» » ГАРАША ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

ГАРАША ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

14 август 2018 г 4 338 Комментарии: 0

Нурота тизма тоғлари этагида, Форишнинг мафтункор адирлари оралиғида Гараша отлиққишлоқ бор.

Гараша ўзининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари, маросимлари элда улуғланган инсонлари билан машҳур.

Туғилиб ўсган диёр ҳақида битилган мазкур мақола матнига сингдирилган шеър «Гараша» деб аталади. Унга насрий тарзда ҳам фикрлар жо қилинган.

Тоғ ораси макони, зилол чашмалар кони,

Мусаффодир осмони, гўзалқишлоқ Гараша.

Гараша заминининг асрлар давомида ўзига оро берган, жилоланиб кўзни қувнатадиган сўлим табиати инсонлар кўнглига ҳузур бағишлайди. Тоғларнинг маъданларга бой этакларидан бошланадиган, шарқираб оқадиган катта сойликдан тушиб келадиган зилол суви, булоқлари жонга роҳат. Турли-туман қушларнинг ёқимли наволари, қўй-қўзиларнинг овози заминга ўзгача жозиба, тароват бағишлайди. Бундай гўзалликлардан кўнгил илҳом олади, ғурурланади.

Боғ-роғларга бой ўлка, истироҳат жой ўлка,

Кулиб боққан ой ўлка, тугал қишлоқ Гараша.

Адрлар орасида ястаниб ётган боғ-роғлар, унда пишиб етиладиган шириндан-шакар мевалар ўзининг юқори қувватлилиги, дармондориларга бойлиги билан машҳур. Гарашаликлар меҳмондўст, ўзгаларнинг иззат-нафсига тегмайдиган, кези келганда ўз ёрдамини аямайдиган кишилардир.

Мўлдир унинг нон-оши, ризқу рўзи йўлдоши,

Тўкинликкадир тоши тамал қишлоқ Гараша.

Қишлоқ тарихи XII асрда яшаган тарихий шахс, Яссавий тариқатининг йирик вакили Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳноми билан боғлиқ. Қишлоқда у зотнинг номи билан боғлиқйирик хонақоҳ мавжуд. Хонақоҳ ҳам тахминан XIIасрларда қурилган бўлиб, кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида гумбазли шаклда ўрта аср архитектураси асосида мукаммаллаштирилган. Турли музофотлардан йиғилган тасаввуф илми алломалари ушбу хонақоҳда йиғилиб, илму маърифатдан баҳслар олиб борганлар. Ҳозирда мазкур маскан муқаддас зиёратгоҳ.

Тушишади ҳайратга, тўлишиб зўр ғайратга,

Келишар зиёратга, аввал қишлоқ Гараша.

Мавлоно Муҳаммад Шариф авлодлари Хўжа Шамшиддин Муҳаммад, Хўжа Закариё, Хўжа Абдураҳмони Вали, Хўжа Бурхониддин ва бошқа кўплаб валийлар, дин пешволари, шайхлар,қозилар, ўтмишда самарали илмий ижод қилган олимлар етишиб чиққан ушбу диёр мамлакат подшоларининг эътиборида бўлганлигини тарихий манбалар исботлайди.

Шажараси тозадир, ҳар томон овозадир,

Билмаган ҳеч вақт надир завол қишлоқ Гараша.

Бу замин фарзандлари – замондошларимиз Ўзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаев, санъат арбоби, профессор Баҳрилло Лутфуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Саъдулла Ҳаким, Рашид Раупов ва бошқа кўплаб инсонлар маданият, санъат арбоблари сифатида элга танилган.

Маданият ўчоғи, санъат аҳлин ўртоғи,

Тўлар йиғилган чоғиҳар гал қишлоқ Гараша.

Гарашалик юзга яқин илм-фан намоёндалари, фан докторлари, фан номзодлари, таълим-тарбия, маданият, маърифат, умуман халқ хўжалиги соҳаларининг етук кадрлари сифатида фаолият юритиб, Ватан равнақи, эл фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Олимлари фахридир, гўё илм шаҳридир,

Маърифатга қиладир амал қишлоқ Гараша.

Шоирлар, журналистлар, олимлар, санъат намоёндалари мазкур қишлоқни куйлаб, мадҳэтишган, завқ-шавқ билан куйлашган.

Шоир шеърида битган, китобига киритган,

Донғи оламга кетган, азал қишлоқ Гараша.

Кўзга айлай тўтиё, мисли Каъбадир гўё,

Олам узра сен зиё берол қишлоқ Гараша.

Ҳадиси шарифларда Ватанни севмоқ иймондан эканлиги уқтирилган. Ватан эса киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Она заминдан фахрланиш ҳисси юқори ва мукаммал маънавий туйғу сифатида шу юртда туғилган барча фарзандлар учун бирдек тегишли эканлигини ҳам таъкидлаш ўринли.

Назар солган Худойим, номингни билмайди ким,

Шон-шуҳратга ҳар доим ўрал қишлоқ Гараша.

Шеъру ғазал битиш инсон қалбида болаликдан, она замин кенгликлари ва гўзалликлариниҳис эта бошлагандан шаклланади, мукаммаллашиб, сайқалланиб боради. Унинг юқори нуқтасига етишиб бўлмайди, лекин ҳаракат ҳам тўхтамайди. Бу эса ҳар бир кун, ҳар бир соат она диёрни кўнгилдан чиқармаслик лозимлигини билдиради. Бу қалбга куч-қуват,ғайрат-шижоат бағишлайди, илҳом беради.

Мадҳинг айтиб юрайин, фахр этмай нетайин,

Акбар битди атайин ғазал қишлоқ Гараша.

Акбар САИТҚОСИМОВ,

сиёсий фанлар номзоди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!