошлади. Карантин шароитида жамоат жойдан кўра хонадонларда яшаш бизга ҳам маъқул бўлди. Шундай оғир дамларда халқимизнинг бағрикенглиги, саҳовати кўнглимизга таскин бераётир.
Давлат муассасаларига жойлаштирилган жабрланувчилар ҳам барча зарур буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб, яшаш шароитлари яратилди. Муассасаларга биркитилган шифокорлар кексалар ва болали оилаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бир вақтнинг ўзида каронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқоб, антисептик восита, бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилиб, жойларда дизенфекция ишлари амалга оширилаётир.
Сардоба тошқинидан талафот кўрганларга ёрдам кўрсатиш бўйича вилоятда кенг кўламда саховат ва кўмак тадбирлари қизғин давом этаётир. Вилоятда ташкил этилган штабга ташкилот ва корхоналар, тадбиркорлар, саҳоватпеша фуқаролардан сардобаликларга аталган озиқ-овқат ва кийим-кечаклар келиб тушмоқда.
Куни кеча Жиззах шаҳридан озиқ-овқат ва зарур буюмлар юкланган автомашиналар карвони вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари кузатувида туманларга жойлаштирилган сирдарёликларга етказилди. Вақтинчалик яшаш жойларидаги аҳоли барча зарур озиқ-овқат ва буюмлар билан таъминди.
Т. БEКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!