Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » 101 давлатга  электрон виза берилади  

101 давлатга  электрон виза берилади  

05 октябрь 2018 йил
566
0

Мамлакатимизда сайёҳлик ривожига кенг имкон бериш, кўплаб хорижий инвесторларнинг кириб келиши учун қулайликлар яратиш мақсадида кенг кўламда ислоҳотлар олиб борилмоқда.

  Виза олиш тартибидаги енгилликлар шулар жумласидандир. Бу борада тизимга киритилган қоидалар тўғрисида вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг катта инспектори, майор Камолиддин БОБОБЕКОВ билан суҳбатлашдик. 

-Бугун Ўзбекистонда қайси давлатлар учун визасиз режим белгиланди?

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб Исроил, Индонезия, Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония давлатлари фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланган.

 -Хорижий фуқаролар мамлакатимизда неча кун муддатда қайддан ўтади?

- Вилоят ҳудудига кириб келган хорижий фуқароларнинг 3 суткадан ошмаган муддатда (байрам ҳамда дам олиш кунлари бундан мустасно) ҳудудий шаҳар-туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ва бўлинмаларидан хорижий фуқароларнинг фуқаролик паспортидаги давлат чегара масканининг муҳри босилган кундан ҳисоблаб, 30 кунгача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг меъёрий буйруқ ва кўрсатмаларига асосланган ҳолда вақтинчалик қайддан ўтказилиши таъминланган.

-Қоидаларни бузганлик учун қандай чоралар кўрилади?

-Шаҳар-туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан хорижий фуқаронинг вақтинчалик рўйхати қайд этилган ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспектори ва тезкор ходимларга хабарномалар юборилиши белгиланган.

Ушбу хабарномаларга асосан, хорижий фуқаро қайд этилган манзилда бўлиши ҳудудий профилактика инспектори ва тезкор ходимлар томонидан назорат қилиниб, унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганлиги юзасидан шаҳар-туман ИИБ раҳбариятига билдирги орқали маълум қилиниши лозим. Агарда Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидасини бузган хорижий фуқаролар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 225-моддасига асосан, маъмурий  жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, вилоятнинг Янгиобод тумани ҳудудидаги Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Қўшқанд” ва “Учтурғон” давлат чегара маскани орқали кириб келаётган Тожикистон Республикаси фуқароларини алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар вилоятнинг Янгиобод, Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида 5 суткадан ошмаган муддатда (байрам ва дам олиш кунлари бундан мустасно) шунингдек,  вилоятнинг фақатгина Янгиобод, Зомин ва Бахмал туманларида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахслар бундан мустасно) 5 суткадан ошмаган муддатда (байрам ва дам олиш кунлари бундан мустасно) Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарадош бўлган шаҳар-туманларида бўлишлари тўғрисида аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, шу йилнинг 9 августида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида иккала давлат фуқароларининг 30 кунлик муддатга визасиз келиб-кетишлари тўғрисидаги Битим имзоланган.

-Айтингчи, улар рўйхатдан  ўтганликлари учун қанча миқдорда давлат божи тўлайди?

- Ўзбекистон Республикасига вақтинча яшаш учун келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан ички ишлар идораларидан 1 ой муддатга вақтинчалик рўйхатдан ўтганликлари учун давлат божи тўлашдан озод этилганликлари белгилаб қўйилган.

-Соҳадаги бошқа янгиликларни ҳам айтиб ўтсангиз.

-Бугунги кунда республикамиз ҳудудида виза асосида вақтинча яшаётган хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг виза муддатини узайтириш улар вақтинча яшаётган вилоят марказларидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 4 июлидаги “Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига кириб келишлари тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги  Қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб 101 та давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикасига кириб келишлари учун, консуллик идораларидан “кириш визаси”ни олиш учун мурожаат қилмасдан, интернет орқали “e-viza.uz” сайтига кириб, ўзи ҳақидаги маълумотларни киритиб, 3 кун ичида Ўзбекистон Республикасига кириш электрон визаларини олишлари мумкин.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА суҳбатлашди

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар