» » Форишнинг фидойи тадбиркори

Форишнинг фидойи тадбиркори

09 август 2018 г 2 639 Комментарии: 0

Камол Ибодов оиласи Фориш туманида кўпчиликка намуна сифатидан танилган. Энг намунали, меҳнаткаш оилалардан бири, фарзандлари ҳам ота-оналарига муносиб, дея ижобий фикр билдиришади, кўпчилик.

Камол Ибодовнинг асли касби биолог. Самарқанд давлат университетини битириб, бир неча йил мактабда ўқитувчилик қилди, ёшлигидан табиат шайдоси. Шу боис доим табиат қўйнига интилади. Унинг сир-синоатларидан баҳра олишга, борлигича сақлаб, табиат неъматларини кўпайтиришга интилади.

Камол Ибодовнинг бу хислатларини пайқаган туман ўрмон хўжалиги жамоаси у кишини ўз жамоаларига ишга таклиф қилишди. Дастлаб ўрмон хўжалигида ҳосилот, кейинчалик эса туман ўрмон хўжалиги директори вазифаларида фаолият юритди. Бу соҳада ўттиз тўрт йил фаолият юритаркан, сабр-тоқат, матонат билан меҳнат қилиб, ўрмон хўжалигини ривожлантириш, тоғ ва адирларни боғ-роғларга буркаш, ноёб доривор ўсимликларни сақлабқолиш ва кўпайтириш ишига ўз ҳиссасини қўшди. Бу борада бошқаларга ҳам талабчан муносабатда бўлди. Униб-ўсиб келаётган ёш авлод онгида она табиатга меҳр уйғотиш, уни асраб-авайлаш борасида ёшлар билан дилдан суҳбатлашди.

Камол Ибодов оиласини тумандаги энг ибратли оилалардан бири дедик. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Турмуш ўртоғи Ойкарам опа билан 10 нафар ўғил-қизларни оқювиб, оқ тараб эл корига ярайдиган, асосийси одобли-ахлоқли инсонлар қилиб вояга етказишди. Ойкарам опанинг асли касби ўқитувчи. Самарқанд хотин-қизлар педагогика билим юртини тугатиб, 28 йил давомида Қўлба қишлоғида 12-умумтаълим мактабида ўғил-қизларга бошланғич таълимдан сабоқ бериш билан бирга, Камол акага фарзандлар тарбиясида суянч, қанот бўлди.

Камол ака ҳам, Ойкарам опа ҳам нафақага чиққанларидан кейин тиниб-тинчиб ўтиришмади. Янгиликка, яратишга интилишди. Ўғиллари Орол, Бахтиёр, Аҳмад, Абулқосим, келинлари Феруза, Нилуфар, Манзура, Ойгулларни ёнларига олишиб, 2006 йилда чорвачиликка ихтисослашган «Ибот ота» фермер хўжалигини ташкил этишди. Дастлаб 50 бош соғин сигир билан иш бошлаган бўлса, йилдан-йилга моллар бош сони кўпайиб, маҳсулдорлиги ҳам ошиб борди. Туман аҳолисини, касалхона, мактабгача таълим муассасаларини арзон ва сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўйишди. Туман марказида фермер хўжалигининг аҳолига арзон гўшт сотадиган савдо дўкони ташкил этилди. Фермер хўжалигини ривожлантиришда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ҳар томонлама кўмак берди.

Михин қишлоғи ҳудудидаги тоғён бағридан 3 гектар ер олиб боғ ташкил этилди, чиройли дам олиш маскани яратилди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!