Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21

Номинг ўчсин - уруш

09 май 2020 йил
429
0

Зоминлик Холбек Равшанов 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилганида 18 ёшли навқирон йигит эди. Украинанинг Харьков шаҳридаги қисқа муддатли жанговар тайёргарликдан сўнг Белоруссия фронтида жанг қилаётган қўшинлар таркибида жангга киришди.

У шу ерда машъум урушнинг даҳшатига дуч келди. Ҳар жангда кўплаб қурбонлар бўларди. Ўша кезлар жиззахлик навқирон қонли жангларнинг гувоҳи эмас, фаол иштирокчиси сифатида Белоруссия тупроғидан бошлаб ярим Европани босиб ўтди. Вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларда бошпанаси ва яқинларидан айрилган аёллар, болалар ва кексаларни кўриб, урушга, уни бошлаганларга нафрати ошди.

Қишнинг қаҳратони, кўламнинг тинимсиз ёмғири, ёзнинг жаримасини окопларда ётиб, минглаб километр масофани жанг билан босиб ўтган аскар қийинчилигини, уларнинг ўлимни писанд қилмай фақат олға интилишини сўз билан ифодалаш қийин, албатта. Ўқ ёмғирлари, тўсиқлардан ўтишда уларни олға ундаган куч – Ватан озодлиги эди...

Х.Равшанов 1944 йил Псков шаҳрини душмандан озод қилиш учун бўлган шиддатли жангларнинг бирида душман снаряди портлашидан оғир яраланди. Ҳарбий госпиталда жарроҳлар унинг танасидан анчагина снаряд парчасини териб олган. Аммо ҳаммаси олинмаган экан. Қовурғаси орасида қолиб кетган сўнги парча орадан 43 йил ўтиб, 1978 йилда олиб ташланди.

У фашизм устидан қозонилган ғалабани Югославияда кутиб олди. Аммо уруш ҳамма учун ҳам тугамади. Биринчи навбатда, хизматга урушнинг бошида борган ёши катта аскарлар уйларига қайтди. Равшан ота каби ўша пайтдаги нисбатан ёш аскарлар эса урушдан сўнг вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклаш учун керак эди. У Грузияда ҳарбий қисм сафида хизматни давом эттириб, уруш асоратларини тугатишда иштирок этди.

Ва ниҳоят, 1948 йилда Холбек Равшанов ҳарбий хизматни тугатиб, уйига – Бахмал туманидаги Беклар қишлоғига қайтиб, жамоа хўжалигида ишлай бошлади. Уйланиб, турмуш ўртоғи Зумрад она билан беш ўғил, тўрт қизни вояга етказди. 1954 йилда унча олис бўлмаган Зомин туманидаги Еттикечув қишлоғига кўчиб ўтди. Ўн йил шу хўжаликда, кейин Зомин халқ паркида ишлаб, табиатни қўриқлаш, уни бойитишга катта ҳисса қўшди. Урушда олган орден медаллари қаторига тинч меҳнат даврида олган давлат мукофотлари қўшилди. Шу ердан пенсияга чиқди.

Холбек ота ҳозир катта ўғли Бердиёр аканинг оиласи билан бирга яшайди. Ота ҳамон бардам, хотираси ҳайратланарли даражада кучли, ўтган йиллардаги барча воқеаларни аниқ-тиниқ эслайди. Ҳатто, 32 нафар набирасининг исмини бирон марта адаштирмас экан.

Отахон фақат оиласи ёки қишлоғи ҳаётидаги эмас, мамлакатимиз ва дунёдаги ишларни кузатиб боради. Бўлаётган воқеаларга муносабат билдиради.

– Насиб этган умрни яхшиликка ва фақат яхшиликка сарфламоқ керак, – дейди иккинчи жаҳон урушининг қирғинбарот жангларидан омон қайтиб, пири бадавлат оилада фарзандлари, невара-чеваралари бағрида юз ёш сари юзланаётган Холбек ота. – Мен бахтли инсонман. Уруш жаҳаннамидан тирик чиқиб, фарзандлар ўстириб, уларнинг камолини, давлатимизнинг мустақиллигини, юртимиз ободлигини, элимизнинг фаровонлигини кўриб, доруломон кунларда яшаяпман. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда катта ўзгаришларни амалга ошириб, халқимиз ҳаётини яхшилаётган Президентимиздан миннатдорман. Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган оқилона сиёсати, халқпарварлиги туфайли бутун дунёга хавф солган коронавирус касалига қарши мамлакатимизда самарали кураш олиб борилаётир.

Отахон оиласи қишлоқнинг ўзига тўқ, фаровон оилаларидан бири. Шундай бўлсада туман ҳокимлиги, ҳамқишлоқлари отахондан тез-тез ҳол-аҳвол сўраб туришади. Патронаж ҳамшира Бувиҳожар Мухторова ҳам тез-тез келиб, отахоннинг саломатлигини назорат қилиб туради.

– Элимиздан бу бало тезроқ кетиб, бошимиздан ташвиш арисин, раҳбаримиз ва шифокорларимиз, офат билан курашаётган барчанинг эзгу ишларида Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин, – дея дуо қилди отахон.

Зоир ЭРГАШЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар