» » Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевни Беларусга таклиф этди

Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевни Беларусга таклиф этди

13 сентябрь 2018 г 2 699 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 13 сентябрь куни Кўксаройда расмий кутиб олиш маросими билан бошланди.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко аввал тор доирада музокара ўтказди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан Беларусь самимий дўст ва ишончли шерик эканини таъкидлади.

– 2016 йил Самарқанддаги учрашувимизда давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга келишиб олгандик. Ўтган икки йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик халқларимизни қувонтирадиган даражага етди. Ўзаро товар айрибошлаш ҳажми 2017 йил якунлари бўйича 60 фоиздан зиёд ўсди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида эса қарийб 4 баробар ошди. Бундай натижалар ҳеч қачон бўлмаган. Бу ўзаро ҳамкорлик учун улкан салоҳият борлигидан, одамларимиз бир-бирини соғинганидан далолат беради. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Беларусь Президенти таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

– Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор, – деди Александр Лукашенко. – Ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда оқилона ўзгаришлар қилдингиз. 33 миллион аҳолига эга гигант мамлакатни тўғри йўлдан олиб боряпсиз. Қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамладингиз. Ушбу муваффақиятли сиёсий курс билан Сизни табриклайман. Биз яхши билган ва ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда ҳамкорлик қилишга, тажриба алмашишга тайёрмиз.

Музокарада Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга келишиб олинди.

Халқаро ва минтақавий жараёнлар юзасидан фикр алмашилар экан, бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича томонларнинг позицияси мос келиши тасдиқланди. Давлат раҳбарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Беларусга ташриф билан боришга таклиф этди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!