» » Жиззахдаги туя сути дардларга даво бўлмоқда

Жиззахдаги туя сути дардларга даво бўлмоқда

04 октябрь 2018 г 13 956 Комментарии: 0

Фориш туманидаги «Нурали – Элназар чорвадор» фермер хўжалиги раиси Элназар Латипов фермерлик билан шуғулланаётганига ҳам ўн йилдан ошди.

У ана шу йиллар давомида чорвачиликни ривожлантириб, яхшигина даромад олишга ҳам эришмоқда. Айни кунда фермер хўжалиги ихтиёрида 40 бош соғин сигир бўлиб, ундан соғиб олинаётган сут туманимиздаги мактабгача таълим муассасалари ҳамда шифохонага етказиб берилмоқда. Хўжаликда ўн нафардан зиёд ёшлар доимий иш билан таъминланган.

Туманимизда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари кенг бўлиб, бу соҳани юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Элназар Латипов бу соҳада ҳам фаолиятини кенгайтиряпти. Жумладан, у туя сути ва доривор гиёҳлар билан инсон саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган даволаш маркази бунёд этмоқда. Марказ 2 қаватли бинодан иборат бўлиб, тўлиқ фойдаланишга топширилгач, 40 нафар мижоз бир вақтнинг ўзида муолажа олиш имкониятига эга бўлади.

Бу борада Элназар Латипов кўп сут берадиган туялар сонини кўпайтиришни ўз олдига асосий мақсадқилиб қўйган. Шу мақсадда Навоий ва Бухоро вилоятларидан 170 бош зотдор туя келтирилиб, улар сони 200 бошдан ошди. Айни пайтда 40 бош соғин туядан кунига 100 литрдан ортиқсут соғиб олинаётир. Фермер хўжалиги аъзолари яна 50 бош туя келтириб, улар сонини кўпайтиришни кўзлашган. Соғиб олинаётган туя сути сайёҳлар, туманимиз аҳолисиҳамда Тошкент шаҳридаги бозорларга етказиб бериляпти. Бундан ташқари фермер йилқичилик, қоракўлчиликни ҳам босқичма-босқич ривожлантиришни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Туя сути ва ундан тайёрланадиган қимрондан халқ табобатида кенг фойдаланилган. Унинг шифобахш хусусиятлари замонавий тиббиётда ҳам ўз исботини топган.

Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳам «Тиб қонунлари» китобида туя сутининг шифобахшлигини алоҳида таъкидлаган. Унда ёзилишича, туя эрамиздан икки минг йил аввал Арабистонда қўлга ўргатилиб, хонакилаштирилган. Шундан буён узоқвақт сувсизликка чидамли, беминнат юк ташувчи, гўшти, сути ва жуни билан қадрланадиган туя инсоннинг энг яқин ҳамроҳига айланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир ўркачли туялар йилига 2000 литр, икки ўркачлиси эса 750 литргача сут беради. Марказий Осиё халқлари бия сутидан қимиз, туя сутидан эса қимрон тайёрлашади. Бия ва туя сутида бошқа сутларга нисбатан лактоза кўп бўлгани боис тез ачиб, таркибида нордон моддалар ҳосил қилади. Натижада шифобахш ичимликка айланади. Қимиз ва қимрон азалдан кам қувватлик, камқонлик, сил, нафас ва ошқозон-ичак йўллари, жигар, буйрак, юрак, асаб касалликларини даволашда фойдаланилган. Қимиз ва қимрон соғлом одамлар учун ҳам фойдали, чанқоқбосди, организмни тетиклаштириб, салқинлик беради ва очликдан сақлайди.

Туя сути таркибида В1, В2 витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальция моддалари, айниқса, С ва Д витаминлари сигир сутига нисбатан уч баробар кўп бўлади. Шунинг учун иммунитет пасайганда ҳар куни оч қоринга ярим литр янги соғилган туя сути ичиш лозим.

– Халқимиз азалдан туячилик билан шуғулланиб келган. Туя сути ва жунига эҳтиёж катта. Шуларни инобатга олиб, фермер хўжалигимизда ушбу лойиҳани амалга оширяпмиз, – дейди Элназар Латипов. – Бошлаган ишларимиз ўз самарасини беряпти. Босқичма-босқич бу ишларни давом эттирамиз.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!