Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Форишда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик қандай?

Форишда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик қандай?

28 июль 2018 йил
668
0

Мамлакатимизда ёшлар, айниқса вояга етмаганлар таълим-тарбияси, улар ўртасида ҳуқуқ бузарликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор кучайтирилган.

Туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссиясининг «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу борада 2018 йилнинг ўтган олти ойи давомида амалга оширилган ишлар» муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вояга етамганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, умумтаълим мактаблари директорлари таклиф этилди.

Йиғилишда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Жиянов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида комиссия аъзолари ҳамкорликда ўзларининг вазифалар тақсимотига кўра, вояга етмаганлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиботқилиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида «Сайёр китоблар карвони», «Китоб – энг яхши ўртоқ» акциялари ўтказилди. Бундан ташқари туман ҳокимлиги ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларига юздан зиёд китоблар совға қилинди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Зиёли авлод» кўрик-танлови ташкил этилиб, танлов олдидан «Менинг Биринчи Президентим – фахрим,ғурурим» шиори остида «Мустақиллигимиз бош меъмори» ҳамда «Эъзоз» номли видеороликлар намойиш этилди.

Туман халқ таълими бўлими қошидаги «Васийлик ва ҳомийлик» органи томонидан ҳам бирқатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилнинг 1 июль ҳолатига 4 нафар ота-онасидан маҳрум бўлган болалар аниқланиб, уларга нисбатан васийлик ва 2 нафар вояга етмаганга нисбатан ҳомийлик белгиланди.

Туманимиз бўйича вояга етмаган болалардан 391 нафари ногирон ҳисобланиб, шундан 16 ёшгача 375 нафарни, 16 нафари 18 ёшгача бўлган ногирон вояга етмаганлардир. Уларнинг ижтимоий таъминот ва таълим олишлари доимий диққат эътиборда. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан 17 нафар уйда таълим олаётган вояга етмаганлар бепул компьютер жамламалари билан таъминланди. 8 нафар болалар протез ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида чақалоқлар ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланмаган бўлсада, 1 нафар она ўлими қайд этилди. Комиссия томонидан ўтган ойлар давомида 3 та маъмурий иш кўрилиб, вояга етмаганларнинг ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан 258360 сўм жарима жазоси тайинланди, 2 нафар вояга етмаганлар ички ишлар бўлимининг профилактик ҳисобига олинди.

Жумладан, Ўхум қишлоғидаги 46-умумтаълим мактаби директори А.Икромов 2017 йил 29 декабрда туман ички ишлар бўлимига хат билан мурожаат қилиб, мактабнинг 6-синф ўқувчиси Бунёд Холов ҳамда 10-синф ўқувчиси Бегзод Холовлар 2017 – 2018 ўқув йилининг октябрь ойидан буён дарс машғулотларига келмаётганлигини маълум қилиб, ушбу ўқувчиларни дарс машғулотларига қайтарилишида мактаб маъмуриятига амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган. Ушбу ҳолат бўйича сўралган Назим Холов ўз тушунтириш хатида вояга етмаган фарзандлари Бунёд ва Бегзод Холовлар узрли сабабларсиз дарс машғулотларига бормаганлиги сабабли синф раҳбарлари томонидан бир неча бор огоҳлантириш хатларини олганлигини, охирги марта 2018 йил 23 январь куни фарзандларининг синф раҳбарларидан огоҳлантириш хатини олиб, фарзандларини мактабга дарс машғулотларига боришини таъминлаб бермаганини тан олди. Фарзандлари таълим-тарбиясига етарли эътибор бермагани боис Назим Холовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-бандига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланиб, давлат фойдасига ундирилди.

Бундан ташқари ўз фарзандларининг таълим-тарбиясига бефарқ бўлган ота-оналар, «Яссикечув» маҳалласидан Раъно Валибоева, «Учма» маҳалласидан Жўрабек Эгамовларга нисбатан ҳам вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия томонидан тегишли тартибда жарима жазоси қўлланилди. «Эгизбулоқ» маҳалласидан 1 нафар вояга етмаган қиз бола туман ички ишлар бўлими томонидан профилактик ҳисобга олинди.

Айрим ота-оналарнинг фарзандлар психологияси ва маънавий ҳолатигаҳамда юриш-туришига етарли эътибор қаратмаётгани боис вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасдқилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 3 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчилари ўз жонига қасдқилиши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Буҳолат ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 тага кўпдир. Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича туман халқтаълими бўлими, 70, 74-умумтаълим мактаблари раҳбарларига 4 та тақдимнома киритилди, 11 нафар ходимларга, шундан 2 нафар мактаб директори, 2 нафар мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда 7 нафар ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ иқтисодий жазо чоралари қўлланилди.

Йиғилишда туман халқтаълими бўлими мудири ўринбосари Наврўз Турдиев, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси ўринбосари Бобир Тангриқулов, «Маҳалла» жамоат фонди туман бўлими раиси Йўлдош Кенгашев, туман бош имом хатиби Рустам Нишоновларҳам сўзга чиқиб, фарзандлар таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, бу борада йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар