» » ҲОЮ-ҲАВАС ЎТКИНЧИ, ФАРЗАНДИНГИЗ БАХТИНИ ЎЙЛАНГ

ҲОЮ-ҲАВАС ЎТКИНЧИ, ФАРЗАНДИНГИЗ БАХТИНИ ЎЙЛАНГ

16 октябрь 2018 г 2 401 Комментарии: 0

Орзулари бир олам, қалбида шодлик-ҳавас туғёни ғужғон ўйнаётган пок ниятли юртдошим. Бугунги дориломон кунларга етганимизга шукроналар бўлсинким, армонлар чекинди, мақсад-муддаомиз ижобатига мушарраф бўлдик.

Ўзига бек ўзбегим! Ўзлигимизқадр-қимматини ҳамиша гард юқтирмай покиза асрай билишгақодир ор-номусли забардаст, бир-бировига камарбаста миллат эканлигимизни улуғлаб яшамоқлик халқимизга хос фазилат.

Азизлар, тўй миллат маънавиятининг ёрқин кўриниши эканлигини қалбанҳис этамиз. У халқимизнинг кўп йиллик тарихига эга маросимларидан бири ҳисобланиб келингани баробарида тарбиявий аҳамиятга моликлиги ҳам унутилмаслиги керак.

Тўй – орзу-ниятлар рўёби. Ўғил ёки қиз ўстираётган ҳар бир ота-она фарзанди бахти-камолини кўрмоқ ниятида тўй тадоригини бошлайди. Йиллар давомида бирини икки тугиб, йиғинади. Тўйга тайёрланиб борилгани маъқул. Ахир, бировда имконият етарли бўлса, бошқа бировнингқўли калта.

Бир қарашда бундан камчилик қидириш одобдан эмасдек туюлади. «Болаларим улғайгач эл-юртга дастурхон ёзиб, тўю томоша қиламан» деган ниятнинг нимаси ёмон?

Аммо, сўнгги пайтларда ўтказилаётган тўйлар бундан 30-40 йил илгаригиларидан тубдан фарқланади. Ҳозирги тўйлар ким ўзарига ўтказилаётгандай, назаримизда. Ҳою-ҳавас дея ташкиллаштирилаётган даҳмазалар керакми?

Элдан қолмай деб, данғиллама тўй қилиб, бор будини сарфлаб, қарзга ботганлар қанча? Йиллар давомида меҳнат қилиб йиғилган сармояни бир кунда совуриш тўғрими? Маблағни зарурати йўқ ортиқча чиқимларга эмас, оиланинг кундалик зарурати учун сарфлаш ҳақида ўйламоқжоиз.

Тўйга емоқ-ичмоқ учун эмас (бу иккинчи даражали), дийдорга тўймоқ учун борилади. Тўй баҳона узоқ-яқиндаги таниш-билишлар, ёру дўстлар дилдан суҳбат қуриб, дийдорлашиш ниятида боришади. Тўйнинг биринчи даражали тамойили дийдорга тўймоқ.

Тўй-маъракаларимиз шахсий ишимиз эмас, жамият манфаатига дахлдор ижтимоий, оилавий-оммавий масала эканлигини тушуниб етмоғимиз, ён-атрофимизга бефарқлик билан эмас, бевосита жавобгарлик ҳисси билан қарашликҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз даркор. Ортиқча даҳмазалару, бефойда одатлар кимга керак?

Тўйлардаги даб-дабабозликларга барҳам берилиши лозим. Исрофгарчиликларнинг олдини олиш бобида тарғибот-ташвиқот ишларини такомиллаштира бориш давр талаби. Ҳар бир ота-онанинг, бобо-ю бувининг орзуси оқила, зукко, лобар қизларимизнинг жуфти ҳалоли билан тотувликда умр гузаронлик қилиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечирмоқларига гувоҳ бўлишдир. Ана шундай эзгу тилаклар билан қизларимиз, невара-ю эвараларимиз тиниб-тинчиб, ўзларидан кўпайишини ният қилиб, ўзга хонадонга узатилади.

Аччиқ бўлсада очиғини айтган маъқул. Кейинги пайтлар бир қатор тўйларда дабдабабозлик, исрофгарчиликлар томир отиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Сеп-сидирға, сарполарни кўз-кўз қилиш, мебеллар, олди-бердилар маш-машалари, келин-куёв навкарлар кийим-боши, автомобиллар кортежи, сон-саноқсиз тоғора-ю саватлар хилма-хиллиги…

Тошкенту Самарқанд, Фарғона водийсида тўйлар ким ўзарига ўтказилаётгани одат тусига кириб бормоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида келин кўйлакларнинг ўртача нархи 1000 доллар, машиналар кортежи 300 – 400 доллар, Самарқанд шаҳрида икки ёшнинг бошини қовуштириш сарф-харажатлари пойтахтдагидан ошса ошадики, кам эмас. «Элдан чиқмаслик» таомилига риояқилишга мажбур бўлган оддий оилалар учун қимматга тушаётир, сўнгги пайтларда ўйлаб топилаётган бу удумлару урф-одатлар.

Фарғона водийсида қиз узатган хонадон тўйдан кейин куёвникига 40 кунгача турли егуликлар юбориб туриши анъанага айланган. Бу удум Андижонда «мазар» номи билан аталади. Саватлаб ширинликлар, таомлар, совға-саломлар, улар қаторида тортлар…, куёв учун сарпо, куёв жўралар учун совға-саломлар юборилади. Шу тариқа «кичик мазар» учун келин тараф ўртача 2 миллион сўм атрофида харажатланади. Тўйдан саноқли кунлар аввал уюштириладиган «катта мазар» маросимида эса келин тараф икки баравар ортиқ харажатқилмаса,ҳисобмас. Тўйдан сўнгги мазарлар ҳақиқий бош оғриғидан ўзга ҳолат эмас.

Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар деганларидек, чиқимдор бўлиб қолган тўй соҳиби охир оқибатқарзга ботиб қолаётгани мудҳиш ҳодиса. Начора, олмоқнинг бермоғи бор деганларидек, қарз берган инсон вақти келиб, ҳақини сўрайди-да. Бу мушкулот қаршисидаги инсон дарди-ҳасратини кимга изҳор айласин?!

Қадри қиммат юртдошим, шу йилнинг 18 январида Актюбинск вилоятидаги автобусҳалокатида 52 нафар юртдошларимиз ҳаётдан кўз юмганликларидан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлгансиз. Марҳумларнинг 11 нафари Андижон вилояти Тўрақўрғон тумани «Катта Қурама» маҳалласидан. Улар орасида шу маҳалланинг Янгиобод кўчасидаги бир хонадон соҳиби, ёнғиндақолганларнинг катта ёшлиси Олимжон Сулаймоновҳам бўлган.

Ҳайдов тракторини бошқариб топгани билан рўзғорини тебратиб келган Олимжон Сулаймонов 20 кунча аввал тўнғич қизини узатиб, тўй харажатларидан бир мунча қарздор бўлиб қолган. Россияга бориб ишлаб келишга қарор қилиб, 15 январь куни йўлга чиққан оила соҳибиқадрдон гўшаси ва яқинларини бутунлай тарк этишини билганида эди… Беваликқисматини бевақт қабул қилган аёли, айниқса, келинлик либосларининг тахи бузилмай отасидан айрилган қизининг, оила аъзоларининг оҳу фарёдлари кўкка ўрлади.

Тўй ўтказишдаги ким ўзар пойгаларга барҳам берилиши керак. Улинг кам, булинг кам, мебелларинг импортний эмас, сарпо-суруқларга қараб баҳо бериш, қудалар орасидаги совуқмуносабатлар давом этаверса, орзу-ҳавас билан янгидан қурилган оила дарз кетиши мумкин, Оллоҳ шунисидан асрасин, бегуноҳ гўдаклар тирик етимга айланмасинлар.

Маълумотларга қараганда мамлакатимизда сўнгги бир йилда 31 минг оилавий ажралиш кузатилибди. Оилалар тотувлигини таъминлашда маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизларқўмиталари, Ёшлар иттифоқи уюшмалари, жамики меҳнат жамоалари, муассасалар вакиллари, кенг жамоатчиликқатъийлик билан иш тутиб, фаолликни оширишлари мақсадга мувофиқ.Ҳамма бир мақсад йўлида ҳамфикрликда иш тутса, ечими топилмайдиган муаммо йўқ.

Турсунбой ХУДОЙБЕРДИЕВ,

фахрий журналист, матбуот аълочиси.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!