» » Италиядан Ўзбекистонга илк бора заъфарон пиёзбошилари жўнатилди

Италиядан Ўзбекистонга илк бора заъфарон пиёзбошилари жўнатилди

24 сентябрь 2020 г 1 469 Комментарии: 0

Италиянинг Брешиа шаҳридан 5 миллион дона заъфарон пиёзбошлари ортилган юк машиналари Ўзбекистонга йўл олди. 

Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонасининг хабарига кўра, 64,5 тонна юк ортилган бир неча юк машиналаридан иборат автокарвон Евроосиёнинг 7 давлати: Словения, Венгрия, Полша, Беларус, Россия ва Қозоғистон ҳудудлари орқали 6 минг 800 километр масофани босиб ўтиб Ўзбекистонга етиб келади.

Бу ноёб ўсимликнинг аъло навли пиёзбошлари асрлар давомида Италия селекционер олимлари томонидан яратилган. Уларни Бахмал адирларида қимматбаҳо заъфарон етиштириш мақсадида экиш режалаштирилган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар Жиззах вилоятида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш, саноат усулида қайта ишлаш ҳамда уни Италия ва бошқа Европа мамлакатларига экспорт қилиш лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 10 апрелдаги «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу соҳада ҳамкорлик учун шароит яратди.

Натижада Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” компанияси билан Италиянинг “Opera SRL” компанияси ўртасида заъфарон етиштириш ва уни экспорт қилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳозирги пайтда ушбу инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 34,4 миллион еврони ташкил этади. Киритилган инвестицияларнинг аксарият қисми заъфарон пиёзбоши улушига тўғри келади. Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 200 га яқин доимий ва 7 мингта мавсумий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари лойиҳа доирасида мамлакатимизга Италиядан малакали агроном ва юқори малакали технологлар жалб қилинган бўлиб, яқин келажакда замонавий сертификация лабораторияларини яратиш кўзда тутилган.

Пиёзбошиларни Ўзбекистонга юбориш чоғида “Opera SRL” компанияси президенти Паоло де Анжелис «Дунё» АА мухбирига интервью берди:

– Ушбу тадбир Италия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тарихида муҳим воқеадир. Чунки Италияда етиштирилган заъфарон пиёзлари биринчи марта ўз тарихий ватанини тарк этмоқда.

Ўзбекистон – Италия лойиҳаси доирасида Брешиа шаҳридан 5 миллион дона доривор ўсимлик пиёзи жўнатилмоқда. Яқин кунларда қолган 75 миллион донасини ҳам юбориш режалаштирилган.

Бундан бир йил олдин Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси кўмагида “BMB Trade Group” ва “Opera SRL” компаниялари заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасини бошлаган эди. Яратилган қулай инвестиция муҳити, Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари туфайли бугун Ўзбекистонда бизнес юритиш учун янги ва кенг имкониятлар очилмоқда.

Жиззах вилояти хокимлиги томонидан “BMB Trade Group” ва “Opera SRL” компанияларига қисқа вақтда Бахмал туманидан 400 гектар ер ажратилди. Бундан ташқари лойиҳани амалга оширишда Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари томонидан кўрсатилаётган кўмакни ҳис қиляпмиз.

“BMB Trade Group” инвестиция ва консалтинг компанияси билан биргаликда Ўзбекистонни жаҳон бозорида етакчи иштирокчи сифатида кўрсатишга имкон берадиган энг йирик заъфарон плантацияларидан бирини яратмоқчимиз.

Бундан ташқари, “BMB Trade Group” билан биргаликда заъфарон кластерида кулинария, фармацевтика ва бошқа соҳаларда юқори талабга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратишни режалаштиряпмиз.

Таъкидлаш жоизки, Италиянинг 5 мингдан зиёд дорихоналарига маҳсулот етказиб берувчи “GESFARM” компанияси билан аллақачон 12 миллион еврога тенг заъфарон етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!