» » ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ

09 июль 2020 г 6 277 Комментарии: 0

Азиз вилоятимиз аҳли, қадрли юртдошлар!

Бугун сиз азизларга яна бир бор, мурожаат қилиб бутун дунёга хавф солаётган, нафақат инсонлар соғлиғига, балки, иқтисодиёт, сиёсат, шунингдек жамият тараққиётининг барча жабҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган, энг ачинарлиси кун сайин кўлами ва ҳажми кенгайиб бораётган коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишга чақирмоқчиман.

Айни пайтда ер юзида мазкур пандемия таъсирига тушмаган, ундан азият чекмаётган, бу инфекциядан жабр кўрмаган мамлакатнинг ўзи қолмади, ҳисоб.

Ҳар куни минглаб қурбонлар берилмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра айни пайтда дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони 12 миллион нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Аянчлиси шундаки, на чегара, на миллат ва на ёш танламайдиган бу балонинг шиддат билан тарқалиши оқибатида ўтган қисқа муддатда ер юзида беш юз мингдан зиёд инсон бевақт ҳаёт билан видолашди.

Афсуски, мазкур пандемия ўтган қисқа даврда бизнинг юртдошларимиздан ҳам 50 нафарини орамиздан олиб кетди, 11 ярим мингга яқин ҳамюртларимиз эса ушбу касалликдан азият чекмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Сўнгги ойлар давомида Жиззах вилоятида эпидемиологик вазият яхшиланганлиги сабабли оилавий тадбирлар, тўй-ҳашамларнинг ўтказилишига рухсат берилди, шунингдек ишлаб чиқариш корхоналари ва қурилиш объектларида фуқароларимиз меҳнат фаолияти йўлга қўйилди.

Аммо, хотиржамликка берилганлигимиз оқибатида охирги ўн беш кун ичида вилоятимизда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари кескин ўсиб бораётганлиги айни вақтда касаллик тарқалишига қарши карантин чекловларини қайтадан кучайтиришни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг 61 нафари касалликка чалинган бўлса, айни дақиқаларгача, уларнинг 31 нафари соғайди.

Ҳозирда Жиззах шаҳрида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 27 нафари даволанмоқда. Шунингдек, 281 нафар фуқаролар карантин ва тиббий кузатувда сақланмоқда.

Энг аянчлиси шундаки, вилоятимизда олиб борилаётган даволаш профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, 3 та ўлим ҳолати қайд этилди.

Вилоят миқёсида коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштириш махсус штаби томонидан ҳар куни вилоят миқёсида 500 нафардан зиёд шахсий таркиб 40 дан ортиқ махсус техникалар ёрдамида барча шаҳар ва туманларда дезинфекциялаш ишларини амалга оширишмоқда.

Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунгача вилоятдаги барча шаҳар ва туманларга киришда 44 та блокпостлар ташкил этилган бўлиб, мазкур блокпостлардан рухсатнома асосида ўтаётган йигирма  мингдан зиёд автотранспорт воситалари дезинфекция қилинди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олийжаноб шифокорларимиз ҳамда Ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Азиз дўстлар!

Юртдошларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг саломатлигини доимий муҳофаза қилиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда фуқаролардан коронавирус инфекциясига гумон билан биологик намуналар олиниб, вилоят санитария эпидемилогик осойишталик маркази вирусологик лабораториясида замонавий усулларда (ПЗР) текширилмоқда.

Ҳар қандай вазиятда ҳам касалланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда зудлик билан эпидемиолог, пулманолог, инфекционист, реаниматолог, терапевтлардан иборат малакали тиббиёт ходимлари жалб этилиб самарали даволашнинг зарур чоралари кўрилаётганини барча юртдошларимизга яна бир таъкидламоқчиман.

Шу ўринда минг афсуслар билан айтиб ўтиш жоизки, мана шундай ўта таҳликали бир шароитда ҳам давлатимиз томонидан аҳолига яратилган енгиллик, имконият ва имтиёз ҳамда қулайликларни айрим юртдошларимиз кўр-кўрона суистеъмол қилаётганликлари барчамизни ташвишга солмоқда.

Айниқса, тўй-маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш, ўзини-ўзи яккалаш ёки оддий шахсий гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиш талаблари қайта ва қайта тушунтирилишига қарамасдан эътиборсизлик ва тартиббузарликнинг оқибати фуқароларимизга ҳар томонлама қимматга тушмоқда.

Зеро, юртимизда коронавирус билан касалланган ҳар бир бемор учун алоҳида эътибор, дори-дармон ёки уни ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилиб, бунинг ҳуқуқий молиявий асослари қатъий белгилаб қўйилди.

Ҳатто аксарият ривожланган давлатларда учрамайдиган тажриба – ҳар бир коронавирус инфекцияси билан касаллаган  беморнинг  тўлиқ даволаниши учун 32 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда.

Шундай бўлсада, айрим юртдошларимиз томонидан ўзбошимчалик билан қилинган ҳатти-ҳаракатлар, айниқса, ўз вақтида тиббиёт ходимларига мурожаат қилмаслик, касаллик белгилари юқори даражага чиққунга қадар ўзини-ўзи даволашга уринишлар оғир салбий ҳолатларга олиб келмоқда.

Энг ачинарлиси, бу каби оддий эътиборсизлик, ўзбошимчалик ва жорий этилган карантин қоидаларига риоя этмаслик нафақат фуқаронинг ўзига, балки аксарият ҳолларда бутун бошли маҳалла ёки кўчадаги барча аҳолининг ҳаётини жиддий хавотирга солиб қўймоқда.

Айниқса, бу каби совуққонлик, лоқайдлик ва беписандлик биринчи навбатда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳамда сурункали касалликлари бўлган ҳамюртларимиз учун фавқулодда ўта хавфли эканлигини наҳотки тушуниб етишмаётган бўлсалар!

Тасаввур қилинг, маҳаллада коронавирус билан касалланган фуқаро бир кунда энг камида қўни-қўшни, қариндош уруғларидан 40 нафарга яқин кишига инфекция юқтириши муқаррарлиги такрор ва такрор таъкидланмоқда ва бу исботланган ҳолатдир.

Аммо кўпчилик юртдошларимиз онгли равишда мавжуд талаб ва қоидаларга ҳалигача эътиборсизлик қилаётгани оқибатида ўзларининг билиб-билмай даҳшатли қирғин қуролига айланиб қолиши мумкинлиги ҳанузгача тушуниб етмаяптилар!

Бугун хеч биримиз атрофдагиларнинг – қавми қариндош ҳамда  элу-юрт олдида дашном ва тавқи лаънатга қолишни, кимнингдир хонадонида аза бўлишига, қариндошлик, қўни-қўшничилик ришталарининг узилишига сабабчи бўлиб, бир умрлик виждон азобида юришини истамаймиз!

Шундай экан, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан пандемия шароитида бехавотир яшаш, осойишда меҳнат қилиш, оила даврасида хотиржам ва соғ-саломат юришимизнинг аниқ механизми ишлаб чиқилди.

Халқимиз таъбири билан айтганда давлат томонидан аҳолининг, нафақат жони, балки моли ҳам бу офатдан ҳимоя қилинишининг барча чоралари кўрилмоқда.

Аҳолидан эса бунга жавобан фақат бир нарса – таҳликалардан холи, хотиржамликда уйда қолиш, ортиқча саросимага берилмаслик, меҳр-мурувватли бўлиш, ўзини ва оиласини асраш, турли манбалар орқали тарқатилаётган миш-мишларга ишонмаслик, қатъий иродали, собитқадам бўлишлари талаб этилмоқда холос.

Азиз юртдошлар!

Бугунги синовли кунларда ҳам қайсидир тоифадаги ғараз ниятли кимсалар томонидан сунъий тақчиллик келтириб чиқаришга, турли асосланмаган ахборотлар тарқатиб аҳолини ортиқча саросимага солишга уринишлар кузатилмоқда.

Биз бу кунларда ҳар қачонгидан ҳам бирлашиб, баҳамжиҳатликда, мана шундай ташвишли, таъбир жоиз бўлса, оғир кунларни биргаликда енгиб ўтишимизга иншонаман!    

Яратганнинг ўзи жиззахликларни, бутун халқимизни ҳамда инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин! УЙДА ҚОЛИНГ!

Эътиборингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!