» » Жиззахда бўлиб ўтган халқаро инвестиция форумида дунёнинг 30 га яқин давлатидан вакиллар қатнашди

Жиззахда бўлиб ўтган халқаро инвестиция форумида дунёнинг 30 га яқин давлатидан вакиллар қатнашди

02 сентябрь 2018 г 2 709 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро инвестициявий форумда дунёнинг 30 га яқин давлатидан фармацевтика, енгил саноат, электротехника, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, нефтни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритувчи корхоналар вакиллари қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

ЎзА мухбири форум иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқди.

Мазкур форум мен учун фойдали ҳамкорлик лойиҳаларига бой бўлди. Ўтган йили Тошкентда дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйган эдик. Тадбир доирасида Жиззахнинг иқтисодий имкониятлари, «Зомин фарм» эркин иқтисодий зонасидаги шароит ва имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлгач, навбатдаги ана шундай қувватни шу ерда ишга тушириш нияти туғилди. Ҳамкорларимиз билан мақсадимизни амалга оширишнинг аниқ режаларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлганимиздан хурсандмиз.

Ўзбекистонда ишбилармонлар учун кенг имкониятлар яратилганини қайд этишни истардим. Айниқса, сўнгги икки йилда сармоядорлар фаолияти учун тўсиқ бўлаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тартиблари соддалаштирилди, имтиёзлар яратилди. Имкони бўлса, жаҳондаги барча ишбилармонларни Ўзбекистонга таклиф қилган бўлардим.

Ашок Кумар, «Шаяна фарм» компанияси бош директори (Ҳиндистон)

Мамлакатингизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди. Биз Америка, Европа ва Африка давлатларида муқобил энергия ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини йўлга қўйганмиз. Муқобил энергияга бўлган талаб дунё миқёсида ортиб бораётгани ва Жиззахда ушбу йўналишдаги замонавий технологияларни ишлаб чиқариш ва ўрнатишда катта салоҳият мавжудлигини инобатга олсак, ҳудудда қуёш батареяларини ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини йўлга қўйишимиз мақсадга мувофиқ. Тадбирда фаолиятимизнинг асоси бўладиган дастлабки лойиҳалар ҳақида фикрлашдик. Яқин келажакда истиқболли шериклик муносабатларини амалга оширишга умид қиламиз.

Мурат Ўзтурк, тадбиркор (Туркия)

Ўзбекистонда автоклав газобетон блоклари тайёрловчи корхона тизимини ишга тушириш устида иш олиб бораяпмиз. Қиймати 130 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа немис, турк ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Дастлаб бешта ана шундай корхона фаолиятини йўлга қўямиз. Кейинги босқичда корхоналар сонини 12 тага етказиш, яъни юртингизнинг ҳар бир ҳудудида саноат қувватлари қуриш режалаштирилган. Уй-жой қурилишида кенг қўлланиладиган бу материал ўзининг мустаҳкамлиги, иссиқ-совуққа бардошли экани, ҳароратни бир меъёрда ушлаб тура олиши каби қатор афзалликларга эга. Бу эса иситиш учун сарф бўладиган электр энергияси ва табиий газни тежаш имконини беради. Ўзбекистон, хусусан, Жиззах ҳам маҳсулот ишлаб чиқарилишида ишлатиладиган хом ашё — қум, цемент ва оҳактош захирасига бой. Халқаро анжуман доирасида фаолиятимиз учун зарур бўладиган кўплаб маълумотларга эга бўлдим.

Клаус Бонеманн, Wehrhahn GmbH компанияси президенти (Германия)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!