Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Фориш туманида кичкина иссиқхонадан миллионлаб даромад олинмоқда

Фориш туманида кичкина иссиқхонадан миллионлаб даромад олинмоқда

22 май 2020 йил
100
0

Жиззах вилоятидаги аҳоли хонадонларида 76,2 гектар майдонда 6 минг 941 та енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд.
Хонадонларда жорий йилда яна 42 гектар майдонда 3 минг 500 та ихчам иссиқхоналар қурилиши мўлжалланган бўлиб, бугунги кунгача 245 таси қурилди.
Эндиликда иссиқхона фақат шаҳардаги ва суғориладиган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида эмас, лалмикор қишлоқларда ҳам кўпаймоқда. Масалан, азалдан чорвачилик билан шуғулланиб келган Фориш тумани Қизилқум қишлоғида бундан уч-тўрт йил аввал биров томорқасида иссиқхона қуришига ишониш қийин эди. Ер ости сувларидан фойдаланадиган бу қишлоқда бугун соҳанинг чинакам миришкорлари етишиб чиқаётир.
Қизилқумлик Абдулла Шаукаров 30 сотих томорқасидан янада самаралироқ фойдаланиш учун 2,5 сотих ерни 2,5 метр чуқурликда ковлаб, иссиқхона қурди. Ишнинг кўзини биладиган хонадон соҳиби иссиқхонага томчилатиб суғориш ускуналари ҳам ўрнатди.
Шу йилнинг февраль ойида иссиқхонага 800 туп помидор ва булғор қалампири кўчатлари, ҳамда бодринг экилган эди. Бугунги кунда иссиқхонага экилган экинлар баравж ривожланиб, киши кўзини қувонтиради. Айни кунларда пишиб етилган помидор, булғор қалампири ва бодринг бозорга чиқарилмоқда.
– Барча агротехник тадбирларни оила аъзоларимиз билан ўзимиз уддалаяпмиз, – дейди А. Шаукаров. – Айниқса ўғлим Зиёдулла зироатчилик сирини яхши ўзлаштириб олган. Помидорнинг ўзидан 4 тоннадан зиёд ҳосил олишни кўзлаб турибмиз. Меҳнат қилганга томорқа, айниқса иссиқхона кони фойда.
Шаукаровлар иссиқхонадан ташқари, 30 сотих томорқада турли озиқ-овқат экинлари экиб, парваришламоқда. Тадбиркор оила томорқада яна битта иссиқхона бунёд этишни мўлжалламоқда.
Туманда аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш учун иссиқхоналар барпо этишга эътибор кучайтирилмоқда. Жорий йилда аҳоли томорқаларида жами 15 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этиш мўлжалланган.
Фориш тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати 
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар