» » Олмазордан Боғишамол кўринаркан

Олмазордан Боғишамол кўринаркан

03 декабрь 2020 г 727 Комментарии: 0

Шу йилнинг сентябрь ойидан бери шу аҳвол давом этади, Шодиёр "қуш уйқу" бўлиб қолди. У қанча-қанча қурилишларда иштирок этди, Зоминда, Жиззахда қурган турар жой биноларининг ҳаммасида юртдошлари яшамоқда. Лекин ҳозиргача қурган уйларнинг энг баланди етти қаватлик эди. Сентябрь ойида қурилиши бошланган уй ўн олти қаватли бўлади. Айтишга осон...

Тўғри, Россияда йигирма қаватли бинолар қурилишида ҳам ишлаган. Лекин у даврда қурилишни у бошқармаган, у ерда оддий уста эди. Бугун барча масъулият унинг зиммасида бўлганлиги учун сергак бўлиб қолган. Биринчи қаватдаги ҳисоб-китобда бир миллиметр хато кетса, ўн олтинчи қаватга бориб бу миллиметр неча сантиметрга етишини тасаввур қилинг. Шунинг учун ҳамма ишни ўзи назорат қилмоқда.

Шу хаёллар билан ишчилар ётоқхонаси томонга юрганида ошпазлар нонушта учун чой қайнатаётганига кўзи тушиб, улар билан саломлашди.

—Ишчиларни уйғотаверсам бўладими?—сўради улардан.

—Уйғотаверинг, унгача чой қайнаб қолади...

Шодиёр ётоқхона эшигини очаётиб, ошпазлардан бирининг "Прорабимиз бор жойда хўрозга ҳожат йўқ" деганини эшитиб кулиб қўйди.

Нонуштадан кейин бригадаларга кунлик вазифаларни бўлиб берди.

—Шодиёр ака, саккизинчи қаватга бетон қуйиш учун қолипларни ўрнатиб чиқдик кеча, —деди Шохрух Сафаров. —Бетон қабул қилишга тайёрмиз.

—Шошилма, қолипларнинг қандай ўрнатилганини ўзим кўриб, ўлчаб кўрганимдан кейин бетон оласизлар, —деб қурилиш прораби пайвандчилар бригадасига иш кўламини тушунтирди.

Жиззах шаҳар Олмазор маҳалласидаги осмонўпар биноларни "Bobur temir qurilish materiallari" масъулияти чекланган жамият қурувчилари бунёд этишмоқда. Жиззахда бундай маҳобатли бинолар қурилиши ҳатто тушига ҳам кирмаган айримлар очиқча айтмаса ҳам кўнглида "Қандай қилиб? Ахир ҳеч қачон қурилмаган бундай уйлар!", деб ўйлагани аниқ. Лекин кимдир бошлаши керак эди-ку! Мана, бошланди ўша улуғвор қурилишлар.

Қурувчилар беш метрлик ертўла учун чуқур ковлангач, осмонўпар бинони заминга парчинлаб турадиган 14,5 метрлик сваялар қоқиб чиқишди.

—Биз уй қурилишини тезлик билан битказиш ҳақида эмас, сифат, хавфсизлик, бу ерда яшайдиган юртдошларимизга барча қулайликларни яратиш ҳақида ўйламоқдамиз, —дейди прораб Шодиёр Эргашев. —Шунинг учун етти ўлчаб, кейин қарор қабул қиляпмиз. Ахир, хонадонларга сўнгги михни қоқиб, унинг эгаларига калитни топширишни зиммамизга олганмиз. Улар тўғридан-тўғри хонадонларга кириб яшай бошлашлари мумкин бўлади.

Бундай қурилишлар вилоятимизда илк бор амалга оширилаётгани учун, келинг, айрим маълумотлар билан таништириб ўтайлик.

Қурилиш лойиҳа нархи 28,5 миллиард сўм бўлиб, унинг 30 фоизи МЧЖ томонидан қопланади. Қурилиш ишларининг 70 фоизи эса "Ипотекабанк" АТИБ томонидан ажратилган кредит ҳисобига амалга оширилади. Битта кириш жойидан ҳар бир қаватдаги тўртта уч хонали ва битта бир хонали хонадонларга ташриф буюришингиз мумкин. Бу билан ўн олтинчи қаватгача пиёда чиқасиз, демоқчи эмасмиз. Кириш жойида иккита лифт ишлаб туради. Уларнинг биттаси шу биноларда яшовчилар ва меҳмонларга хизмат кўрсатса, иккинчиси юқорига юкларни олиб чиқишга мўлжалланган.

Тўртта уч хонали хонадонларнинг ҳар бири 81,5 метр квадрат бўлиб, хоналардан ётоқхона, меҳмонхона ва болалар хонаси сифатида фойдаланиш кўзда тутилган. Оиласида уч нафаргача одам бўлганлар учунбир хонали хонадоннинг фойдали майдони 54 метр квадрат бўлиб, айрим уйлардаги икки хонали хонадонлардан ҳам кенгроқ экан.

Албатта, осмонўпар бинода яшашни хоҳлаган ҳар қандай киши хонадонларнинг нархи билан қизиқиши табиий.

—Ушбу уйлардаги хонадонларнинг ҳар метр квадрати 4,5 миллион сўм туради. Бошланғич тўлов эса умумий нархнинг 20 фоизини ташкил этади, —дея изоҳ берди Шодиёр Эргашев.

Қурилишда тажрибали қурувчилар бисёр. Бу ерда меҳнат қилаётган 90 нафардан ошиқ тажрибали осмонўпар қурувчиларнинг ярмидан кўпи йирик лойиҳалар асосидаги қурилиш майдонларида ўзларини кўрсатишган. Монтажчилар бригадаси бошлиғи Шохрух Норбоев, қурувчи Шохрух Сафаров, пайвандчи Бахтиёр Эшбековлар жамоадаги ёшларга устозлик қилишаётгани бежиз эмас.

—Қурувчилар баландликка кўникиб қолишди-ми? — сўраймиз прорабдан.

—Бўлмасамчи, айни пайтда саккизинчи қаватда ишлар қизғин олиб борилаётир. Гоҳида ёшларнинг бир-бирига узоқларни кўрсатиб, "Ана Ором бозори, дарахтлар кўп жой "Ўрда" боғи бўлади" деганларини эшитиб қоламан. Демак, ўн олтинчи қаватга етганимизда "Олмазор" маҳалласида туриб, бемалол Боғишамол қирларини кўриш мумкин бўлади, — деди Шодиёр Эргашев.

Демак, Жиззах шаҳри бу осмонўпарларда яшаган юртдошларимизнинг кафтида турар эканда... Нимаям дердим, уларга ҳавасим келяпти!

Асад МУСТАФОЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!