Сайт тест режимида ишламоқда.
ЎЗБЕКЧА | РУССКИЙ

Телефонлар:
(0372) 226-00-11
(0372) 226-05-21
» » Форишнинг Можарм (можурум) қишлоғи ҳақида

Форишнинг Можарм (можурум) қишлоғи ҳақида

17 май 2018 йил
263
0

Жой номлари ҳам бошқа миллий қадриятлар сингари бебаҳо маънавий ёдгорликдир.

Уларда маҳаллий халқнинг яшаш тарзи, касб-кори, қарашлари, маданияти, маънавияти ўз аксини топган. Жой номи қанча қадимий бўлса, унинг маъноси шунча мавҳумлашади. Шу боис, узоқ тарихга эга бўлган номларни вақти келиб мутахассислар илмий жиҳатдан ўрганиб, улар замирида яширинган ҳақиқатни излаб топишар. Порашт, Арсаф, Ўхм, Ҳоят, Андагин, Можарм каби қишлоқлар ҳам ана шундай тарихий номларга эга масканлардир. Уструшонанинг ғарбий чегарасида ва камида икки минг йиллик тарихга эга бўлган ушбуҳудуд нафақат ўз фарзандлари, балки атрофдагиларнинг ҳам назарида бўлиб келган.


Тарихий манбалардан маълумки, табиати мафтункор, деҳқончилик ва чорвачилик ривожланган, халқи тўқ бўлган Уструшона ўлкаси ҳамма замонларда турли ҳукмдорлар эътиборини тортган. Хусусан, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида ушбу минтақа учун, доимий тортишувлар бўлиб тургани, ҳар иккала ҳукмдорҳам ўлкани ўзиники қилишгаҳаракат қилгани маълум. Боз устига Нурота тоғларининг шимолий этагидан Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Шош каби тарихий шаҳарларни бир-бири билан туташтирган энгқисқа карвон йўли ўтган.

"Ислом фатҳлари” китобида ёзилишича, кўплаб тарқоқ ҳукумдорлар қўлида бўлган Уструшона ўлкасига ислом дини VIII асрнинг биринчи яримида, яъни милодий 712 йил етиб келган. Маҳаллий аҳолини ислом динига киритиш дастлаб қаттиқ қаршиликка учраган бўлсаҳам, аммо вақт ўтиши билан ислом таълимоти ерли халққалбига мустаҳкам ўрнашди. Натижада, ислом дини бу ҳудудда равнақ топди ва маҳаллий халқнинг маърифатга ва илму фанга бўлган иштиёқи аста-секин ривожланиб борди.

Тошкент Ислом университети мударриси (арабча, дарс берувчи), устоз Рустамжон Раҳматуллозода ўзининг "Аждодлар меросига эҳтиром” (2006 й.) номли рисоласида, бундан 1200 йил бурун ушбу ҳудудда муқаддас ислом дини анча равнақ топганлиги ва ўша даврда бир қатор алломалар етишиб чиққанлигини аниқ далиллар ёрдамида баён қилган. Можармлик алломалар ҳақида ота-боболари арабларнинг самъон қабиласига алоқадор, лекин Марв шаҳрида туғилган Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний ал-Марвазий (1112, Марв - 1167) нинг 1156 йилда Самарқандда ёзган "Китоб ул-Ансоб” (баъзан Ансоби Самъоний ҳам дейилади) номли тарихий-географик ва этнографик асарида маълумотлар борлиги аниқланган.

"Китоб ул-Ансоб” асари араб тилида ёзилган, уни араб сайёҳи ибн ал-Асир (1219 йили), ва кейинча ас-Суютий (1469 йили) таҳрир қилиб, қайта нашр қилганлар. Ўзбек олимларидан географ Ҳ.Ҳасанов (1964 й.), тарихчи Ш.Камолиддинов (1993 й.) уни илмий жиҳатдан тадқиққилиб, мақолалар эълон қилишган. Ўзбек Миллий энциклопедиясида (2004 й. 7 жилд, 483 бет.) Самъоний ҳақида батафсил маълумот берилган. Беш жилддан иборат "Китоб ал-Ансоб” ("Нисбалар китоби”) китоби 1988 йили Байрутда (Ливан) ҳам чоп этилган. Абдулғафур РаззоқБухорий ва Комилжон Раҳимов бу китобдан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижодқилган алломалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаб, уларни араб тилидан ҳозирги ўзбек тилига таржима қилиб, "Насабнома (Ал Ансоб)” (2003 й.) номи билан чоп этишган.

Устоз Р.Раҳматуллозода Байрутда чоп этилган мазкур асарнинг бешинчи жилдининг 155-156 бетларида Можармий ва Пораштий нисбаси билан танилган алломалар ҳақида маълумотлар борлигини аниқлаб, ундан нусха кўчириб олганлар. Нусха олинган саҳифалар маъноси ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун, содда ва равон тарзда тўлиқ ўзбек тилига таржимақилинган. Биз, устоз Р.Раҳматуллозода томонидан чоп қилинган матнни ўзгаришсиз, таҳрирсиз беришни маъқул топдик: "Можурум (тўғриси, Можарм - Ҳакимов Қ.) Самарқандқишлоқларидан. Можурум қишлоғидан етишиб чиққан алломалар Ал-Можармий нисбат билан танилганлар. Асад ибн Али ибн Тугайрил ал-Можармий ва амакиларининг ўғли Абу Саъд Бакр бин Марзабон ибн Тугайрил ал-Можармий. Икковлари ҳам Абд ибн Ҳумайд ал-Кеший ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ривоят қилганлар.

Асад ал-Можармийдан эса Абулҳасан Муҳаммад ибн Абдулло ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Қоғазий ҳадис ривоят қилганлар. Абу Саъд ал-Идрисий (Самарқанд ва Насаф шаҳарлари тарихи ҳақидаги китоб муаллифи) айтадилар: Менга пораштлик Муҳаммад ибн Абдулло Самарқандда яшовчи бобоси Муҳаммад ибн Ҳасан Пораштийнинг ўз қўллари билан ёзган китобларини бердилар, унда қуйидагиларни ўқидим: Ҳижрий 321 (милодий 933) йилнинг сафар ойида Абу Али Тиморий ал-Ҳакимнинг уйида Абд ибн Ҳумайд ал-Кешийнинг "Тафсир” китобларини, Бакр ибн Марзабон ибн Тугайрил ал-Можармийдан таълим олдик.

Бакр ибн Марзабондан Абд ибн Ҳумайдан таълим олиш учун борган йилингиз қачон эди, деб савол берилди. У киши айтдилар: Амакимни икки ўғли Асад ибн Али ва Ҳасан ибн Али билан бирга таълим олиш учун сафар қилдик. Ўшанда ҳижрий 249 (милодий 864) йили Муҳаррам ойи эди. Абд ибн Ҳумайд ал-Кеший бизга "Муснад” ва "Тафсир” китобларини бошдан охиригача тўрт ой давомида ўқиб бердилар. Биз "Муснад” ва "Тафсир” ни эшитиб ва ёзиб олишдан ҳижрий 249 йилнинг Рабиул-ахир ойида фориғ бўлдик. Мен ўшанда 15 ёшда эдим. "Муснад” ва "Тафсир” ни Кешда ёзиб олдик. Бизнинг котибларимиз Умар ибн Валид ас-Самарқандий ва Абу Сайид Хўжандий эдилар. Шунда биз билан Нуҳ ибн Жаноҳал-Можармий, Умар ал-Можармий, Собир ибн ал-Мутаваккил ал-Можармий ва Шуайб ибн Кинжал ал-Можармийлар бирга эдилар.”

Устоз Р.Раҳматуллозода юқорида номлари тилга олинган аллома боболарини фарзандларимиз танисинлар, қилган хизматларини билсинлар, ўзларига тегишли хулосалар чиқарсинлар ва энг муҳими берилган бебаҳо умрларини маърифатга, илм-фанга сарфқилсинлар деган маънода бу ишни амалга оширганларига шубҳа йўқ. Дарҳақиқат, ёшларимиз орасидан ал-Можармий боболаримиз каби улуғ алломалар етишиб чиқишини бизҳам Яратгандан тилаб қоламиз.

Қишлоқда "Ҳазрати Зайнулобиддин” зиёратгоҳи номи билан машҳур бўлган муқаддасқадамжо ҳам бор. Маҳаллий халқ орасидаги ривоятга кўра, ҳазрати Зайнулобиддин душманлар қўлида шаҳид бўлганлар, таналари қишлоқ қабристонига кўмилган бўлиб, бошлари Чустга олиб кетилган. Табаррук зотнинг насл-насаблари ким, қаерда туғилганлар вақандай бу қишлоққа келганлар деган саволлар барчани қизиқтириши аниқ. Мана шу саволлар жавобини қисман бўлса ҳам домла Р.Раҳматуллозоданинг "Аждодлар меросига эҳтиром” (2006 й.) номли рисоласидан топдик.

Устоз томонидан аниқлаган маълумотлар бўйича, мазкур саволларга жавобни фақат "Хазинат ул-асфиё” китобидан топиш мумкин. Китобда бир ярим минг авлиё ҳақида маълумот берилган. Домла асарни мутолаа қилиб мусулмон оламида икки зот Зайнулобиддин лақабини олганлигини аниқлаганлар. Биринчи бўлиб бу лақабга ҳазрати Али ибн Ҳусайн ибн Али ал-Муртазога сазовор бўлганлар. Зайнулобиддин лақаби билан танилган иккинчи зот, эса ҳазрати Алининг 25 авлоди вакили Сайид Алоуддин.

Домла Р.Раҳматуллозода "Хазинат ул-асфиё” китобида ҳазрати Алининг ўн иккинчи авлоди бўлган Сайид Абдулқодир Желонийнинг (1077-1166) невараларидан бири шайх Сайид Жамуллоҳ Самарқандда истиқомат қилганлари ҳақида маълумотлар борлигини аниқланганлар. Шу маълумотга асосланиб, Сайид Жамуллоҳнинг кейинги авлодларидан бири Сайид Алоуддин, нисбалари Зайнулобиддин Самарқанддан Можарм қишлоғига келганлар ёки келтирганлар деб тахмин қилганлар. Бундан шундай хулоса чиқадики, қишлоқ зиёратгоҳи ичидаги қабр Зайнулобиддин лақаби билан танилган Сайид Алоуддинга тегишли.

Ҳазрати Зайнулобиддин Ногур йўлида қароқчилар қўлида шаҳид бўлганлари манбада келтирилган бўлса, ҳам аммо Ногур йўли қаерда, ким ва нима сабабдан у кишининг жасадини Можарм қишлоғига олиб келганлари ҳозиргача маълум эмас. Ўйлаймизки, кейинги тадқиқотлар давомида бу масала ҳам ойдинлашади.

Қишлоқ номи ҳақида ҳам қисқача маълумот беришни лозим топдик. Ном расмийҳужжатларда Можурум шаклида ёзилса, ҳам аммо маҳаллий халқуни Можарм деб талаффузқилишади. Айрим тарихий манбаларда қишлоқ камида икки минг йиллик тарихга эга эканлиги қайдқилинган. (Б.Кармишева,1964). Бу хулосани қишлоқ ҳудудидаги табиий ёдгорликлар, тошбитиклар ва микротопонимлар ҳам тасдиқлайди. Бундан ташқари Можарм сўзи қадимий сўғд тилига тегишли, уни илмий этимологияси ҳозиргача аниқланмаган, деб изоҳловчилар ҳам бор. (М.Нурназаров, 2000). Маҳаллий халқ кўпинча қишлоқ номини араб тилидаги можаро сўзига алоқадор деб ҳисоблайди. Можаро - тортишув, мунозара, баҳс маъносида. Можарм - кўп мунозара қиладиган, тортишувларга сабаб бўладиган, баҳсталаб одамлар яшайдиган қишлоқ. Бу талқин халқона этимологиядан бошқа нарса эмас ва уни айни ҳақиқат деб қабулқилиб бўлмайди.

МутахассисларҚашқадарё (Қамаши, Чироқчи,Ғузор) ва Самарқанд (Пахтачи, Нарпай) вилоятларида Можар номли қишлоқлар борлигини қайд қилишган. (С.Қораев, 2006). Олимларнинг ёзишича, можар умумтуркий этноним. Масалан, туркий халқларнинг саройқабиласи таркибида можарсарой уруғи борлиги аниқланган. (Т.Нафасов, 2009). Шу сабабдан, можар ва можарм сўзлари орасида қандай умумийлик ва тафовутлар борлигини мутахассислар синчиклаб ўрганишса мақсадга мувофиқ бўлади.

Норасмий маълумотларга қараганда, ўтган асрнинг бошида Можарм қишлоғида - 600, Кочакқишлоғида - 80, Андагин қишлоғида - 60 хўжалик аҳоли яшаган. Дастлаб барча аҳоли Можарм қишлоғида истиқоматқилган, кейинча аҳоли сонининг кўпайиши билан уларнинг бир қисми Кочак ва Андагин қишлоқларига кўчиб ўтган дейишади. Собиқ мустабид тузум нафақат маҳаллий халқнинг маънавий қадриятларини чеклаган, балки муборак динимизнинг таъқиқлаган, саводли кишиларни қулоқ қилган ва бу уч қишлоқ аҳолисини мажбурий кўчирма қилган.

Қатағон йиллари якка ҳоким бўлган комфирқа кўрсатмаси билан ўтган асрнинг 40-чи йиллари бошида можармликлардан 55 оила мажбурий тарзда ҳозирги Сирдарё туманиҳудудига кўчирилган. Худди шундай сиёсат 50-чи йиллар бошида ҳам амалга оширилган. Бу сафар маҳаллий халқнинг бир қисми Тошкент вилояти Пискент туманига, қолган қисми турли ҳудудларга, жумладан, Мирзачўлни ўзлаштиришга жалб қилинган. Шўролар зуғуми туфайли Можарм, Кочак ва Андагин қишлоқлари ҳувиллаб қолган.

Бугунги воқелик шундайки, можармликлар Пискент туманида (тахминан 500 хўжалик), Сирдарё ва Жиззах вилоятларида (тахминан 700 хўжалик), ҳамда Жанубий Қозоғистон вилоятида (тахминан 1500 хўжалик) истиқомат қилишади. Можармлик оилаларни бугун нафақат Марказий Осиё давлатлари ҳудудида, балки Россия, Европа мамлакатлари ва ҳатто Америкада ҳам учратиш мумкин. Эътиборли томони шуки, можармликлар қаерга кўчиб бориб, муқим яшаб қолган бўлсалар, ўзларидан фақат яхши ном қолдириб келмоқдалар.

Қишлоқ ҳудудида маҳаллий аҳолининг асрлар давомида банд бўлган боғдорчилик фаолиятидан далолат берувчи мевали боғларни учратиш мумкин. Улар асосан ёнғоқ, тут, олма, ўрик, беҳи, узум, нок каби мевали дарахтлардан ташкил топган. Тоғ ён бағриларида аччиқ бодом ва ёввойи писта кўп учрайди. Бугунги кунда қишлоқ ҳудудида Марказий Осиё минтақасида жуда кам учрайдиган дарахт - Шарқий биота ҳам сақланиб қолган. Ёши тахминан икки минг йилдан зиёд бўлган мазкур биотани маҳаллий халқсаври кабуд - "яшил савр” дейишади. Унинг айланаси салкам 10 метрни ташкил этади.

Қўчқор Ҳакимов

Жиззах давлат педагогика институти,

География ўқитиш методикаси кафедраси

профессори

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар