» » ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЖИЗЗАХ АҲЛИГА МУРОЖААТИ

19 июль 2020 г 4 435 Комментарии: 0

Азиз вилоятимиз аҳли, қадрли юртдошлар!

Бугун сиз азизларга яна бир бор, мурожаат қилиб бутун дунёга хавф солаётган, нафақат инсонлар соғлиғига, балки, иқтисодиёт, сиёсат, шунингдек жамият тараққиётининг барча жабҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган, энг ачинарлиси, кун сайин кўлами ва ҳажми кенгайиб бораётган коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишга чақирмоқчиман.

Айни пайтда ер юзида мазкур пандемия таъсирига тушмаган, ундан азият чекмаётган, бу инфекциядан жабр кўрмаган мамлакатнинг ўзи қолмади ҳисоб.

Ҳар куни минглаб қурбонлар берилмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони 14 миллион нафардан ошди.

Аянчлиси шундаки, на чегара, на миллат ва на ёш танламайдиган бу балонинг шиддат билан тарқалиши оқибатида ўтган қисқа муддатда ер юзида беш юз мингдан зиёд инсон бевақт ҳаёт билан видолашди.

Афсуски, мазкур пандемия ўтган қисқа даврда бизнинг юртдошларимиздан ҳам 80 нафардан зиёдини орамиздан олиб кетди, 15,5 мингдан ортиқ юртдошларимиз эса ушбу касалликга чалинди.

Қадрли юртдошлар!

Жиззах вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблашиб, касалланиш даражаси кундан-кунга ошиб бориб, бир кун давомида 10 нафаргача бўлган фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқланмоқда.

Вилоятдаги 6 та даволаш профилактик муассасаларида, жами 340 нафар беморлар тиббий назоратга олинган бўлиб, улардан 104 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Улардан 60 нафар соғайган, 41 нафари даволанмоқда. Қолган 236 нафар коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар малакали тиббий ходимлар томонидан даволаш ишлари олиб борилмоқда. Коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафари оғир ва 3 нафари ўта оғир холатда.

Вилоятда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ фуқароларнинг мурожаатларига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий амалий маркази Жиззах вилоят филиалида “CALL SENTER” фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур марказга малакали тиббиёт ходимлари жалб қилиниб, (72) 226-32-03, (72) 226-25-98 телефон рақамлари орқали кунлик 200-220 нафар фуқароларнинг мурожаати юзасидан тегишли маслаҳат ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Вилоятда тез тиббий ёрдам (103) тизимида 112 та автомашина фаолият олиб бориб, уларнинг 63 тасида JPS навигатор ўрнатилган. 3 та реамобиль автомашинасида ЭПИД бригада ташкил қилиниб, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Тез тиббий ёрдам марказларига бир кунда 1500-1600 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушмоқда. Ушбу мурожаатларнинг 150-160 таси тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ бўлган мурожаатларни ташкил қилмоқда.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ISUZU русумдаги автобусда тиббий аппарат ва жиҳозлар билан жиҳозланиб, “Мобил поликлиника” ташкил қилинган. Ҳар бир туманлардаги бирламчи тиббий санитария бўлимларида мобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятда Санитария эпидемиологик осойишталик маркази ва вилоят ОИТС маркази лабораторияларида коронавирус инфекциясига текшириш (ПЦР тест синовлари) ўтказилмоқда, бугунги кунга қадар фуқаролардан 47 минг 595 та тест синовлари олинган бўлса уларнинг 44 минг 12 тасининг анализ жавоблари чиқди. 3 минг 583 таси текшириш жараёнлари давом этмоқда. Бир кунда ўртача 1400-1500 тест синовлари олинмоқда. “Covid-19”га чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанади. Мазкур марказда беморларни даволаш учун 155 та ўрин-жой (койка) ташкил қилинган. 42 нафар тиббиёт ходимлари жалб қилинган. Бундан ташқари пандемия шароитида касалликка гумон қилинганларни вилоят Эндокринология, Тери-таносил, Кардиология, Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Жиззах санаторияси ҳамда ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларида вақтинчалик ташкил этилган провизор госпиталларида беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Вилоятда бугунги кунда “Covid-19”га чалинган беморларни даволаш учун 7 та тиббиёт муассасасида 741 та ўрин-жой (койка) ташкил этилиб, тўлиқ кроват ва керакли жиҳозлар билан таъминланган.

Ҳозирги вақтда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари қошида жами 200 тадан  қўшимча ўрин-жой (койка) ташкил этилмоқда. “Covid-19”га чалинган беморларни даволашга мўлжалланган тиббиёт муассасаларида шифокор ва ҳамширалар етарли. Бундан ташқари ташкил этилиши мумкин бўлган провизор госпиталларга тиббиёт ходимларни жалб қилиш ва тиббиёт ходимларига етарли даражада шароитлар яратиш юзасидан вилоятдаги мавжуд 3 та Абу Али Ибн Сино номидаги жамоатчилик техникумлари ҳамда 1 та тиббиёт коллежида фаолият олиб бораётган мутахассислар ҳамда ҳамшираларни жалб қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар “Covid-19”га чалинган беморларни даволашда иштирок этган 108 нафар, шундан 34 нафар врач,  40 нафар ўрта тиббиёт ходими, 16 нафар кичик тиббиёт ходими ҳамда 18 нафар бошқа ходимларга, жами 1 млрд 700 млн сўм маблағ тўлаб берилди. Бундан ташқари 1690 нафар тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақига қўшимча равишда 6 фоизлик устамаси билан 3 млрд 862,9 млн сўм маблағ тўлаб берилди.

Вилоятда фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида, жами 43 млрд 485,7 млн сўм маблағ ажратилган.

Шундан, 24 млрд 85,5 млн сўм маҳаллий бюджетдан, 19 млрд 400,2 млн сўм республика бюджети ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан ажратилган. Дори-дармон билан таъминлаш даражаси ўртача 83 фоизни ташкил этади. Ҳозирги кун 12 млрд 503,9 млн сўмлик 187 турдаги дори-дармон ва тиббиёт буюмлари заҳираси мавжуд.

Вилоят аҳолисини зарур дори-дармон воситалари билан ўз вақтида ва мақбул нарҳларда таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 16 июлдаги 129-ф-сонли фармойишига асосан маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2,0 млрд сўм маблағ “Жиззах дори-дармон” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман ҳокими аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини (боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар) зарур дори-дармон воситалари билан беғараз таъминлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган маблағлар ҳисобидан 100,0 миллион сўм маблағни “Жиззах дори-дармон” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилмоқда.

Вилоятдаги мавжуд 400 дан ортиқ дорихоналарда нарх-навонинг кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида прокуратура, монополия, фармацевтика вилоят бўлими, солиқ органлари ходимлари таркибидан иборат вилоят Ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан кунлик назорат ишлари амалга оширилмоқда.

2020 йил якунига қадар вилоят аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ таъминлаш ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, тиббий меъёрларга асосан жорий йил якунига қадар аҳоли истеъмоли учун 48,6 минг тонна картошка, 22,4 минг тонна пиёз, 17,2 минг тонна сабзи, 11,0 тонна гуруч, 97,0 минг тонна ун ва нон маҳсулотлари, 21,3 минг тонна мол ва қўй гўшти, 52,7 минг тонна сут маҳсулотлари, 10,9 минг тонна балиқ, 234,1 млн дона тухум талаб қилиниши ҳисоб-китоб қилинди.

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қоплаш ҳамда уларнинг нархлари кескин кўтарилиб кетишини олдини олиш учун вилоятда 135,2 минг тонна картошка, 124,6 минг тонна пиёз, 46,3 минг тонна сабзи, 307,9 минг тонна полиз, 0,7 минг тонна гуруч,  536,3 минг тонна ун, 132,6 минг тонна мол ва қўй гўшти, 609,0 минг тонна сут, 9,9 минг тонна балиқ ҳамда 301,8 млн. дона тухум етиштирилади.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида куз-қиш мавсумида яратиладиган захира 2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумига 17,4 минг тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумладан 11,3 минг тонна картошка, 3,7 минг тонна пиёз, 1,7 минг тонна сабзи, 776 тонна гуруч маҳсулотлари заҳирага жамғарилиб, нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш мақсадида деҳқон бозорларида сотилиши таъминланади.

Бугунги кунда вилоятдаги барча даражадаги истеъмолчиларига ун ва ун маҳсулотлари етказиб берувчи 417 та, шундан, 218 та қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, 199 та аҳоли чакана нархларда ун маҳсулоти етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда.

Жорий йил июль ойида ишлаб чиқилган кунлик график асосида 199 та аҳолига ун маҳсулотлари етказиб берувчи чакана савдо субъектларига 4,1 минг тонна ва 218 та қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга 1,1 минг тонна ун маҳсулотлари тизимли етказиб берилмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг 13 июлидан бошлаб Жиззах шаҳар ва барча туманлар марказларида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказига мурожаатларни қабул қилишни ташкил этиш мақсадида қисқа рақамли 1197 телефон тармоғи (call-center) ишга туширилди.

Жорий йилнинг 13-18 июль кунлари Call-center марказига 718 та, шундан 657 таси озиқ-овқат, 42 таси дори-дармон ва 19 таси бошқа масалаларда мурожаатлар келиб тушган.

Вилоятда карантин тартиб қоидалари кучайтирилган бир вақтда биринчи навбатда вилоят бўйича эҳтиёжманд (камбағал) сифатида рўйхатга олинган 12168 та (Арнасой 492 та,Бахмал 1344 та, Ғаллаорол 1844 та, Дўстлик 845 та, Шароф Рашидов 1551 та,Зомин 1926 та, Зарбдор 668 та, Зафаробод 278 та, Мирзачўл 327 та, Пахтакор 902 та, Фориш 464 та, Янгиобод 218 та ва Жиззах шахар 1209 та) оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва ҳомийлик асосида 11 турдаги зарур озиқ-овқат ва дори-дармондан иборат моддий кўмак ажратилмоқда.

Бугунги кунга қадар эҳтиёжманд ҳамда (Call-center)га мурожаат қилган ва ана шу тоифадаги оилалардан 1233 нафарига “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 161 млн.сўмлик озиқ-овқат ва бошқа турдаги махсулотлар етказиб берилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳудудларда карантин вақтида эҳтиёжманд, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз оилалар рўйхати шакллантирилиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 18 июль куни 1000 нафар ана шу тоифадаги оилаларга кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар захираси тайёрланиб, оилаларга етказиб берилди.

Касалликнинг олдини олиш юзасидан вилоят ҳокимлиги қошида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, коронавирус профилактикаси, эпидемияга қарши амалга оширилаётган тадбирлар мувофиқлаштириб борилмоқда.

Вилоятда карантин қоидаларига амал қилиниши устидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида, шу кунгача 9699 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, 5 млрд 523, 2 млн сўм миқдорида жарима солинди.

Вилоят, шаҳар ва туманлар Санитария эпидемиологик осойишталик марказларида 520 нафар дезинфекторлардан иборат дезинфекция гуруҳлари томонидан ҳар куни ўрта ҳисобда 70-80 та маҳаллаларда, 100-120 та кўча ва ҳиёбонларда, 2700-3000 га яқин кўп қаватли уйлар ён атрофларида, 5200-6000 га яқин таксилар, 150-250 та автобуслар, 330-350 та турли ташкилотларда ва 1100 дан 1300 тагача бозор ва бошқа йирик савдо дўконлари, умумий овқатланиш объектлари ва бошқа жамоат жойларида  дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

Жамоат жойларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаш, 3 кишидан ортиқ одам йиғилмаслик, албатта ниқобда ва қўлқопда уйдан ташқарига чиқиш, қўлларини доимий равишда совун билан ювиш ва антисептик гел билан ишлов бериш, жамоат транспортларида тирбандликка йўл қўймаслик, масофани сақлаш, йўловчи ва хайдовчи ўртасида шаффов целофан тутқичлар билан жиҳозлаш, йўловчилар тушгандан кейин охирги бекатларда транспорт воситаларнинг салонларини тўлиқ дезинфекция қилиш юзасидан маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиш учун тест синовлари Жиззах ихтисослашган олимпия заҳиралари мактаб интернатининг спорт залида бир кунда 3 маротаба тест синовлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1380 нафар абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш имкониятига эга. Жорий йилги тест синовларида 72 320 нафар абитуриентлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар учун ҳар бир абитуриентга карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда бир маротабалик тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланиши режалаштирилган. Мазкур бинода карантин талабаларидан келиб-чиққан ҳолда 6 та дезинфекцияловчи тунел ўрнатилади. Тегишли дезинфекцияловчи восита ва моддалар билан таъминлаш юзасидан заҳира яратилди.

Азиз юртдошлар!

Яратганнинг ўзи жиззахликларни, бутун халқимизни ҳамда инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин! УЙДА ҚОЛИНГ!

Эътиборингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!