Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Сайлов ўз номи билан сайлов, сийлов эмас...

Сайлов ўз номи билан сайлов, сийлов эмас...

20 июль 2018 йил
150
0

Сайлов - демократия кўзгуси. Сўнгги вақтларда Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлганлиги каби Жиззах вилояти Дўстлик туманида ҳам тез-тез халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашига бўшаб қолган ўринлар учун сайловлар ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган бундай сайловлар натижасидан рози бўлганлардан кўра норозилар сони ҳар сайловда ошаётгани диққатни тортмасдан қолмайди. Бу борада шикоят ҳам келиб тушди.

Кўпчилик олдиндан келишув асосида ўтказилган депутат тайинловини сайлов дейиш мумкинми, бу каби ҳолат қачонгача давом этади, адолат, ҳақиқат қаёқда қолди, деган савол қўйишмоқда.

Охирги марта шу йилнинг 1 июль куни "Манас” қишлоғида иккита сайлов участкасида ўтган "сайлов" кўпдан-кўп шубҳа ва гумонларга сабаб бўлди.

Туман сайлов комиссияси раиси ғалла ўримида бўлгани боис айрим партиялар номзодларини рўйхатда ўтказа олмаган.

Энг қизиқ воқеа эса 28 июнь куни рўйхатга олинган номзодлар билан манасликлар учрашувида бўлиб ўтди. Аҳамият беринг, туман сайлов комиссияси томонидан учрашувда учта партия томонидан қўйилган номзодлар таништирилади. "Манас” қишлоғи раиси номзодлар билан сайловчиларнинг сайлов олди учрашувида кўрсатилган номзодларни муносиб эмас, деб баҳолаган ва депутатлар қишлоқ аҳолиси орасидан чиқиши кераклигини таъкидлаган. Кўпчилик орасида ҳар бир номзодни ва партия раисларини изза қилган. Конституциямизнинг 117-моддасида ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Шу ўринда номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида сўз юритмасак бўлмас.

Ўзбекистон Республикасининг "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги қонуннинг 24-моддаси сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан депутатликка кўрсатилаётган номзодларни рўйхатга олиш ўттиз беш кун қолганда тўхтатилиши белгилаб қўйилган. Рўйхатга олингач, беш кун ичида матбуотда номзодлар эълон қилинади.

Буни қарангки, туман сайлов комиссияси раиси А.Рахимов сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритди шекилли номзодлар билан сайловчилар учрашувидан кейин, сайловга икки кун қолганида ўзини ўзи бошқариш органидан янги номзодларни рўйхатга олади ва участкалар сайлов бюллетенига тўртинчи номзодлар ўзини ўзи бошқариш органидан дея киритиб қўяди. (Бу икки номзоднинг депутат бўлиш истаги борми ёки йўқми - аниқ билмадик).

Устига-устак, сайловда айнан шу номзодлар кўп овоз тўплаб, депутат бўлган.

Партия фаолларининг фикрича, сайловлар жараёнида баҳслар номзодлар ўртасида эмас, аксинча партиялар ва туман сайлов комиссиясида ўтади. (Бунга нима дейсиз, назаримда шу ердан нималарнингдир ҳиди кўтарилаяпти?)

Норозичилик кайфияти сўнгги пайтда ўтказилган баъзи депутатлар ўртасида ҳам келиб чиқмоқда. Уларга на депутатлик нишони, на депутатлик гувоҳномаси тақдим этилган. Эрта кел, индин кел қабилида баҳоналардан депутатларнинг кунлари ўтаяпти. Депутатнинг иш фаолиятига ёнидаги гувоҳномаси ҳамда кўксинини безаган нишон ҳам куч-ғайрат бағишлайди, халқ учун ишлаши лозимлигини англатиб туради. Балки тумандаги сайловлар эгасига "чой" баҳонаси билан костюм-шим кийдирилса ишлар силлиқ битадими, у ёғини билмадик.

Хуллас, ўтаётган сайловларда депутат бўлганлар ярим-ёрти рози бўлса, партияларнинг ҳафсаласи пир бўлмоқда. Мақоламиз аввалини сайлов - демократия кўзгуси деб бошлаган эдик. Шикоят қилганлар ҳам шундан шубҳада. Адолатли сайлов қани, сайлов тўғрисидаги қонунлар бузилганлиги учун кимлар жавоб беради, каби саволларга ким жавоб беришини кутишмоқда.

Ўйлаймизки, бу каби саволларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тез орада аниқлик киритади ва бизга жавобларини айтишади. Унга қадар яна сабр қилишга мажбурмиз.

Бердиёр Қораев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар