Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Фориш туманида энергия тежамкор оҳак заводи қурилди

Фориш туманида энергия тежамкор оҳак заводи қурилди

19 ноябрь 2020 йил
311
0

Фориш туманидаги оҳак кони яқинида “Tianshan Industries” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси барпо этилди.

Кейинги йилларда республикамизда қурилиш кўламининг кенгайиши қурилиш материалларига талабнинг кескин ошишига олиб келди. Бу жараёнда табиий газга муқобил бўлган бошқа ёқилғи турлари билан ишловчи, энергия тежовчи корхоналарга эҳтиёж ортмоқда.

Шу талабдан келиб чиқиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ҳар томонлама қулай, табиий захираларга эга Жиззахда вилоят ҳокимлиги билан Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида табиий газга муқобил бўлган кўмир ёқилғисида ишловчи энергия тежовчи оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.

“Tianshan Industries” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг энергия тежамкор оҳак заводи лойиҳасининг 2,5 миллион АҚШ долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ташкил этади.

Корхонани барпо этишда тежамкор ёқилғидан фойдаланиш, атроф-муҳитни зарарсизлантирмаслик ва бошқа шартлар қабул қилиниб, тегишли норматив ҳуқуқий талаблар асосида ишлаш ҳисобга олинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан корхонага фойдаланиш учун ер майдони ажратиб берилган.

Корхона йилига 100 минг тонна, бир кунда 270 тонна махсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот тўлиқ экспортга мўлжалланган. У хорижга йилига 1 миллион долларлик маҳсулот чиқариши кутиляпти.

Янги корхонанинг дастлабки босқичи ишга тушиши билан 50 та янги иш ўрни яратилади.

Корхона асосий қурилиш ишлари якунига етди. Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган асбоб-ускуналар тўлиқ келтириб ўрнатилди.

Айни пайтда корхонанинг биринчи босқичини фойдаланишга топшириш хужжатлари тўпланмоқда.

2023 йил якунига қадар битказилиши мўлжалланган лойиҳанинг кейинги босқичида хомашёнинг ортиқча исроф бўлишининг олдини олиш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик мақсадида замонавий қадоқлаш цехи ишга туширилади, оҳак чиқитидан қўшимча маҳсулотлар олинади. Жумладан, хомашё чиқитидан карбамид, йўл қурилишида, тиббиётда қўлланиладиган материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

– Вилоятда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишда самарали ишлар амалга оширлаётир, – дейди вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Искандар Аҳатов. – Ҳудуддаги бой табиий ресурс манбалари, қулай тадбиркорлик муҳити хорижий инвесторларни ўзига жалб этмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланиб жорий йилда 302,5 миллион АҚШ доллари ҳажмида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириш белгиланган. Хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарни барпо этишда табиий ресурсларга бой, марказдан олис ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу эътибор туфайли вилоятнинг Фориш тумани хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар энг кўп ҳудуд ҳисобланади. Ушбу “Tianshan Industries” оҳак заводи барпо этилиши билан туманда хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 24 тага етди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, қулай инвестиция муҳитини яратишга берилаётган эътибор туфайли пандемия даври қийинчиликларига қарамай вилоятда хорижий капиитал иштирокидаги йирик корхоналарни барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш изчил давом этаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда хорижий капитал иштирокидаги 16 та янги корхона ва ташкилотлар ташкил этилди.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда рўйхатдан ўтган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 200 та бўлиб, улардан 193 таси ёки 96,5 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 тага ёки 110,5 фоизга ошди.

Янги корхоналар, янги қувватлар ишга туширилиши халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, чекка ҳудудларда йирик корхоналар барпо этилаётгани тадбиркорликни, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш билан билан бирга қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлашга ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Т. БЕКНАЗАРОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фойдали ҳаволалар