» » Фермер Манасда хусусий боғча очди

Фермер Манасда хусусий боғча очди

17 июль 2018 г 3 003 Комментарии: 0

"Обод қишлоқ” дастури асосида бутунлай янги қиёфа касб этган Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида мактабгача таълим муассасалари сони учтага етди.

Қишлоқдаги "Абди ота” фермер хўжалиги раҳбари Муқаддас Абдиева хусусий мактабгача таълим муассасаси очди. 
Янги "Ойдин-Одина” уй боғчаси 15 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди. Муассасага кам таъминланган ва ногирони бўлган оилаларнинг уч нафар фарзанди бепул қабул қилинди. 
Боғчада болаларнинг дам олиши, ўйнаши, машғулотларда қатнашиши учун барча шароит яратилган. Инглиз, рус тилларини пухта ўргатиш учун малакали педагоглар жалб этилди. Таом қишлоқда етиштирилган экологик тоза маҳсулотлардан тайёрланмоқда. Ўйинчоқлар ҳам табиий материаллардан ясалган. 
"Ойдин-Одина”нинг соат 8:00 дан 20:00 гача ишлаши, айниқса, дала ишларида банд бўлган ота-оналарга жуда маъқул келаётир. Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб муассасада болалар сони ва шунга мос равишда ходимлар сони ҳам ортади. 
Тумандаги илғор фермерлардан саналган Муқаддас Абдиеванинг мутахассислиги педагог – Жиззах давлат педагогика институтининг мактабгача таълим йўналишини битирган. Жорий йилда давлатга 54 гектар майдондан 160 тонна ўрнига 162 тонна ғалла топширди. 60 гектар майдондаги ғўза ҳам баравж ўсмоқда. Келгуси йилдан боғчани озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла таъминлаш учун хўжаликда боғдорчилик, сабзавотчилик ва чорвачиликни йўлга қўйишни мақсад қилган.
– Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш белгилаб қўйилгани бу ишда менга катта рағбат берди, – дейди фермер. – Асосий харажатлар фермер хўжалиги ҳисобидан бўлди. 
Етмаганига банкдан 17 миллион сўм кредит олдик. Тарбиячиларимиз барчаси педагогик маълумотга эга. Туман мактабгача таълим бўлими мутахассислари, қишлоқ врачлик пункти шифокорлари ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.
Вилоятда 2017-2021 йилларда жами 9 минг 850 ўринли 81 мактабгача таълим муассасаси ишга туширилиши мўлжалланган. Бундан ташқари, 135 нафар тадбиркор нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш истагини билдирган.
скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!