Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-31-32
» » Экин майдони қисқарди, лекин ҳосилдорлик ошди... Қандай қилиб?

Экин майдони қисқарди, лекин ҳосилдорлик ошди... Қандай қилиб?

29 сентябрь 2018 йил
99
0
Жорий йил эрта кўкламда Жиззах вилоятида ҳосилдорлиги паст, иқтисодий самара бермайдиган 6 минг гектар пахта экиладиган майдон қисқартирилиб, 82 минг 900 гектар ерга чигит қадалди. Пахта майдонлари сезиларли қисқарган бўлса-да, давлатга пахта сотиш ҳажми камайган эмас.

Июль ойида ғўзанинг ривожланиш ҳолати таҳлил қилиниб, гектарига 35-40 центнер ва ундан юқори ҳосил оладиган фермер хўжаликлари ҳосилдорликни гектарига 2,1 центнерга ошириш бўйича қўшимча контрактация шартномалари тузилди. Шунинг ҳисобидан бу йил вилоятда давлатга 208 минг 600 тонна пахта сотиш мўлжалланган. 
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли деҳқонларнинг ердан, сувдан самарали фойдаланиб қилган меҳнатлари эвазига вилоятнинг барча туманларида мўлжалдаги ҳосил етиштирилди. Айниқса, Дўстлик, Арнасой, Пахтакор, Зафаробод туманлари далаларида аввалги йиллардан анча мўл ҳосил етиштирилди. 
– Ҳосил чўғини чамалаб, йил бошида тузилган контрактация шартномасини ўзгартирдик, – дейди Арнасой туманидаги "Толлиой она” фермер хўжалиги раҳбари Суннат Мавлонов. – Ҳар гектар ердан аввал белгиланган 26,6 центнер ўрнига 35 центнердан хирмон кўтаришни мўлжаллаяпмиз. Терилган пахта учун тўланадиган ҳақ оширилгани қишлоғимиздаги, туман марказидаги иш билан банд бўлмаган аҳолини мавсумда астойдил меҳнат қилишга рағбатлантирмоқда. Биринчи теримнинг ўзида ҳосилнинг 90 фоизига яқинини йиғиштириб олишни мўлжаллаяпмиз. 
Айни кунларда вилоятнинг барча туманларидаги пахтачилик фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ишлари қизғин бораётир. 
Бу йилги мавсумнинг ўтган йиллардан фарқи фақат пахта майдони камайтирилиб, ҳосилдорлик оширилганида эмас. Пахтакорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани мавсум муваффақиятли ўтишида асосий омил бўлаётир. 
Айниқса, ишчи кучи анча кам бўлган Жиззах вилояти учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қўлда терилган 1 килограмм пахта учун теримчига қўшимча 150 сўм устама ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм миқдорида нақд пулда кунлик устама ҳақ тўланиши белгилангани аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан теримчилар жалб этишда қўл келаётир. Вилоятнинг тоғли туманларида ва юртимизнинг Фарғона, Самарқанд каби аҳоли зич яшайдиган ҳудудларидаги иш билан банд бўлмаган аҳолидан ташкил топган ҳашарчилар отрядлари деҳқонларга яқиндан ёрдам бермоқда. 
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда вақтинча иш билан банд бўлмаган фуқароларни мавсумий иш билан таъминлаш учун шартнома асосида пахта йиғим-теримига жалб этаётир. Ҳашарчилар учун барча туманларда қулай меҳнат ва яшаш шароити яратилди. Хусусан, теримчилар ётоқхоналар, далага бориши учун махсус транспорт воситалари, озиқ-овқат билан таъминланаётир. 
– Гуруҳимиз "Бўстон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 119 нафар уюшмаган аҳолидан ташкил топган, – дейди Арнасой туманида пахта тераётган гуруҳ раҳбари Сакинабону Саидова. – Теримчиларимиз учун барча шароит яратилган. Далага келиш, кетиш учун махсус транспорт ажратилган. Оилавий теримчилар сафи ортяпти. Шулардан бири Хосият Самадовалар оиласидир. Хосият опа ўғли Аброр, келини Гулҳаёларни ёнига олиб кунига 250 килограммдан ошириб пахта теряпти. 
Айтайлик, бир теримчи бир кунда ўртача 70 килограмм пахта терса, 66 минг 500 сўм ишлаб топиши мумкин. Пахта мавсумини ўртача 40 кун деб, уни бир кунлик 66 минг 500 сўмга кўпайтирилса, 2 миллион 600 минг сўм бўлади. Бу агар бир оилада уч киши теримга чиқса, мавсум давомида қарийб 8 миллион сўм ишлаб олади, деганидир. Бундан ташқари, теримчиларнинг пахтазорга етиб бориш, яшаш ва тушлик қилиш, транспортдан фойдаланиш каби харажатлари иш берувчилар томонидан қопланаётир. 
– Мен Фориш тумани Сайёд маҳалласида яшайман, ишсизман, – дейди Адолат Назарова. – Мени пахта теримига таклиф этишганида бажонидил рози бўлдим. Бу йил бир килограмм пахта биринчи теримда 950 сўм, иккинчи теримда 1 минг 150 сўм, учинчи теримда 1 минг 300 сўм қилиб белгилангани меҳнат қилган одам учун яхшигина даромад. Оиладан уч киши теримга келганмиз. Бу ишда қатнашиб ҳам оиламизга, ҳам мамлакатимиз иқтисодиётига наф келтиряпмиз. 
Бугун вилоят далаларида Фарғона вилояти ва Зарафшон воҳасидан келган кўплаб ҳашарчилар меҳнат қилаётир. Деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олишдек масъулиятли мавсум одамларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда. 
Тошқул Бекназаров
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар