» » Жиззахдаги деҳқончилик сарҳисоби рақамларда

Жиззахдаги деҳқончилик сарҳисоби рақамларда

06 август 2018 г 3 484 Комментарии: 0

Жорий йилнинг шу даврига қадар қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳақида вилоят статистик бошқармасининг қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бўлими бошлиғи У.Юсупов билан суҳбатуюштирилди.

- Ўзингизга маълумки, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш орқали озиқ-овқат махсулотларини янада ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилаяпти. Жорий йилда бу борада қилинган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

- Воҳамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бу ҳаракатнинг рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги ўрнини янада кенгайтириш ва шу аснода аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 502 704,7 миллион сўмни ташкил этди. Рақамларни солиштирадиган бўлсак, ўтган йилнинг январь-июнь ойларининг мос даврига нисбатан 104,9 фоизни, шу жумладан, деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар - 1 484 616,7 миллион сўмни, яъни 104,8 фоизни ташкил этди. Ўрмон хўжалигида - 2 888,3 миллион сўмни, (103,4 фоиз), балиқ хўжалигида - 15 199,7 миллион сўмни (115,5 фоиз) ташкил қилди.

Хусусан, юқори ўсиш суръатларини туманлар мисолида оладиган бўлсак Фориш - 107,2 фоиз, Арнасой - 106,9 ва Зарбдор - 106,4 фоизни кўрсатди.

Қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланиб келаётган кўплаб ютдошларимиз, корхона ва ташкилотлар томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг умумий ҳажмида Ғаллаорол туманининг улуши 12,9 фоизни ташкил этиб, туманлар бўйича етакчилик қилиб келмоқда. Кўриниб турибдики, бу борада туманда олиб борилаётган ишлар тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради. Бахмал ва Шароф Рашидов туманлари мос равишда 12,4 фоиз ва 11,0 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларда келмоқда. Энг кам улуш Янгиобод тумани - 3,0 фоизни ва Жиззах шаҳрида - 2,6 фоизни кўрсатиб турибди.

2018 йилнинг январь, июнь ойларида вилоятимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг ошиши 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 104,9 фоизни, шу жумладан, деҳқончилик маҳсулотлари - 103,4 фоизни, чорвачилик маҳсулотлари - 106,1 фоизни ташкил қилди.

- Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тоифалар бўйича тақсимлаб кўрилганда қандай натижалар аниқланди?

- Хўжаликлар тоифалари бўйича таҳлиллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 69,6 фоизи - деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 27,4 фоизи - фермер хўжаликларига, 3,0 фоизи - қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келди.Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг улуши хўжаликлар тоифалари бўйича тақсимланиши туманлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори кўрсаткичлар барча туманларда деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келиши кузатилди.

2018 йилнинг январь, июнь ойларида ишлаб чиқарилган деҳқончилик маҳсулотларининг ҳажми 658 701,2 миллион сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 103,4 фоизни ташкил этди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 43,8 фоизни ташкил этаётгани ҳали бу борада қилиниши керак булган ишлар талайгина эканлигини кўрсатади.

Жорий йил деҳқонларимиз учун бирмунча қийин келди. Қиш фасли ҳамда баҳор ойида ёғингарчиликларнинг кам бўлганлиги ҳосилдорликка етарли даражада таъсир кўрсатди. Шундай бўлсада деҳқонларимиз томонидан 421 049 тонна бошоқли дон экинлари етиштирилди. Шундан 394 908 тонна буғдой, 46 277 тонна сабзавотлар, 12 957 тонна мева ва резаворлар, 8 890 тонна картошка, 2 450 тонна полиз, 539 тонна узум маҳсулотлари йиғиштириб олинди.

Асосий турдаги деҳқончилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари асосий ишлаб чиқарувчилари бўлиб қолмоқда.Ҳисобот даврида картошка умумий ҳажмининг 92,4 фоизи, сабзавотларнинг 79,1 фоизи, мева ва резаворларнинг 92,6 фоизи улар томонидан ишлаб чиқарилди. Дон экинларининг эса асосий қисми фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилди, ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулот ҳажмининг 96,4 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади.

- Воҳамизнинг иқлим шароити, ерларининг унумдорлиги, тоғ ва тоғолди ҳудудларида чорвачиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Шундай экан, чорвачиликда қилинган ишлар ҳақида тўхталсангиз?

- Жорий йилда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 803 097,3 миллион сўмни ёки 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 106,1 фоизни ташкил қилди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 53,4 фоизни ташкил этди.

Хўжаликлар томонидан тирик вазнда 86,7 минг тонна гўшт, 267,2 минг тонна сут, 158 032 минг дона тухум ишлаб чиқарилди.

Асосий турдаги чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда тирик вазнда гўштнинг умумий ҳажмидан 97,9 фоизи, сутнинг 98,2 фоизи, тухумнинг 66,8 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, балиқнинг 70,1 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Юртдошларимиз томонидан йилдан йилга чорвачилик, паррандачилик соҳасида фаолият юритиш учун дастлабки қадамларини ташлаётган ёш тадбиркор ва ишбилармон ёшларимизнинг сафи кенгайиб бормоқда. Бу эса келгусида соҳада янада улкан ишлар амалга оширилишидан далолатдир.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг шу даврига қадар аҳоли ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларида йирик шохли қорамолларнинг умумий бош сони 867,6 минг бошга, шу жумладан, сигирлар - 245,2 минг бошга, қўй ва эчкилар - 2 051,3 минг бошга, паррандалар - 3 151,0 минг бошга етгани кўзга ташланмоқда.Ўтган йилги маълумотлар билан солиштирадиган бўлсак, барча тоифадаги хўжаликларда йирик шохли қорамоллар бош сони - 27,5 минг бошга камайган, шу жумладан,қўй ва эчкилар - 122,2 минг бошга, паррандалар - 415,9 минг бошга кўпайди.

2018 йининг 1 июль ҳолатига йирик шохли қорамоллар бош сони тўғрисидаги маълумотларни хўжалик тоифалари бўйича таҳлил қилар эканмиз, йирик шохли қорамолларнинг 3,8 фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига, 94,8 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 1,4 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келишини қайд этиб ўтиш лозим. Шунга мос равишда қўй ва эчкиларнинг умумий сонидан 15,1 фоизи фермер хўжаликларига, 77,9 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 7,0 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келади. Шунингдек, паррандалар умумий сонидан 10,0 фоизи фермер хўжаликларига, 62,4 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 27,6 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келаётгани бу борада ҳам жадаллик билан истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Лазиз Маматқулов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!