» » Балиқчиликни ривожлантириш учун 76 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

Балиқчиликни ривожлантириш учун 76 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

05 ноябрь 2018 г 3 601 Комментарии: 0

 Аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” Давлат унитар корхонаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 76 миллиард сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жорий йилда 18 минг 750 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп балиқ етказиб берилиши кутилмоқда.

- Мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар аҳолининг оқсилга бой маҳсулотларга бўлган талабини қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, - дейди “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” Давлат унитар корхонаси директори Илҳом Бекмирзаев. – Бунга яқин истиқболда қабул қилиниши кутилаётган Президентимизнинг “Балиқчилик соҳасини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрлангани ёрқин мисолдир.

Ҳозирда кўллар тизимини тўлиқ балиқлантириш имкониятига эга бўлган 450 гектар сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, балиқ чавоқларини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалиги экмнларини экиш мақсадида дирекциянинг автопарки шакллантирилди. Хусусан, кредит маблағлари ҳисобидан 3 та “ИСУЗУ” автомашинаси (2 та юк ва 1 та музлаткичли), 1 та фронтал юклагич, 1 та булдозер, 2 та “МАН” русумли автосамосвал ва 4 та трактор ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги агрегатлари харид қилинди. Қўшимча равишда 3 та экскаватор, балиқ чавоқлари ва балиқларни ташиш учун махсус автомашина, музлаткичли юк автомобилига ҳам буюртма берилган.

Ҳозирда кўллар тизимини балиқлантириш учун 5,2 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилмоқда. Шунингдек, октябрь-ноябрь ойларида режадаги 7 миллион дона балиқ чавоқлари кўллар тизимига ташланади. Жорий йил якунига қадар режадаги 100 гектар сунъий сув ҳавзалари барпо этилади. Тўлиқ тизимли инкубация цехининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида бўлиб, йил якунига қадар шай ҳолатга келтирилади.

Эътиборлиси, интенсив усулда балиқ етиштиришни ташкил этиш учун шу ернинг ўзида қафас (садок) мосламалари тайёрлайдиган ишлаб чиқариш цехи ҳамда Арнасой кўли атрофида 2 она ҳар бирининг сиғими 25 куб метр бўлган балиқларни сақлаш музлаткичлари барпо этилди. Шунингдек, бу ерда Россия Федерациясининг “Тюмен судокомплект” заводидан келтирилган 2 дона катер учун причал қурилмоқда.

Шу кунгача кўллар тизимида 477 та янги иш ўрни яратилган бўлса, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида меҳнат қилаётган ишчилар сони 2000 нафарга етказилиши режалаштирилган.

Манба: Soliq Info газетаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!