» » Жиззахда IT Park филиали очилди

Жиззахда IT Park филиали очилди

11 ноябрь 2020 г 3 428 Комментарии: 0

Бугун, 11 ноябрь куни Жиззах шаҳрида IT Park минтақавий филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу режалаштирилган 14 та филиалнинг тўртинчиси бўлиб, улардан учтаси Гулистон, Марғилон ва Андижонда очилганди.

Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазир ўринбосари Баҳромжон Олматов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат ва IT Park директори ўринбосари Баҳодир Аюповлар иштирок этишди.

Жиззахдаги IT Park филиали Ш.Рашидов шоҳ кўчаси, 63-уй, яъни Жиззах вилояти ҳокимлигига қарашли олти қаватли бинонинг иккинчи қаватида жойлашган.

Филиал 24/7 режимда фаолият юритиб, у ерда чет эллик шериклар ва турли компаниялар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилади.
Бундан ташқари, IT Parkнинг Жиззах ҳудудида IT-марказ ҳам очилди, бу исталган кишига IT соҳасидаги фан ва касбларни ўрганиш имкониятини беради: компьютер саводхонлиги, дастурлаш, Web-дизайн, график дизайн, мобил робототехника, киберспорт турлари, IT-инглиз тили ва бошқалар.

IT Parkнинг Жиззах филиалига ўқув хоналари ва киберспорт синфлари учун 43 та компьютер тўплами берилди, 43 ўқувчига мўлжалланган 3 та замонавий ўқув хоналари яратилди. Бу ерда йил давомида 500 га яқин талаба таълим олиши мумкин.

Жиззахдаги филиал лойиҳасини IT Park маслаҳатчиси Жаярам Партасарти бошқаради. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Айни пайтда IT Parkнинг бир қатор резидентлари Жиззах филиалига мансуб: PE «ALITECH WEBSITE SOLUTIONS» — веб-сайтларни ишлаб чиқиш бўйича хизматлар; МЧЖ «INCLUDE» — S-Zone —талабаларни камера ёрдамида текшириш, соғлиқни сақлаш тизимларини автоматлаштириш - Medcash; «UZTAN MEDIA» ХК — доменни рўйхатдан ўтказиш хизматлари, шунингдек веб-сайтларни жойлаштириш; PE «MY WAY GROUP» — юкларни етказиб бериш учун «MY GRUZ» дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; МЧЖ «KROXUS SOFT» — CRM ва ERP тизимлари.

IT Park резидентлари учун бир қанча афзалликлар мавжуд (маҳаллий ва хорижий IT компаниялар учун ҳам): даромад солиғи 7,5 фоизгача пасаяди, нол корпоратив ва ижтимоий солиқлар, ўз эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!