» » Жиззахнинг рассом қизи

Жиззахнинг рассом қизи

06 октябрь 2018 г 2 928 Комментарии: 0

Адабиёт, санъат пайдо бўлибдики, одамзод қалбидаги энг гўзал кечинмаларнинг, орзу-умидларнинг ҳамда инсон ва табиат, борлиқ ҳақидаги тафаккур ва тасаввурлар, эзгу даъватларнинг ифодачиси бўлиб келган.

Шу маънода у нафақат дилларни, балки элларни бир-бирига боғлашда муҳим кўприк вазифасини ўтаган. Курраи заминнинг турли бурчакларида яшаётган, турфа тилларда сўзлашаётган халқлар бир-бирларининг қалб овозини санъат, адабиёт воситасида ҳис этган ва бунга ҳамиша эҳтиёж сезган.

Болалигидан қўлига мўйқалам олган Мадина онаси Гуллола опа олиб келган расм дафтарини турли тасвирлар билан тўлдирар, уларни ўз тилида изоҳлаб берарди. Уни кўрган дадаси "менинг рассом қизим...” дея эркалатади. Мактабга чиққач, унинг тасвирий санъатга бўлган қизиқиши янада ортди. Расм чизишга меҳрини сезган ота-онаси Мадинани Болалар ижодиёт марказининг рассомчилик тўгарагига беришди. Мўйқаламнинг сеҳридан илҳом олган қизалоқ марказда ўтказилган бир қанча танловларнинг ғолиби бўлди. Айни пайтда Мадина Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У мактабда аъло ўқиш, хорижий тилларни пухта эгаллашдан ташқари тикувчилик, пазандачилик, мунчоқли безак ясаш билан шуғулланади. Бўш вақтида бадиий китоб мутолаа қилиш севимли машғулоти.

Тасвирий санъатнинг портрет, натюрморт, пейзаж жанрларида ижод қилиб келаётган Мадина шу кунгача юзга яқин асарлар яратди.

–Машғулот пайтида мусиқа тинглашни хуш кўраман,– деди Мадина. – Унинг хушовози мени янги ғоялар сари илҳомлантиради. Шахсий кўргазмамни ташкил қилсам дейман. Келажакда моҳир рассом ва дизайнер бўлмоқчиман. Ўзим яратган либослар билан нафақат ўзбек хотин-қизларини балки жаҳонни лол қилиш –ягона орзуим!

Ўз устида ишлашни канда қилмайдиган Мадина вилоятимизда ўтказилган "Ўзбекистон–жонажон диёр!”, "Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловларининг фаол иштирокчиси. Қўлга киритган ютуқлари уни мақсад сари дадил қадам ташлашга ундамоқда. Мадина Низомованинг тасвирий санъатга жиддий қизиқишини кўриб, рассом қизимизда шунчалик қатъият, тасаввурга бой дунёқараш борлигини англадик.

Шаҳноза ФАРҲОД

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!