» » Жиззахлик 68 нафар тадбиркорнинг 519 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

Жиззахлик 68 нафар тадбиркорнинг 519 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

16 октябрь 2018 г 2 860 Комментарии: 0

Жиззах вилоятида фаолиятини тиклаган ва давлат рўйхатидан ўтган 68 нафар тадбиркорнинг 519 миллион 591 минг сўмлик солиқ қарздорлиги вилоят солиқ бошқармаси томонидан ҳисобдан чиқарилди.

2018 йил 27 июлдаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони асосида 2018 йилнинг 1 апрелига қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахслар 2019 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик фаолиятини тикласа ва давлат рўйхатидан ўтса, уларнинг солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилади.

-       2018 йилнинг 1 апрелига қадар вилоятдаги 1950 нафар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг, 341 нафари молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда 637 нафар давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун йиллик ҳисобланган қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахслар 2019 йилнинг 1 январига қадар қонуний тарзда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйса, уларнинг қатъий белгиланган солиқ ва молиявий жарималар бўйича қарзи ҳисобдан чиқарилади, - дейди Жиззах вилоят ДСБ бўлим бошлиғи Эркин Эркабоев.

Якка тартибдаги тадбиркор Ўктам Иномов Жиззах шаҳридаги "Эски шаҳар буюм бозорида савдо фаолиятини амалга оширади. У тадбиркорлиги давомида молиявий қийинчиликларга учраганлиги учун фаолиятини тўхтатган эди.

- Қайта рўйхатдан ўтиб, фаолиятимни тикладим. 7 миллион 456 минг сўмлик солиқдан қарздорлигим олиб ташланди, - дейди тадбиркор. Бундай имтиёз биз каби тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи Достон Ҳамроқулов тадбиркорликни бошлаганига кўп бўлмасада, йўл қўйган камчиликлари сабаб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорлар ўртасида олиб борилган профилактик тушунтириш ишларидан сўнг у яна якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Бунинг эвазига унинг 96 миллион 661 минг сўм солиқдан қарздорлиги олиб ташланди.

Айтиш жоизки, ушбу фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун жуда муҳим қадам бўлди. Фармонда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.  

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай тадбиркорлик қилган шахсларга бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.

Маълумотларга кўра, Республика бўйича 10 минг 231 нафар фуқарода 45 миллиард сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, улар энди тадбиркорлик фаолиятини тиклаганларида қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши белгиланди. Бундай катта имконият ҳукуматимиз томонидан биринчи марта берилмоқда.

Ҳ.Фозилов - Жиззах вилоят ДСБ

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!