Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21

Шукроналик мадҳи!

14 май 2020 йил
217
0

Уруш биродарлар сифатида яшаш учун туғилган одамларни ёввойи ҳайвонга айлантирди.

Шафқатсизлик, бир-биридан айбсиз инсонларнинг бир-бирини қириб ташлаши, эллик миллиондан ортиқ инсониятнинг қирғинбарот бўлган аччиқ тарихи. Уруш шунчаки сўз эмас, балки биз босиб ўтган узоқ ва машаққатли йўл.

Тарихни унутишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Уни кўрар эканмиз бугун доруламон кунларнинг кўкдан тушган эмаслигига гувоҳи бўламиз.

Ғалабанинг асосини ўзбек халқининг жонкуяр фарзандлари, онаси ва оиласи учун жангга кирган мардлар, жасоратли йигитларнинг ширин ҳаётлари, ташкил этгани эса ҳеч биримизга сир эмас.

Сўнгги изланишлар халқимизнинг жаҳон урушида қўшган ҳиссаси анча салмоқли эканлигини яна бир бор исботлаб берди. Иккинчи жаҳон уруши ҳалокат ва ўлимга олиб келган, кимдир тўқиган шунчаки ҳикоя эмас, балки жангга кирган миллионлаб аскарлардан ташқари, юртимизнинг меҳнатга лаёқатли олтмиш фоиз аҳолисининг фронтга жалб этган аянчли ҳаётидир.

Уларнинг орасида Жиззах шаҳри “Тинчлик” маҳалласи “Карвон” кўчаси 7-уйда истиқомат қилаётган 1922 йилда туғилган, уруш қатнашчиси Бобоймуродов Шербўта, Жиззах шаҳри “Тинчлик” маҳалласи “Марғилон” кўчаси 6-уйда яшаётган уруш йилларида, 1941 йил туғилган Салиёва Устида, Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласи “Ҳамид Олимжон” кўчаси 9-уйда истиқомат қилаётган, 1928 йилда туғилган фронтда ортида мардонавор хизмат қилган Сиддиқов Ёқуб боболаримиз ҳам бор.

Зеро мозийга қайтар экансиз ўзбек халқининг учдан бир қисм аҳолиси урушда қатнашгани, жонини қалқон қилиб, тинчлик учун курашганини кўрамиз. Уларнинг беқиёс хизматлари, жангоҳликлардаги жасорат, фронт ортида, окопдаги аскарлар ҳаёти учун курашлари инсонийликнинг олий намунаси. Шербўта бобонинг “Ҳали ҳамон қулоғларим остида ўқ овозлари эшитилиб туради”, дея хотирлашларини эшитар эканмиз эртаклардаги ҳаётда яшаётганимизни чин юракдан ҳис қиламиз.

“Мен Ўзбекистонда туғилганимдан фахрланаман” дея таъкидлашларидан бугунги тинч ҳаётга, мустақил юртимизнинг ҳар бир кунига шукроналик руҳини кўрамиз.

Узоқдан–узоқ дуоларда халқимизнинг қанчалик олийжаноб халқ экани, бу ердаги инсонларнинг ҳеч бири, бир-бировига бегона эмаслиги, бу юртни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизлигини кўрсатади.

Озгина қаратилган эътибор учун кўнгиллари тоғдай кўтарилган, кўзларига ёш билан дуо қилаётган боболаризни инсонийлик учун андоза эканлигини яна бир бор англадик. Қайтар эканман узоқ ўйлайман кимларнингдир орзуларида, кимларнингдир умрларини яшаб юрган биз ҳозирги авлод, шу боболаримизга муносиб фарзанд бўла оляпмизми?

Фаолиятимиз давомида минг афсуски бугунги таҳликали, синовли кунларга сабр-қаноат қилмасдан,  берилган эътиборни, кўрсатилган ёрдамни қадрламаётган “У кам, униси яхши эмас, бизга етмайди ” дея нолиётган сабрсизлар, виртуал оламда турли важлар билан, ўзини кўз-кўз қилаётган қаноатсизлар, наҳотки бизнинг аҳолимиз бўлса?

Наҳотки, ота-боболаримиз ширин ҳаётидан кечиб очарчилик йиллари, бир ярим миллиондан ортиқ ҳар хил миллат вакилларига уйларидан жой бериб, бир бурда нонини минг бўлакка бўлиб улашган, тинчлик учун жангга кирган, оғир кунларни бошидан кечиргани ёдимизда бўлмаса?

Ҳолбуки, ҳозир уларнинг бирлари кўзи ожиз, бирлари тўшакка михланган, аммо юзларида шукроналик, қўллари доимо дуога очиқ. Биз ким бўлдик? Инсон сабр ила инсон, сабр эса сир, ор ва синовдир дейдилар.

Отаси, акалари, турмуш ўртоғи ва фарзандларидан айрилган, умрининг ярмидан кўпини ўлганми ёки тирикми, дараги бўлмаган турмуш ўртоғини кутиб яшаган онаизорларимиз, аёлларимиз садоқати, сабрлари бугун бизга ўрнак бўлганда эди, ҳаммаси яхши бўлар, ҳаётимиз бунданда гўзаллашар эди. Фарзандларимизга бор тарихнинг бўй-басти билан кўрсатиш мақсадида муҳтарам юртбошимиз томонидан ташкил этилган “Ғалаба боғи” 75 йиллик ўтмишни кўз ўнгимизда гўёки жонли қиёфасини яратиб беради.

Ўзбек халқининг урушда кўрсатган қаҳрамонликларини ўттиз тўрт томли китобда акс этилиши, ватанга муҳаббат, халқ олдидаги қарздорлик ва жавобгарликнинг асосий далили бўлди. “Илҳақ” бадиий филмининг телеэкранларда намоён бўлиши эса матонат мадҳияси бўлган Зулфия ая кўзларидаги дард, дилидаги оғриқ миллатимиз оналари, бувилари юрагидаги ғамдан сўзлаши, “Болаларимнинг биттаси ҳам қайтиб келмадия ” каби оҳ-у фарёди бизни бугунги ҳаётга шукроналик руҳида яшашга ўргатади. Филмни таъсирланмасдан кўришни иложи йўқ, ўзбеклар “Катюшани” куйлаётганда, қачонлардир ўзбек ўғлонлари: “Ҳиди келса маст бўлайлик…”ни ҳиргойи қилиб қўлида бомба билан ўзини ва душманни портлатгани мана мен ўзбекман деган ҳар қандай инсонни кўзларини ёшлатади.

Бу тарихни қадрлаш оталар фарзандига, фарзандлар кейинги авлод вакилларига етказиши ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, “Ҳали қанча шодликларимиз олдинда, қанча хуррам давримиз олдинда. Ўзбек халқи бор экан, Ватаннинг қадди чўкмайди, тиззаси букилмайди” .
Ўйлайманки буюк аждодларимиз бардошидан ўрнак олиб, биз албатта бу синовларни енгамиз. Тарих бизни шукр қилишга, ҳар бир кунни қадрига етиб, ундан унумли фойдаланиб, эзгулик йўлида давом этишга ўргатади.

Шамс Табризий “Олтин қирқ қоидаси” асарида шундай дейдилар: “Бошингга қандай мусибат тушушидан қатъий назар, тушкунликка тушма. Барча эшиклар ёпилса ҳам, У меҳрибон Зот сен учун битта тешикни очиқ қолдиради. Ҳозир кўра олмаётган бўлсанг ҳам, бу машаққатли синовлар ортида сенга аталган жаннат боғлари бор. Шукрона айт! Истагинг бажо келтирилганда шукр қилиш яхшидир. Тилагинг амалга ошмаганида ҳам шукр қилиш лозим”.

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар
Кенгаши депутати Феруза Солиева

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар