Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Жиззах: “Яшил ҳудуд”да карантин талаблари қандай бажарилмоқда?

Жиззах: “Яшил ҳудуд”да карантин талаблари қандай бажарилмоқда?

17 май 2020 йил
221
0

Жиззахда коронавирусга чалинган 3 нафар фуқародан энг охирги бемор соғайиб чиққанига 15 кун бўлди.

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ инфекциядан холи “яшил ҳудуд” деб эълон қилинган вилоятда ҳаёт аста-секин ўз ўзанига тушмоқда.

Бозорлар, дўконлар ишлаб турибди, давлат муассасаларида фуқаролар қабул қилинмоқда. Аввалгидай, серқатнов бўлмасада, йўналишсиз таксилар йўловчиларга хизмат кўрсатаётир, одамлар ишга қатнашда, зарур юмушларда шахсий транспорт воситаларидан фойдаланмоқда.

Бироқ, “яшил ҳудуд” мақоми берилгани карантиндан тўлиқ воз кечилди, дегани эмас. Кўча ва бошқа жамоат жойларида одамлар ниқобдан фойдаланиш, ижтимоий масофани сақлаш, тўпланмаслик, оммавий тадбирлар ўтказмаслик талабларига тўлиқ риоя қилиши керак.

Карантин талабларининг юмшатилиши ортидан одамларда тўлиқ хотиржамликка берилиб, инфекция тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида тарғибот, тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Шу мақсадда вилоятда ички ишлар органлари ходимлари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва давлат солиқ инспекцияси ходимларидан тузилган ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари бозорлар, автомобил эҳтиёт қисмлари дўконлари, қандолат цехлари, саноат корхоналари, сартарошхона каби жамоат тўпланиши мумкин бўлган жойларга ташриф буюриб коронавирус инфекциясининг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини ўтказмоқда.

Тарғибот давомида маиший хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш корхоналарининг эшик ва деразаларининг тутқичларини махсус бинт билан ўраш, доимий зарарсизлантириб туриш, ҳар куни ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаб махсус журналга қайд этиб бориш бўйича тавсия ва тушунтиришлар беришмоқда.

Тадбирлар давомида биргина Жиззах шаҳрининг ўзида 130 дан зиёд савдо дўконлари кўздан кечирилиб, карантин қоидаларига амал қилмаган, санитария қоидаларини бузган 31 нафар савдо фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Айниқса, йўналишсиз таксилар ва шахсий енгил машиналардан фойдаланишга рухсат берилиши аҳолига катта қулайлик яратди.

– Бироқ яратилган енгиллик барча чекловлар олиб ташланганини билдирмайди, – дейди вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Эркин Очилов. – Афсуски, ҳайдовчилар орасида йўловчи ташишда, ниқобдан ва бошқа хавфсизлик воситаларидан фойдаланишда, салондагилар билан масофа сақлашда карантин талабларини бузувчилар ҳам учраб турибди. 
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тартиббузарларга белгиланган тартибда чоралар кўриш билан ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. Мақсадимиз ўзимиз ва бошқаларнинг соғлиғини эҳтиёт қилиб, “яшил ҳудуд”имизда осойишталикни барқарор сақлаш.
Т. БЕКНАЗАРОВ
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар