» » Зомин семинари ўз ишини якунлади

Зомин семинари ўз ишини якунлади

10 июль 2018 г 3 086 Комментарии: 0

Зомин туманида 3 кун давом этган ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, халқ таълими вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан уюштирилган ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари пурвиқор Зомин тоғлари бағридаги "Ўриклисой” дам олиш масканида 80 нафар ёшни уч кун давомида ўз бағрига қамраб олди. Таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги республикамизнинг турли бурчакларидан келган ёш ижодкорларанжумани 7 та жанр йўналиши бўйича ўтказилди.

Ўриклисой дам олиш масканида ўтказилган тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Юртимизда айни пайтда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ижодкорлар, хусусан, истеъдодли ёшларни рағбатлантириш, уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шароитлар яратилган,– деди вилоят Манавият ва тарғибот маркази раҳбари Шуҳрат Туратов.– Айниқса, Президентимизнинг бу борадаги фармон ва қарорлари маънавий-маърифий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги "Ижод” фонди кўмагида ҳар йили ёш ижодкорларнинг илк китоблари 10 ва 20 минг нусхада чоп этиб келинаётгани, бир неча йиллик танаффусдан сўнг Зомин семинари қайта тикланиши ана шу собитқадам сиёсатнинг амалдаги ифодасидир. Ёш қалам аҳли интиқ кутадиган, уларни катта синовлардан ўтказадиган бу анжуман чинакам маҳорат майдонига айланди, десам муболаға бўлмайди.

Адабий кечалар, мушоиралар, устозлар билан учрашувлар бу масканга чинакам ижодий руҳ бағишлаб, ёш ижодкорлар қалбини тўлқинлантириб юборди. Анжуманга катта тайёргарлик кўрилгани туфайли иштирокчиларга яратилганқулайлик режалаштирилган тадбирларнинг юқори савияда ўтишини таъминлади.

Тадбирнинг иккинчи куни анжуманнинг асосий мақсади – адабиёт жанрлари бўйича ижодий машғулотлар бўлиб ўтди. Шеърият йўналишида Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Эшқобил Шукур, Гавҳар Ибодуллаева, таниқли шоиралар Зулфия Мўминова, Фарида Афрўз, наср йўналишида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Кенесбой Каримов, ёзувчилар Назар Эшонқул, Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, бадиий публицистика йўналишида "Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, "Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири Воҳид Луқмон, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири Барно Султонова, болалар адабиёти йўналишида Ашурали Жўраев, Дилшод Ражаб, Ориф Тўхташ ёшларга маҳорат дарслари ўтишди. Адабий танқид йўналишида филология фанлари доктори Нурбой Жабборов, бадиий таржима йўналишида Муҳиддин Омон, Ойгул Суюндиқова, Гулноза Одилова, драматургия йўналишида Эркин Хушвақтов ижодий машғулотлар ўтказди.

Машғулотларда ёшлар бадиий маҳорат ва ижод сирларига оид зарур тавсиялар олди. Ижод намуналари таҳлилқилинди. Айниқса, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир ва Усмон Азим билан учрашувлар ёшларда катта таассуротқолдирди.

– Энди қўлига қалам олиб, ижод оламига қадам қўяётган ёшлар учун устозлар йўл-йўриғи, маслаҳати катта мактабдир,–дейди Сурхондарё вилоятидан келган иштирокчи Гулмира Абдураимова. – Зоминнинг бетакрор табиати қўйнида ана шу мактабдан сабоқ олдик. Устозлар ижодига ҳайрат ва ҳавас туфайли янги мавзу ва ижодий режалар туғилди, янги шеърий сатрлар уйғонди. Бу туйғуларнинг маҳсули адабиётимизга янги ирмоқлар бўлиб қўшилажак.

Уч кун давом этган турли маданий-маърифий тадбирлар, яшилликка бурканган Зомин тоғлари ва шаршарага саёҳатлар ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг сертификатлари, бадиий китоблар ҳамда вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

 Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари Эштемир Исматов иштирок этди. 

 Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!