» » Уруғлик дон Жиззах вилоятининг ўзида етиштирилади

Уруғлик дон Жиззах вилоятининг ўзида етиштирилади

17 май 2020 г 1 050 Комментарии: 0

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида уруғлик учун экилган ғалла ҳосилини йиғиштириб олишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган семинар йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоятда мавжуд майдонларга экиш учун йилига 25 минг тонна уруғлик ғалла сарфланади. Ўтган йилларда бу уруғликнинг 10 минг тоннадан зиёдроғи вилоятда етиштириб келинди. Уруғлик доннинг қолган қисми республикамизнинг Андижон ва бошқа вилоятларидан келтирилмоқда.
Ваҳоланки, вилоятда уруғлик ғалла етиштириш имконияти катта. Илгари республикамизнинг ғалла уруғчилиги базаларидан бири бўлган вилоятда нега уруғлик бошқа ҳудудлардан келтирилаётир?
Вилоят ҳудудида бир асрдан зиёд фаолият кўрсатиб келган Ғаллаоролдаги ғаллачилик илмий-тадқиқот институтининг тугатилиши уруғчилик соҳаси ривожининг сустлашувига олиб келган сабаблардан бири бўлган эди. Президентимиз қарори билан ушбу институтнинг қайта тикланиши бошоқли, дуккакли ва бошқа экинлар селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологиялари яна илмий асосда йўлга қўйилди. Хусусан, энди вилоят эҳтиёжи учун керак бўлган уруғлик ғаллани шу ерда етиштириш имконияти яратилди.
Семинарда иштирок этган қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, уруғчилик марказлари, илмий муассасалар мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари уруғлик дон етиштириш ва тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ва долзарб масалалар бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди.
– Айни пайтда уруғчилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликларининг далаларида вилоятнинг уруғликка эҳтиёжини қоплайдиган даражада ҳосил етиштирилмоқда, – дейди Ғаллаорол ғаллачилик илмий текшириш институти бўлим мудири, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Сайдалим Ғайбуллаев. – Ғалла уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликларида институтимиз жамоаси билан ҳамкорликда нав танлаш, экиш, парваришлаш ва бошқа агротехник тадбирларни илмий талаблар асосида амалга ошириб келмоқда. Кейинги ўрганишлар ғалланинг бугунги ривожи уруғлик етиштириш талабларига тўлиқ жавоб беришини кўрсатди. Ҳосил тўлиқ йиғиштириб олинса, ҳудуд эҳтиёжидан ташқари, бошқа вилоятларга ҳам уруғлик ғалла етказиб бериш имконияти бор.
Семинарда уруғлик ғалла етиштирилаётган майдонларда апробация ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Уруғчиликдаги ушбу муҳим агротехник тадбирни сифатли ўтказиш муддатлари, бу ишга жалб этиладиган мутахассислар таркибини шакллантириш ва уруғлик донни йиғиштириб олиш, тозалаш, навлар бўйича саралаш, сақлаш билан боғлиқ юмушлар юзасидан таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқилди.
Т.БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!