Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Келажакни  кўзлаб қабул қилинган фармон

Келажакни  кўзлаб қабул қилинган фармон

22 май 2020 йил
333
0

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти ташкил этилди, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан ислоҳ қилинди.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили, шунингдек, фуқаролар билан ташкил этилаётган учрашувлар натижалари ҳали амалга оширилиши лозим бўлган муаммоли масалалар борлигини намоён қилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жамоатчилик назаротини амалга ошириш субъектлари бўлган нодавлат ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлигини очиқ эътироф этиш жоиз. 

Мавжуд муаммоларнинг асосийси, халқ билан мулоқотни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи «кўприк»нинг йўқлиги, бу эса давлат органлари фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларига салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал қилиш давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларига бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни, жумладан аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситалари ва механизмларини жорий этишни талаб қилмоқда.

Ҳозирда жамоатчилик билан ишлаш тизими жойларда ва соҳаларда халқимизни қийнаётган масалаларни давлат миқёсига олиб чиқиб, ҳал қилишда натижа кўрсата олмаяпти. Кўп нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда.

Муҳтарам Президентимиз жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлаб, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Юртбошимиз томонидан жорий йил 16 апрель куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳамда жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида яна бир янги дастуриламал бўлди.

Мурожаатномада илгари сурилган “Жамият–ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида қабул қилинган Фармонда мазкур палатанинг белгилаб берилган вазифалари шу даражада пухта ишлаб чиқилганки, буни алоҳида таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Хусусан фуқароларимизнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиши, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиш, жамоатчилик фикрини ўрганишдан иборат.

Қолаверса, Фармонда Жамоатчилик палатаси аҳоли фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориши, уларнинг ечимини топиш бўйича давлат идоралари олдига аниқ вазифаларни қўйиши зарурлиги, “Жамоатчилик эшитуви”, “Жамоатчилик экспертизаси”, “Жамоатчилик мониторинги”, "Жамоатчилик ташаббуси" каби таъсирчан назорат шаклларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бу айнан Давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйишни таъминлайди.

Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назорати омилининг ўрни беқиёс. Президентимизнинг халқчил ғоя ва ташаббуслари билан ташкил этилган жамоатчилик палатаси жамият ижтимоий ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар