» » Жиззахда бўшаб қолган ўринга сенат аъзоси сайланди

Жиззахда бўшаб қолган ўринга сенат аъзоси сайланди

10 июль 2018 г 3 336 Комментарии: 0

Юнус Ражабий номидаги вилоят вилоят мусиқали драма театрида халқдепутатлари Жиззах вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларинингқўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов очиб, йиғилганларни "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тўғрисида”ги Низом билан таништириб, мамлакатимизда, хусусан Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирди.

Қўшма мажлисга 20-"Пахтаобод” сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Акрам Иномов раислик қилди.

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тўғрисида”ги Низомнинг 7- ва 11-бандларига асосан Оқсоқоллар кенгаши, Саноқ комиссиясининг раиси ва аъзолари сайланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан 34-"Ғаллакор” сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, Оқсоқоллар кенгаши раиси Эркин Холматов сўзга чиқди. У ўз чиқишида Оқсоқоллар кенгаши маслаҳатлашиб, 47-Қаробдол сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, вилоят ҳокими Эргаш Салиев номзоди Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия қилинганини айтди.

Қатнашчилар Сенат аъзолигига номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан таништирилди.

Эргаш Алибекович Салиев 1956 йилда Фориш туманида таваллуд топган. 1978 йилда Самарқанд Давлат университетини битирган. 1982-1995 йилларда Тошкент политехника институти, Тошкент давлат техника университетида доцент, кафедра мудири, проректор ўринбосари, 1995-1997 йилларда Тошкент шаҳар "Технологиялар бизнес-инкубатори” ҳиссадорлик жамияти бош директори вазифаларида ишлаган. 1997-2000 йилларда Жиззах вилоят Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали фаолият кўрсатди. У 2000-2012 йилларда Пахтакор тумани ҳокими, 2012-2016 йилларда Жиззах политехника институти ректори вазифасида фаолият кўрсатди. 2016-2017 йилларда Арнасой тумани ҳокими вазифасида ишлади. 2017-2018 йилларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, жорий йилнинг 30 мартидан бошлаб вилоят ҳокими вазифасида фаолият кўрсатиб келаяпти. 2005 йилда "Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати.

15-"Гулбулоқ”, 1-"Самарқанд”, 17-"Истиқбол”, 38-"Аччи”, 7-"Оқбулоқ” сайлов округларидан вилоят кенгашининг депутатлари Норқул Нушаров, Абдуғани Холбеков, Муртазоқул Бўтаев, Гулбаҳор Абдулҳакимова, Эрмамат Ражабовлар сўзга чиқиб, Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия этилган Эргаш Салиевнинг номзодини қўллаб-қувватладилар. Улар номзоднинг узоқ йиллардан буён Пахтакор ва Арнасой туманларида ҳокимлик вазифасини муваффақиятли бажарганлигини, Жиззах политехника институти ректори, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи ва вилоят ҳокими сифатида олиб бораётган иш фаолиятини юқори баҳоладилар.

Йиғилиш қатнашчиларига Саноқ комиссиясининг раиси Ўрол Ўразбоев Сенат аъзолигига бўладиган сайлов бўйича депутатларга зарур тушунчалар берди. Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди. Жиззах вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг якдил овози билан Эргаш Салиев Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Эргаш Салиев сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун депутатларга миннатдорчилик билдирди ва мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганини, юртимиз равнақи йўлида янада фаол бўлишимиз кераклигини алоҳида таъкидлади. Вилоятимиз раҳбари Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашга, вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга,ҳудудларни ривожлантиришга сенатор сифатида муносиб ҳисса қўшишини айтиб ўтди.

Мажлис якунида Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Эргаш Салиевга ишларида улкан муваффақиятлар тилади. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида салмоқли ўрин тутган, шахсан Юртбошимиз тамал тошиниқўйган Зафаробод туманидаги нефтни қайта ишлаш ва Жиззах махсус индустриал зонасида бунёд этилаётган автомобиль заводлари қурилишларида, "Обод қишлоқ” дастурини рўёбга чиқаришда бажарилаётган бунёдкорлик ишларини алоҳида қайд этиб, вилоят меҳнат аҳлининг келгуси ишларига катта зафарлар тилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!