Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » “Обод қишлоқ”нинг Мирзачўлдаги манзарасига олисдан нигоҳ

“Обод қишлоқ”нинг Мирзачўлдаги манзарасига олисдан нигоҳ

31 октябрь 2018 йил
124
0

Жиззах вилояти Мирзачўл тумани тарихига 2018 йил зарҳал ҳарфлар билан битилади. Бу саҳифага “Обод қишлоқ” дастури асосида 2018 йил апрель-октябрь ойларида Гагарин шаҳри ва Ғалаба, Ўзбекистон, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Боғбон маҳаллалари тубдан янгиланди, обод бўлди” деб ёзилади. 

Гагарин шаҳрининг бугунги қиёфаси шаҳарлар тақдири ҳам одамлар тақдирига ўхшайди, деган гапни ёдга солади. Дунёга келади, ўсиб-улғаяди. Бу орада унинг ҳаётида бахтли дамлар, катта муваффақиятлар, қийинчилик ва тушкунликлар ҳам бўлади. Қиёфасида тарих ва замон ўз изини қолдиради. 

Биз баъзан бу ўзгаришларни тўлиқ илғай олмай қоламиз. Шууримизда кўпроқ бугун кўриб турганларимиз акс этади. Унинг олдинги қиёфаси хотирадан ўча бошлайди. 

Илгари шу ерда яшаб, кейин тақдир тақозоси билан бошқа юртларга кетган кишилар бу ўзгаришларни янада аниқ ва теран ҳис этади. Мирзачўлда туғилиб, болалиги шу ерда ўтган, аниқроғи, Гагарин шаҳридаги 1-умумтаълим мактабини бундан 44 йил аввал битириб, дунёнинг турли томонига тарқалиб кетган бир гуруҳ синфдошларнинг Гагариндаги учрашуви чоғида шаҳарнинг ўтмиши ва бугуни ҳақида билдирилган фикрлар бу ҳаётий ҳақиқатни тасдиқлади. 

Гагарин – Мирзачўлдаги собиқ Ержар ишчилар посёлкаси. Жанубий Қизилқумни ўзлаштириш айнан шу ердан бошланган. 1957 йилда туғилиб, бу ердаги ягона таълим муассасаси бўлган 1-ўрта мактабни 1974 йилда битирган ёшлар чўлни ўзлаштиришга келган "қалдирғоч" чўлқуварларнинг фарзандлари эди. Дастлабки йилларда жами 100 чоғли ўқувчи таълим олган мактабдан кўплаб таниқли кишилар етишиб чиққан. Ушбу учрашувга собиқ иттифоқнинг шаҳарларини макон тутган синфдошлардан 25 нафари етиб келди. 

Меҳмонлар Гагарин шаҳрининг замонавий қиёфасини кўриб, ҳайратларини яширолмади. Чунки болалик тасаввурларидаги Гагарин шаҳарчаси ўрнида бугун том маънода замонавий шаҳар пайдо бўлган-да. 

Баянжан ЖУМАХАНОВА, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида яшайди, тадбиркор: 

– Бу ердаги қариндошларим, синфдошларим орқали туғилиб ўсган шаҳримдаги янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Аммо бунчалик катта ўзгаришларни кўраман, деб хаёлимга келтирмаган эдим. Болаликда ҳар куни юрган мана шу марказий кўчани ҳам танимай қолдим. Назаримда у жуда кенгайиб кетгандек. Кўп қаватли замонавий иморатлар қурилиб, икки ёнидаги эски деворлар, панжаралар, пастқам иншоотлар ўрнида яшил майдонлар, гулзорлар барпо этилибди. Бу ўзгариш биргина марказий кўчада эмас, бутун шаҳарда рўй бергани мени ростакамига ҳайратга солди. Бир вақтлар мен билган, кўрган шаҳар ўрнида бугун замонавий, кўркам ва чиройли шаҳар қад ростлабди. 

Бизнинг шарҳ: Гагарин шаҳри марказида 1960-йилларда қурилган барак типидаги уйларда яшовчи 2 мингга яқин аҳоли учун жами 317 та, жумладан, 4 сотихли 2-3 хонали 223 та намунали уй, 2-3 хонали 94 та кўп қаватли уй қисқа муддатда, май-октябрь ойларида қуриб битказилди. 

Шаҳар марказий кўчасининг 1,3 километрлик қисми 3 метрга кенгайтирилиб, умумий узунлиги 7,5 километр янги лоток, 17 километр бордюр ўрнатилди. Шаҳарда 21 километрлик ички йўл ва кўчалар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. 27 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, кўча бўйлаб 192 та ёритиш устуни ўрнатилди. 

Гагаринни кўркам ва яшил шаҳарга айлантириш учун 27,5 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар, 100 мингдан ортиқ гул кўчатлари экилди, 21,5 минг квадрат метр майдонга чим ётқизилди. 

8.JPG

14.JPG
Владимир ШАМАНОВ, Россия Федерацияси Давлат думаси федерал мажлисининг мудофаа қўмитаси раиси, Россия Қаҳрамони: 
– Болалиги ўтган жой ҳақидаги барча хотиралар инсонга ҳамиша азиз. Мен ўзимиз яшаган уйни дарров танидим. Албатта, у анча ўзгартирилган, барибир менга қадрдон. Қўшни ҳовли билан бизнинг уйимиз ўртасида кичкинагина дарча бўларди. Хонадон бекаси – ўзбек аёли тандирда нон ёпса, биз – болаларга узатар, аммо биз олмасдик. Шунда қўшнимиз дарчадан бериб кетарди. Тандирдан янги узилган ўша нон ҳиди ҳамон димоғимни қитиқлайди. 40 дан зиёд миллат вакиллари яшайдиган Гагаринда одамлар жуда аҳил-иноқ яшарди. Мен болалигим ўтган бу шаҳарнинг доимо шундай бўлиб қолишига ишонаман. 
Ҳарбий бўлганим туфайли урушни ҳам кўрдим. Унинг одамларга қанчалик катта мусибат келтиришига гувоҳман. Шунинг учун ободлик, фаровонлик асосида тинчлик-осойишталик туришини чуқур ҳис этаман. Ўзбекистон ана шу тинчлик туфайли жадал ривожланмоқда. Мен Гагаринда қад ростлаган муҳташам иншоотларда, ўқиган мактабимнинг кўркам биносида, одамларга давлат томонидан қуриб берилган замонавий уйларда, маҳаллалар ободлигида айнан ана шу тинчлик ва осойишталик самарасини кўрдим. 

Россия билан Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари икки мамлакатнинг, шу мамлакатларда яшайдиган барча одамларнинг фаровонлигига хизмат қилади. Мен ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлашга, кичик Ватаним бўлган Гагарин шаҳрининг янада обод бўлишига ҳисса қўшишни истайман. 

Бизнинг шарҳ: Гагарин шаҳрида қисқа муддатда 377 та намунали уй қурилди. Бундай намунали уйларнинг бошқа вилоятларда ўртача қиймати 210 миллион сўмни ташкил этаётган бўлса, бу ерда ишчи кучи, қурилиш материаллари, техника воситалари ҳашар йўли билан жалб этилгани натижасида ўртача 117-127 миллион сўмга тушди. 

Баракларда яшаб келган 291 хонадон эгаларининг янги уй-жой учун бошланғич бадали Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа ҳомийлик маблағлари ҳамда иш берувчилар томонидан тўлаб берилди. Тижорат банклари томонидан аҳолига уй-жой сотиб олиш учун жами 19,9 миллиард сўм миқдорида ипотека кредити ажратилди. 

Уй эгалари янги барпо этилган “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Чорвачилик мажмуаси” ҳамда қурилиш ташкилотларига ишга жойлаштирилиб, ойлик иш ҳақи ҳисобидан ипотека кредити бўйича тўловларни амалга оширмоқда 

Туманнинг Ғалаба маҳалласида пахта қабул қилиш пунктига қарашли икки қаватли ташландиқ бино мукаммал таъмирланиб, 1-2 хонали 22 та уйга айлантирилди ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилди. Ҳар бир хонадон замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланди. Уй атрофи ободонлаштирилиб, хонадонлар учун омборхона, ўчоқ ва тандирхона қурилди. 

Шунингдек, Ғалаба, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Ўзбекистон ва Боғбон маҳаллаларида таъмирга муҳтож 175 та кўп қаватли уй ва 35 та кўчада таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кўп қаватли уйлар том қисмини таъмирлаш, замонавий эшик-ромлар ўрнатиш учун “Обод қишлоқ” дастурига киритилган 6 та маҳаллада 13 та ширкат ташкил этилиб, банклар томонидан 9,9 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. 

33.JPG
77.JPG
Ирина КАН (МИРОНОВА), россиялик пенсионер: 

– Мирзачўлдан 1988 йилда кетганман. Биз яшаган пайтда ҳам Гагарин шаҳар мақомида эди. Аммо энди ҳақиқий шаҳар бўлибди. Шаҳарда барча инфратузилма мавжуд. Мусиқа ва санъат мактаби, Қозоқ миллий драма театри, “Бахт уйи”, Давлат хизматлари агентлиги туман филиали, кўп тармоқли туман поликлиникаси каби муассасаларнинг реконструкция қилинган биноларини кўриб, ҳавасимиз келди. Биз бу ерда яшаган йиллар бундай иншоотларни, хизматларни орзу қилганмиз, холос. Қачондир бўлишини хаёлга ҳам келтира олмаганмиз. 

Бизнинг шарҳ: Ижтимоий соҳа объектларида умумий қиймати қарийб 50 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 3 таси янги қурилди, 10 таси реконструкция қилинди ва 4 таси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Хусусан, оилавий поликлиника, туман санитария-эпидемиология назорат маркази, Давлат хизматлари маркази бинолари янгидан қурилди. 3 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 7 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди. 1 та давлат-хусусий шериклик асосидаги 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилди. 

Боғбон маҳалласида жойлашган ва узоқ йиллар қаровсиз қолган Қозоқ миллий драма театри биноси капитал таъмирдан чиқарилди. Ўзбек-қозоқ миллий маданий маркази биноси қад ростлади. 

Маҳаллаларда 38 болалар майдончаси, 2 сунъий қопламали стадион барпо этилди. 
94.JPG
97.JPG
Болат МУРТАЗОЕВ, Қозоғистон, “Тараз газ хўжалиги" бошқармаси раҳбари: 
– Отам Мирзарўлни ўзлаштиришга келган. Ўша даврда қурилган вақтинчалик бошпаналар, барак уйлар ҳам кўзимизга яхши кўринган. Аммо бугун одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш жуда катта иш. Энг муҳими, давлатнинг эътибори зарур. Мирзачўлда бу ишнинг уддасидан чиқишибди. Ижтимоий иншоотлар ва хонадонлар ишлаш, яшаш учун қулайлигидан, муҳандислик инфратузилмаси мукаммаллигидан одамлар рози эканига гувоҳ бўлдик. Катта куч, катта маблағ талаб этадиган бу ишлар қисқа муддатда бажарилгани ҳам давлатнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги самарасидир. 

Бизнинг шарҳ: Аҳоли турмуш фаровонлиги, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги жами 14,3 километр газ қувурлари монтаж қилинди, 2 та янги газ тақсимлаш шохобчаси ўрнатилди, 35 таси таъмирланди. 1 минг 407 та газ асбоб-ускуналари монтаж ва демонтаж қилинди. 

230 дона темир-бетон таянч ўрнатилиб, 21,4 километр узунликда янги электр узатиш тармоғи тортилди, 6 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Натижада истеъмолчиларнинг электр энергия таъминоти тубдан яхшиланди. 

Дастур доирасида 77,2 километр ичимлик сув қувури, 2,2 километр оқова сув қувури тортилди, 65 та оқова сув қудуғи қурилди. Сўнгги 30 йил давомида ишламай қолган канализация тизими тозаланиб, қайта ишга туширилди. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида Ипак йўли маҳалласидан Гагарин шаҳрига 9 километр масофага ичимлик сув тармоғи тортилди. Ушбу иншоот бир кеча-кундузда 1000 куб метр тоза ичимлик суви етказиб бериш қувватига эга. Туманда ичимлик сув тармоқларини янгидан қуриш учун 26,4 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Замонавий нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, 3 та мини-маркет, 2 та ҳаммом, 50 дан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш объектлари барпо этилди. Шаҳар марказида "Агробанк" биноси энг замонавий лойиҳалар асосида қад ростлади. 

Айни пайтда фақат ижтимоий соҳа эмас, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, аҳолини иш билан таъминлашга ҳам муҳим йўналиш сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Дастур доирасида дастлаб баракларда яшовчи ишсиз аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш мақсадида “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Мирзачўл чорва комплекси”, “Мирзачўл текс” МЧЖ каби корхоналар, нон цехи, мини-маркет, ҳаммом барпо этилиши ҳудудда 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди. 

...Меҳмонлар Мирзачўл сафари якунида Кўктерак қабристонини зиёрат қилди. Ўтганлар хотираси ёдга олинди. 

Эзгуликнинг чеки йўқ, дейишади. Рост. Президентимиз ташаббуси билан Манас қишлоғидан бошланган “Обод қишлоқ” дастури ижроси Мирзачўлнинг Гагарин шаҳри, Ғалаба, Ўзбекистон, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Боғбон маҳаллаларида якунига етмоқда. Аммо у тўхтамайди. Чунки ҳали ўтган асрнинг 60-йиллар нуқси сақланиб қолган қишлоқлар бор. Демак, бу янгиланишлар юртимиздаги барча қишлоқларда, маҳаллаларда кундалик ишга айланиб бормоқда. 
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар